Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*9 апрель — Амир Темур таваллуд топган кун

Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир.

* * *

Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

* * *

Подшо салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин.

* * *

Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим.

* * *

Бир кунлик адолат—юз кунлик тоат-ибодатдан афзал.

* * *

Кечира олишлик—мардлик, кечира билмаслик номардлик саналади.

Санъатга ошуфта жаҳонгир

Буюк давлат арбоби, кучли ва марказлашган давлат асосчиси, саркарда, илм-фан ва маданият ривожига беқиёс ҳисса қўшган Соҳибқирон Амир Темур сиймоси, унинг ажойиб фазилатлари Шарқу Ғарб адиблари ва олимлари яратган бадиий ва илмий асарларда кенг ёритилган. Жумладан, Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома", Ғиёсиддин Али Яздийнинг "Китоби рўзномаи ғазовоти Ҳиндистон", Ибн Арабшоҳнинг "Темур тарихида тақдир ажойиботлари", Ҳерман Вамберининг "Бухоро ёхуд ¬Мовароуннаҳр тарихи", Салоҳиддин Тошкандийнинг "Темурнома", Руи Гонсалес де Клавихонинг "Кундалик"лари, шунингдек, Со¬ҳиб¬қирон қаламига мансуб "Темур тузуклари" тарихчилар, адабиётшунослар билан бир қаторда маданиятшунос ва санъатшуносларда ҳам доимо катта қизиқиш уйғотган.

Темур ўз атрофида нафосатни яхши тушунадиган, ақлли, фаросатли, табъи наз¬ми бор, дилкаш кишиларни тўплаган. Маънавият ва маданият аҳлининг ишлаши, яшаши ва ижод қилиши учун барча шарт-¬шароитларни яратиб берган. Бу ўринда "Темур тузуклари"да қуйидагиларни ўқиймиз: "Еттинчи тоифа — саййидлар, уламою машойих, оқилу донолар, ҳофизу -созандалар, муҳаддислар, хабарчилар (тарихчилар)¬ни танланган эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини жойига қўйдим. Уларни ўз атрофимга тўпладим".

Буюк Амир Темур ҳақидаги манбаларда унинг мусиқа санъатига жуда катта эътибор билан қараганлиги, турли мамлакатлардан кўплаб санъат намояндаларини тўплаб, базми жамшид давраларини мусиқа ихлосмандлари билан қурганлиги ҳикоя қилинади. Ибн Арабшоҳнинг "Темур тарихида тақдир ажойиботлари" асарида Соҳибқирон саройида жуда кўплаб мусиқашунослар, ҳофиз ва қўшиқчи санъаткорлар бўлганлигини ёзади: "Хожа Муҳаммад аз-зоҳид Бухорий, улуғ тафсирчи, ҳадисчи, ҳофиз бўлиб, Қуръони ул-каримни юз жилд¬да тафсир қилган... қорилардан яна мавлоно Фахруддин бор эди. Қуръонни қироатда ҳам, савтда (мақомларнинг ашула йўли) ҳам тажвид билан ёд олган кишилардан Абдуллатиф ад-Домғоний, мавлоно Асуддин, Шариф ҳофиз Ҳусайний, Маҳмуд Муҳриқ ал-Хоразмий ва Жамолиддин Аҳмад ал-Хоразмий, созандалардан Абдуқодир Нойи, Ҳусайн Удий, Шохқули Ғижжакий, Дарвеш Аҳмад Қонуний, Устод Шодий ва мусиқа илмида устоз бўлган Абдулқодир ал-Мароғий эди". Кўриниб турибдики, Темур саройида жуда кўплаб мусиқа санъати усталари, бастакор ва ҳофизлар етишиб чиққан.

Соҳибқирон ҳукмронлиги даврида мусиқий анжомлар жасорат ва мардлик ¬тимсоллари ҳисобланган. У "Темур тузуклари"да чолғуларга эътиборини қуйидагича изоҳлайди: "Амр қилдимки, қайси бир амир бирон мамлакатни фатҳ этса, ё ғаним лашкарларини енгса, уни уч нарса билан мумтоз қилсинлар: фахрли хитоб, туғ ва ноғора бериб, уни баҳодир деб атасинлар". Темурийлар даврида саройларнинг бош дарвозалари тепасига махсус ноғорахоналар қуриш одатга кирган. Сарой мусиқий гуруҳлари асосан карнайчи ва ноғорачилардан иборат бўлган, етакчиларини "меҳтар" деб аташган. Улар оммавий байрам ва тантаналарда фаол қатнашганлар.

Ҳарбий-расмий мусиқа турлари қаторида ўзбек халқ мусиқаси, мумтоз мақом санъати минтақанинг бошқа туркий ҳамда араб-форсийзабон халқларининг мусиқий фольк¬лорлари асосида ривож топди. Асрлар давомида шаклланган анъанавий "устоз-шогирд" таълим тизими кенг қулоч ёзди, "Дувоздаҳмақом" (Ўн икки мақом) тури Соҳибқирон даврида юксак босқичга кўтарилди, янги куйлар билан бойиди. Халқ ичида танилган санъаткорлар Амир Темур фармонига кўра касбдошлари билан жамоа бўлиб яшашган. Шунга биноан "Созандалар маҳалласи", "Хонандалар мавзеси", "Бастакорлар кўчаси" жорий этилган.

Аёл зотини эъзозлаган Соҳибқирон Амир Темур саройида хотин-қизларнинг нафис санъат турлари билан машғул бўлиши ҳамда ижодий фаолият кўрсатиши учун ҳам зарур муҳит ва шароит яратилган эди. Манбалардан маълумки, мусиқачилар ижросини мароқ билан тинглаган Соҳибқирон саройда эркак санъаткорлар билан бир қаторда раққоса, созанда ва хонанда аёллар ҳам ўз истеъдодини кўрсатишларига изн берган. Амир Темур ҳузуридаги қабул маросимларидан бирига бағишланган миниатюрада аёлларнинг чилтор ва доира чолғуларини ижро этаётган мусиқачилар ансамбли тасвирланган. Таъкидлаш жоизки, Восифийнинг "Бадоеъул вақоеъ" асарида ҳам қимматли маълумотлар келтирилиб, унда Чақар хоним, Хонзода булбул, Моҳчучук каби санъаткор аёлларнинг бетакрор ижролари ва эркаклар билан биргаликда ижод этганликлари хусусида тўхталиб ўтилади.

Соҳибқирон Амир Темур замонида санъат бобида эришилган муваффақиятлар хал¬қимизнинг маънавий мероси бойлиги бўлиб, "устоз-шогирд" анъаналари асосида асрлар давомида ривожланди, сайқал топди, авлодлар онгида бадиий эстетик қарашлар ва олижаноб инсоний фазилатларни шакллантиришнинг муҳим воситаси бўлиб қолди.

Наргиза ХУСАИНОВА, Бухоро санъат коллежи ўқитувчиси, мусиқашунос.

:: орқага № 29, 08.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.