Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Жонгелдида айём шукуҳи

Наврўзи олам вилоятимизнинг барча гўшалари бўйлаб ўзгача руҳ, ўзгача кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Одамларнинг юзию кўзида—шодлик, қалбида—фараҳ. Табиатда ҳам, кишиларнинг чеҳрасида, азму шижоатида ҳам яшариш, янгиланиш, яратиш руҳи ҳукмрон. Вилоят ҳокимлиги томонидан воҳамизнинг олис ҳудудларидан бири—Пешкў туманининг "Жонгелди" қишлоқ фуқаролар йиғинида уюштирилган сайил чоғида айни шу ҳолни кўриш, кузатиш, ҳис қилиш мумкин эди.

Унда қатнашган кексаю ёш, барча бу йилги кўклам ҳар галгидан-да қутли, баракали келаётганини таъкидлаб, байрам нафасидан биргаликда баҳра олди. Дарҳақиқат, бу йил бепоён яйловлар ўзгача манзара касб этмоқда. Баҳор ташрифи уфққа туташ саҳрога ажиб бир тароват бахш этяпти. Бу эса кишига айрича завқ-шавқ бағишлайди.

Таъкидлаш жоизки, ҳудуддаги 24-ўрта умумтаълим мактабида ўтган учрашув сайилга дебоча вазифасини ўтади. Унда вилоят ҳокими Ў. Барноев сўзга чиқиб, тўпланганларни кўклам айёми билан самимий қутлади. Сўнг таълим даргоҳи ўқувчиларига байрамга тўёна сифатида спорт кийимлари совға қилинди. Ҳудудда яшовчи 25 нафар кам таъминланган фуқарога эса озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Ўз навбатида вилоятимиз раҳбари шу ерлик нуронийлар билан дилдан суҳбатлашди.

Шунингдек, сайил давомида 100 чоғли чавандоз миллий ўйинларимиздан бири—кўпкарида куч синашди. Кенг майдонда алп йигитларнинг эпчиллик, жасурлик бобидаги ушбу беллашуви ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди. Ўз-ўзидан тантанага ош ва ҳалиса сайли уланиб кетди.

Дошқозонларда шифобахш ва лаззатли таомлар пиширилди. Тўкин-сочинликнинг, фаровон ҳаё¬тимизнинг рамзи ўлароқ уюштирилган бу сайилларда халқимизга хос азалий қадриятлар—меҳмоннавозлик, меҳр-оқибат, аҳиллик, миллатлараро тотувликни кўриш мумкин эди.

Бундан ташқари, хушовоз хонандалар ижросида она диёримиз, унинг табиа¬ти, Наврўз айёми, дўстлик тараннум этилган куй-қўшиқлар жонгелдиликларда катта таассурот қолдирди.

—Бу йилги кўклам ҳам қа¬тор янгиликлар, қувончли воқеалар боис ёдимизда қоладиган бўлди,—дейди асосан қозоқ миллатига мансуб 1300 нафар киши яшайдиган мазкур қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Муҳаммед Камолов.—Чунончи, ҳудудимиздаги учта ўқув муассасасидан иккитаси—25- ҳам¬да 27-ўрта мактабларни таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Бундан ташқари, айём олди бу ерга зарур техник жиҳозлар келтирилиб, аҳолининг илгаригидек битта эмас, нақ ўн олтита телеканални томоша қилиши учун шарт-шароит яратилди. Эндиликда Ўзбекистон телевидениесининг барча каналларини кўриш, юртимизда амалга оширилаётган бун¬ёдкорлик ишларидан ўз вақтида хабардор бўлиб бориш имконига эгамиз.

Бу ҳудудда қоракўлчиликка ихтисослашган "Жонгелди" ширкат хўжалиги самарали фаолият кўрсатяпти. Хўжалик чў¬пон-чўлиқлари қишки мавсумни кўнгилдагидек ўтказиб, бўлғуси ютуқларга замин қўйдилар.Бугун-эрта қўзи¬латиш мавсуми бошланади. Ям-яшил яйловлар қўй-қўзига тўлади. Йилимиз қут-бара¬кали бўлади. Жонгелдида Нав¬рўз одамлар кўнглига ана шундай ёруғ умидлар, ишонч олиб келди.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 25, 21.03.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.