Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Бухорода "Навруз таровати" сайиллари

Суратларда: тадбирдан лавҳалар. Сергей ПОЛЕТАЕВ ва тоҳир ИСТАТОВ олган суратлар.

Табиатнинг уйғониш ва яшариш айёми бўлган Нав¬рўз байрами бу йил ўзгача нишонланмоқда. Президентимизнинг таклифига кўра, у халқ сайиллари тарзида ўтаётир. Кенг майдонлар ва боғларда ташкил этилаётган байрам тадбирлари қадимий анъаналарга ҳамо¬ҳанглик, том маънода халқоналик, ом¬мавийлик касб этмоқда.Улар кўнгилларга ана шу жиҳатлари билан янада ўзгача завқ-шавқ бағишлайди.

23 март куни Бухоро шаҳрида "Нав¬рўз таровати" сайиллари бўлиб ўтди. Байрам кўҳна Арк қалъаси олд майдонида бошланди. Эрталабдан карнай ва сурнай ҳамда жарчиларнинг чорлов садолари янгради. Ҳаво бир оз салқин бўлишига қарамай, бу ерга катта-ю кичик—ёшлар, болалар, отахону онахонлар кела бошлади. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан ташкил этилган баҳорий таомлар кўргазмаси барчанинг эътиборини торт¬ди. Кўргазмага қўйилган тасвирий санъат асарларида табиатдаги янгиланиш турфа рангларда инъикосини топган. Савдо расталари гавжумлаша борди.

Бу ерда ҳу¬нармандчилик маҳсулотлари—каштачилик, камалакранг атласу адраслар, мис ўймакорлиги намуналари намойиш этилди. Бунинг замирида ўзига хос фалсафий маъно бор. Наврўз каби миллий қадриятлар ҳисобланган халқ ҳунармандчилиги ҳам мустақиллик шарофати билан қадр топди, ўзлигимиз намоён бўлди.

Майдонга ўрнатилган махсус саҳна байрамона шиорлар, паннолар, гуллар билан безатилган. Декорацияларда жонли сайилгоҳ манзараси гавдаланади. Вилоят санъаткорлари ижросида театрлаштирилган халқ ўйинлари ва удумлари, шунингдек, сумалак, ҳалиса, софи ош каби миллий таомларни тайёрлаш жараёнлари намойиш этилди.

Бухорода ўтмишда Наврўз кунлари ва тўйларда аёллар мухаммасхонлиги даврага ўзига хос тароват бағишлаган. Са¬йилда ҳам шундай бўлди. Унда гўзал ташбиҳлар ила аёллик нафосати ва гўзаллиги тараннум этилди. Мухаммасхонлик доира ва занг жўрлигидаги рақсларга уланиб, сайилгоҳда йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлайди.

Наврўз—айни экин-тикин ишлари авж оладиган айём. Ота-боболаримиз бу байрамда дала юмушларига киришиб, яхши ниятлар билан ерга уруғ сочишган. Саҳна кўринишларида экин экиш, уни парвариш қилиш ишлари гавдаланади. Дарвоқе, айни кунларда вилоя¬тимиз далаларида ҳам баҳорги юмушлар қизғин. Токзорлару мевазор боғларга ишлов бериляпти, пахтакорлар эса чигит экиш тараддудида.

Сайил қатнашчилари орасида кўплаб хорижий сайёҳларни кўриш мумкин эди.

—Наврўзингиз ҳақида кўп бор эшитганман,—дейди улардан бири германия¬лик Маркус Зейдел.—Шунинг учун дўстим билан бу миллий байрамингиз қандай нишонланишини ўз кўзимиз билан кўриш ниятида Ўзбекистонга атай келдик. Бундан бир неча кун илгари Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги тоғолди бир қишлоқда ўтказилган Наврўз даврасида қатнашдик. Лапарлар эшитиб, рақсларни томоша қилдик. Ҳаммаси оддий, лекин сеҳрли. Мана бугун Бухородамиз. Бу ердаги байрам янада ўзгача. Дунёнинг турли мамлакатларида фестиваллар ва карнаваллар ҳақида эшитганмиз. Уларнинг бирортаси миллийлиги билан Наврўзга тенглаша олмайди. Негаки, у одамларни бирлаштирадиган, эзгуликка йўғрилган ажойиб байрам экан.

Халқингизнинг самимийлиги ва меҳмондўстлиги менга жуда ёқди. Улар бизга сайилда Наврўз таомларини татиб кўришни таклиф этишди. Шифобахш хусусиятли сумалак каби таомни бирор ерда татимаганман.

Турли кўчалар туташувчи Лабиҳовуз меъморий мажмуи байрам сайлининг навбатдаги манзили бўлди. Бу ерда тантаналар руҳига мос декорациялар, турли расталар, миллий ва замонавий либослар, сайроқи ва манзарали қушлар кўргазмалари, ҳавога учирилган шарлар ажиб манзара касб этади. Биринчи мучални кутиб олаётган ўғил-қизлар ҳам шу ерда. Бир гуруҳ ёшлар даврага жамланиб доира чертишмоқда. Оҳанглар ғоят жозибалики, хорижликлар такрор ва такрор рақсга тушади. Қувончларнинг чеки йўқ.

Қулоғимга "Юртимизга кўз тегмасин" деган тилак чалинди. Қарасам, кекса бир отахон дуода. Суҳбатлашдик.

—Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз зиёратига келганман,—дейди ўзини Ғаффор Мир¬залиев, дея таништирган ¬отахон.—Кеча улуғ пиримиз қа¬дамжосида бўлиб, ҳаётимиз фаровонлиги ва тинчлигига дуолар қилдим. Тинч-омон, келажаги порлоқ юртга мана шундай байрамлар ярашади. Қаранг, чет эллик сайёҳлар байрамимизни суратга олаётир. Мана шундай самимий ва наврўзий элга ҳаваси келган-да! Менинг эса ёшларимизга ҳавасим келди. Нари борса, ўн икки-ўн уч ёшли болакайларимиз инглиз тилида ажнабийларга Наврўз ҳақида сўзлаб бераётир.

Лабиҳовуз бўйидаги саҳнада театрлаштирилган концерт дастури бошланади. Баҳор руҳига монанд мусиқа янг¬райди. Раққосалар хиромон этиб, ҳаракатлар асосида ранг ва либослар алмашуви орқали табиатдаги ўзгаришлару янгиланишлардан шодонликни ифода этади. Наврўз тараннумига бағишланган миллий ва эстрада қўшиқлари қадимий обидалар оша узоқларга таралади.

Абу Али ибн Сино ¬номидаги Фавворалар майдонида ҳам ана шундай манзара ва тароват. Театрлаштирилган томоша ва концерт сизга ажиб кайфият бағишлайди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ¬халқига йўллаган Наврўз табригида "Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун халқимиз учун энг суюкли байрамдир", дея таъкидлади. Майдонда вилоя¬тимизда фаолият кўрсатаётган ўндан зиёд миллий маданий марказлар томонидан ташкил этилган кўргазмалар, концертлар бунинг яққол тасдиғи бўлди. Уларда дўстлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик каби фазилатларни мужассам этган Наврўз сеҳри ва фалсафаси намоён бўлиб турибди.

Баҳор байрами Бухоро шаҳридаги вилоят Марказий маданият ва истироҳат боғида ҳам алламаҳалгача давом этди.

Наврўз тадбирларига вилоят ҳокими Ў.Барноев бир гуруҳ кекса онахону отахонлар билан бирга ташриф буюрди.

Байрам сайиллари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги истироҳат боғлари, маданият ва аҳоли дам олиш масканларида ҳам бўлиб ўтгани бу шодиёналар халқимиз ўзлиги ва миллий қадриятларини бутун бўй-басти билан намоён этди.

:: орқага № 26, 25.03.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.