Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

"Маънавият — инсон кўрки" танловига

Китобхонлик — маънавий камолот гарови

Инсон деб аталмиш Яратганнинг буюк хилқати онги, тафаккури ва маънавияти билан бошқа барча мавжудотлардан устун туради. Унинг мукаммаллик сари интилишида энг яқин дўст – бу, шубҳасиз, китобдир. Китоб ғамгин кунларимизда ҳамдард, бахтли, шодумон кунларимизда дўст ва содиқ сирдошдир.

Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишини ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради.

Тарихдан бир мисол: бухоролик буюк аллома, мутафаккир, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино гўдаклик чоғиданоқ илмга қизиқувчанлиги сабаб бобосидан қолган тиббий китобларни ўрганишга киришади.

Муқаддас ҳадиси шарифда "Бешикдан то қабргача илм изла!" дея уқтирилган ҳикматнинг асл маъноси нимада экан? Умуман ўқишга даъват қачондан бошланган ва ўқиш-ўрганиш учун фақат устоз-муаллим бўлиши шартми ёки инсон зоти мустақил фикрлаб, изланиб, ўқиб-ўрганиб ҳам камолотга эришуви мумкинми!? Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримда биринчи даъват "Иқро"–"Ўқи!" дея илм олишга ундов билан бошланган бўлса, шу китоб¬да 700 марта "Ўқи!" каломи учрашини олимлар аниқлашган. Демак, инсон зоти камолотининг асоси ўқишда, китоб варақлашда ва унинг маъноларини уқиб олиб, ҳаётга татбиқ этишида экан.

Хўш, ҳозирги кунда ёшларимизнинг китобга ва китобхонликка муносабати, савияси қай даражада? Глобаллашув асрининг энг кенг тарқалган элементларидан бўлган интернет орқали хоҳлаган маълумотларни бир сонияда топиб, ўқиб-ўрганиб олишига имкон бўлган пайт¬да катта-катта томлардан иборат китобларни ўқишда ўзларида журъат топишяптими?

Гап шундаки, бугунги кун ёшларининг каттагина қисми ҳар бир муаммони ҳал этишда осон йўлни қидиришга ўрганиб қолган.

Шунинг билан бирга бадиий адабиётга муносабат хусусида гапирадиган бўлсак, юқоридаги камчиликлардан қолишмайдиган ҳолатга дуч келамиз. Тарих шундан гувоҳлик берадики, ўз даврида машҳур бўлган Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романини ўқиш учун одамлар ҳаттоки, мазкур китобни 40 та қўйга алмаштирган эканлар.

Ваҳоланки, бугунки кунда айрим талаба-ёшларнинг маънавий савиясини билиш мақсадида шу китобдан бирор савол бериб кўрсак: "Устоз, бу асар бўйича ишланган бадиий фильмни кўрганмиз, уни энди ўқишнинг қизиғи йўқ" деб айтишади. Айтиш жоизки, муаллиф тақдим этган романни тўлалигича кинотасвирга туширишнинг имкони йўқ, ёхуд асардаги қаҳрамонларнинг ҳиссиёти, ўй-кечинмаларини тўлалигича суратга тушириб кўрсатиб бўлмайди. Ҳеч бўлмаганда шу китобни харид қилишнинг имкони бўлмаса, кутубхоналаримизда унинг лотин ва кирилл ёзувидаги нусхалари бисёр. Фақатгина уни олиб ўқиш учун истак ва хоҳиш бўлиши керак, холос.

Ҳозирги замон тиббиёти китоб мутолаасини нафақат маънавий камолот, балки тиббий даволаш услуби сифатида тавсия этмоқда. Тажриба сифатида руҳий касалликлар шифохоналаридан бирида асаби таранг беморларга руҳий сокинликка эришиш мақсадида "библиотерапия" муолажаси тавсия қилинган. Натижа ижобий бўлиб, бемор аҳволи яхшиланган ва ҳаётга теран назар билан қараб, ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бера оладиган соғлом инсонлар сафига қайтган.

Жорий йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тар¬қатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармо¬йиши қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда мамлакатимиз аҳолиси, хусусан ёшларимиз орасида китобхонлик маданиятини янада кучайтириш мақсадида бир қанча амалий ишлар қилиниши ҳақида тўхталиб ўтилган.

Дарҳақиқат, фарзандларимиз тар¬бия¬сида ва камолотида китобхонликнинг ўрни беқиёс. Ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишларида уларнинг китобга бўлган меҳрини уйғота олмоқ даркор. Масалан, 3-4 ёшли болага ота-она дастлаб эртакларни оғзаки баён этса, 6-7 ёшида уларга китобдан каттароқ ҳажмдаги эртак ва ҳикояларни ўқиб бериш, уларни ўқишга қизиқтириш керак. Бола 9-10 ёшга етганда унга ўзи севган китобини харид қилиши учун имконият бермоқ лозим. Ва шу ёшдан бошлаб, боладан ўқиган ҳикояси ёки бошқа бадиий асари хусусида таассуротларини сўрамоқ керак. 12-13 ёшдаги болалар эса ўз дунёқарашидан келиб чиқиб маъқул асарларни ўзлари танлаб ўқий оладилар. Фақат бунинг учун ота-она назорати йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ахир фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлишлари учун ота-оналар зиммасида катта масъулият туради.

Зеро, ўз даврининг моҳир педагоги бўлган Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: "Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир". Ана шу масалага эътибор қаратсак, биз келажаги порлоқ ёшларимизнинг камолотига ҳисса қўшган бўламиз.

Гуландом ЮНУСОВА, Бухоро муҳандислик-технология институти Ўзбекистон тарихи кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди. Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси асосида тайёрланди.

:: орқага № 29, 08.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.