Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Бугуннинг гапи

Ношукур бўлмайлик!

Яқинда телевидениеда Сурияга бориб террорчилар сафига қўшилган ҳамда ўз Ватанига хиёнат қилганлар ҳақида кўрсатув берилди. Оналар фарёди, оталар афсус-надомати қалбимни жунбушга келтирди. Нафақат жунбушга келтирди, гўёки бетимга тарсаки тушгандай бўлди. Зеро, кимнингдир юртга хиёнати ҳар биримизнинг кўксимизга ханжардек қадалиб, юракда оғриқ уйғотади. Бунча ношукурмиз, замондош!

Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, яхши замонларга етдик. Ҳаётимиз фаровон, осмонимиз беғубор, юртимиз тинч. Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт янги босқичга кўтарилди. Қишлоқларимиз шаҳардан қолишмас даражада кўркамлашди. Болаларимиз ҳар жиҳатдан доно, зукко ва билимли. Аммо гурунч курмаксиз бўлмас, деганларидек, шундай дориломон кунларнинг қадрига етмай, замонадан нолийдиганлар борлиги ғоят таассуфли. Иш йўқ, шароитим оғир, деган баҳона билан мур¬ғаккина гўдакларини ташлаб, хорижга иш излаб кетганлар ора-чорада учраётгани эса ундан-да аянчли. Ваҳоланки, юртимизда ишлайман деганга барча шароит муҳайё. Президентимиз ёшларга ҳам, кексаларга ҳам чексиз имконият бериб қўйибдилар, нега фойдаланмаймиз? Кичик бизнесга кенг йўл очилган, имтиёзли кредит олиб ишингни йўлга қўй, ҳам сенга фойда, ҳам давлатга! Пул йўқ, иш йўқ, деб айюҳаннос солиб, тўрва-халтасини кўтариб хорижга иш излаб кетаётганларга "эй, биродар, ундан кўра томорқангда ишла, тадбиркорликни ўрган", дегим келади. Шукур қилмоқни одат қилайлик! Ахир чет элда алданиб, хор-зор бўлганлар ҳақидаги хабарларни кунора эшитиб турибмиз-ку!

Қишлоқда яшаб, иморат қурганмисиз? Лойга кириб, тупроқ чангаллаб устодорлик азоби нелигини биласизми? Шу кунларда Президентимиз ташаббуси билан қишлоқларда янги лойиҳа бўйича арзон нархдаги намунали уйлар қурилмоқда.Ота-боболаримиз орзу қилган бу уйларда барча шароитлар яратилиб, уларнинг узоқ йиллик кредит асосида берилаётгани қишлоқ аҳлининг қаддини кўтарди. Бундай уйларда роҳатланиб яшасагу, фарзандларимизнинг моддий аҳволини хиёнатчилар юборган маблағ эвазига ўнгламоқни ихтиёр этсак, нонкўрлик эмасми?! Бизга нима етишмаяпти, ўзи!? Наҳот маънавиятдан моддият шу қадар устун!

Касбим тақозоси билан хотин-қизлар ҳаёти билан яқиндан танишиш учун қишлоқ айлансам, ишга нўноқ, аммо гапга жуда чечан аёлларимиз борлигидан уялиб кетаман гоҳо. Қишлоқда яшаб, сигир соғмаса, сут пиширмаса, гуппи чалиб айрон қилмаса, болаларига ҳар эрталаб ширчой пиширмаса, бундай хонадонда барака бўлармиди? Ахир қорамол нақ хазинанинг ўзи-ку! Сигири бор хонадондан сут, қатиқ, қаймоқ, сариёғ аримайди. Ҳар йили сигир болалайди, бузоғини сотса пул бўлади. Бунинг учун меҳнат қилиш керак, албатта. Жонини койитгиси келмаган баъзилар эса мол боқишдан орланишади, рўзғор танқислигидан эса нолигани-нолиган.

Ўтмишда бувиларимиз, момоларимиз не-не кунларни кечиришмаган. Қаҳатчилик, уруш йиллари, ундан сўнгги тикланиш даври уларнинг ёшлигини ўғирлагани рост. Аммо шундай оғир кунларда ҳам улар орасидан ҳаётдан нолигани топилмаган.Болалари ватанфуруш бўлиб вояга етмаган. Чунки улар тежамкор, тадбиркор, уқувли, шу билан бирга зиёли ҳам бўлишган. Рутубатли қиш кунларида сандал атрофига ўтириб, қора чироқ ёруғида пахта ситиб туриб навоийхонлик, машрабхонликлар қилишган, болаларига эртагу достонлар айтиб беришган. Бир этак ёш болани парваришлаб, уларнинг устини бутлаб, чеварлик ортидан рўзғорни бадастир этишгани айни ҳақиқат.

Шу кунларда биз, бир гуруҳ фаоллар аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишмоқ мақсадида хонадонма-хонадон юрибмиз. Чекка қишлоқдаги бир ҳовли дарвозасини қоқдим. Уй эшиги очилиб, қадди-қомати келишган, дид билан кийинган қирқ ёшлардаги аёл оёғидаги қимматбаҳо шиппагини босайми-босмайми дегандек саллона қадам ташлаб мен томон кела бошлади. Унга ҳавасим келди. Ҳусни малоҳатда тенги йўқ экан. Кийимлари бирам ярашиб турибди. Назокат билан юришини-чи! Ақлу заковатда ҳам бебаҳо бўлса керак, де¬диму, уни ўзимга таққослаб, кўринишимдан уялдим. Негаки, доим шошилиб юраман. Ўзимга қарашдан кўра ишим муҳим кўринади. Мана, 65 га чиққан бўлсам-да, уй ва томор¬қа ишларини тугатгачгина хотиржам бўламан.

Аёлнинг тавозе билан берган саломидан хаёлларим бўлинди. Ҳовлига кирдик. Шинамгина хонадон. 8 сотих томорқага тариқ экилган, аммо ўрилмай турибди.У ўзини таништириб, муаммо ўрнида нарх-наво қимматлигидан нолий кетди. "Битта қовоқ бунча, бир кило картошка унча, бир кило пиёз фалон пул, бир кило исмалоқ тўрт минг сўм," дея жаврай бошлади.

—Сингилжоним, қишлоқда яшаяпсизми, яшашни билинг-да, нолишни эмас, —дея унга насиҳат қилган бўлдим.—Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Ватанимиз тинч-осуда. Шундай жаннатмакон ўлка яна қаерда бор? Кузда дастурхондай жойга пиёз эксангиз, қиши билан кўкини ейсиз, баҳорда бош пиёз бўлади. Кўрпачадай жойга картошка эксангиз, олмадай бўлганидан кейин кавлаб еяверасиз. Бир парча жойга исмалоқ эксангиз, тўрт қулоқ бўлганидан бошлаб дастурхонингиз кўкатли таомлардан файзга тўлади. Тўрт минг сўм сарфлашга на ҳожат, синглим. Ортиқчасини бозорга чиқарсангиз, ҳамёнингизга пул киради. Помидор эксангиз, йил бўйи ундан ҳосил оласиз. Уддабурон бўлсангиз, ундан тайёрлаган салату тузламалар қиш бўйи болаларингизга мадор бўлади. Излаган имкон топар, деганлари шу-да!

Гапимни тугата туриб: "Бизнинг хонадонда эса бозордан ҳеч нима сотиб олинмайди, рўзғорга керакли ҳамма нарса томорқада етиштирилади, демак, умрим беҳуда ўтмабди", дедиму, ич-ичимдан ўзимнинг шошиб-пишиб юришимдан фахр¬ландим.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки,эндиликда юртимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Бу йўлдаги илк одимлар эса инсон манфаатларига дахлдорлиги билан аҳамиятли. Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан оқилона ўйлаб, белгиланаётган устувор тамойилларда аввало халқ манфаати назарда тутилмоқда ва у ҳамма нарсадан устун қўйилмоқда. Демоқчи бўлганим, хулоса чиқарайлик, азиз опа-сингиллар, фикр қилайлик, ўзгарайлик, замондошлар! Тадбиркорлик ҳаётимизнинг бош мезо¬нига айлансин. Янгича фикрлаб, янгича яшашни ўрганайлик. Ёшларимизнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш учун аввало ўзимиз уларга ибрат бўлайлик. Айтаётган сўзимиз ва бажараётган амалимиз бир бўлсин!

Муқима ПЎЛАТОВА, Ғиждувон тумани, "Қорахони" қишлоқ фуқаролар йиғини.

:: орқага № 31, 15.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.