Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Қидирувдаги "қўноқ" меҳмон ва мезбонни тунади

Шу йилнинг январь ойи ўрталарида Бухоро шаҳридаги "Бухоронур" хусусий меҳмонхонасида илгари қулоққа чалинмаган воқеа юз берди.

Бу муассасада бир соатнинг нари-берисида унинг раҳбари Шаҳодат Очиловага тегишли 7 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ва Фарғона вилоятидан сайру саёҳатга келган меҳмонлардан бири — Хайрулла Султоновнинг 2,2 миллион сўм пули гумдон бўлди.

Водийлик меҳмон аянчли ҳолат ҳақида Бухоро шаҳар ички ишлар бошқармасига ёзма мурожаат қилиб, унга ёрдам кўрсатишни сўради.

Суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, Қашқадарё ви¬лояти Деҳқонобод тумани, ¬Нодира номидаги маҳалланинг ¬Гулистон кўчасида яшаган, 36 ёшли Абдували Абдураҳмонов Бухоро шаҳрига келади. Бу кимсани қадимий обидалару, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорликлар эмас, бошқа нарса қизиқтирган.

У оқшомга яқин "Бухоронур" меҳмонхонасининг иккинчи қаватига жойлашади. Шу ерда бир ҳолатга эътиборни қаратамиз. Меҳмон¬хонага келган кишидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади. Маъмурият шу тартибга мувофиқ, ўзини Абдувоҳид деб таништирган, аслида Абдувалидан паспортини сўраганда, у эртага бу ҳужжатни тақдим этишини айтади. Иккинчи куни сўровга фурсат топилмайди ёки масала унутилади.

Хуллас, Абдували меҳмонхонада рўйхатдан ўтказилмасдан тунайди.

Кейинги кун у шаҳар кезиб, яна оқшом меҳмонхонага қайтади. Қарасаки, унга қарама-қарши хонада фар¬ғоналик 3 нафар сайёҳ жойлашиб олган. Бир оз вақт ўтгач, меҳмонхона соҳибаси ҳамроҳлигида водийлик қўноқлар шаҳарга чиқмоқчи бўлишади. Қўналға мутасаддиси эса юмшоқтабиат, беозор бўлиб туюлган Абдували Абдураҳмоновга зарурат туғилиб, бирор ерга чиққудек бўлса, меҳмонхона дарвозасини қулфлаб кетишини тайинлаб, иккинчи заҳира калитини беради.

Кимлиги ҳам номаълум кимсага кўрсатилган бундай ишончу илтифот унинг учун айни муддао эди. Ёлғиз ўзи қолган "меҳмон" вақтни бой бермайди. У қулфланган хоналарни бир амаллаб очади...

"Бухоронур" соҳибаси ва меҳмонлар манзилга қайтиб келганларида, кириш дарвозаси қулфланган ва Абдували Абдураҳмонов бу ерни аллақачон тарк этган эди. Бу ҳолдан шубҳаланган Хайрулла Султонов хонага кирасолиб, сумкасини очади. Не кўз билан кўрсинки, пуллари ўмарилган. Меҳмонхона соҳибаси ҳам жабрдийда бўлиб чиқди. Унинг яшаш хонасидаги тилла тақинчоқлар жойида йўқ.

Вилоят ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган бир неча кунлик тезкор суриштирув тадбирлари давомида Абдували Абдураҳмонов Тошкент шаҳрида қўлга олинди. Лекин бу орада у пойтахтдаги бозорларнинг бирида 7 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни 3 миллион сўмга сотишга улгурган экан.

Абдувалининг ёнидан унинг шахсини тасдиқловчи бирор бир ҳужжат топилмади. Аммо осойишталик пос¬бонлари бу нусханинг кимлигини, унинг қилмишларини аниқлашди. "Бухоронур" мижози жиноий ишлари "дос¬тон" бўлгулик кимса экан...

Абдували Абдураҳмоновга муқаддам, яъни 2013 йилда ўзи яшайдиган Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида қинғир ишга қўл ургани сабаб, жиноят ишлари бўйича ҳудудий суд томонидан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган экан. Аммо у жазони ўташдан бў¬йин товлаб, текин бойлик орттириш орзулари гирдобига тушди.

Ўша йили Абдували Фар¬ғона вилоятига йўл олади. Нияти бузуқлиги ички ишлар идоралари эътиборига тушганда аёнлашди. Бир неча жиноятларни содир этишда гумонланган Абдувалининг паспорти олиб қўйилди. Ўзи эса масалага ойдинлик киритилгунга қадар ҳудуддан чиқиб кетмаслиги тўғрисида тилхат ёзди. Аммо қонун талабини бузди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166- ва 168-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этишда айбланган Абдувалига Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан қидирув эълон қилинган.

Одатда, тўғри йўлдан адашган киши унга тузалиш учун берилган қонун имкониятларидан фойдала¬нади. Аммо тилга олган кимсамиз бундайлардан эмас экан. Ўз вақтида қинғир ишлардан тийилиш ўрнига жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттираверди. Хайриятки, Бухорода қилган ўғрилиги унинг жиноий ишлари солномасидаги сўнгги саҳифа бўлди.

Албатта, адолат қарор топади, Абдували Абдураҳмоновга нисбатан жазо муқаррар.

Аммо айрим мулоҳазаларни айтишни жоиз деб биламиз. Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати, аниқроғи, паспорти бўлмаган фуқарога меҳмонхона хизмати кўрсатиш мумкин эмас. Негаки, бундайлар орасида қинғир ишга қўл урган ва урадиган, қидирувдаги шубҳали шахс¬лар бўлиши ҳеч гап эмас. "Бухоронур"даги ҳолат бунга яққол мисол.

Қолаверса, яна бир гап. Хизмат кўрсатиш шохобчаларида, жумладан, меҳмонхоналарда видеокузатув ускуналари ўрнатилиши шарт. Афсуски, "Бухоронур"да бунга эътибор қилинмаган. Ҳолбуки, видеокузатув юз берадиган кўнгилсизликлар, унинг айбдорларини, юриш-туриши шубҳали кимсаларни аниқлашда қўл келади.

Юқоридаги ҳолат нафақат меҳмонхоналар ходимлари, балки ҳар биримизни шуб¬ҳали кишилар билан муносабатда ҳушёр бўлишга даъват этади.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 14, 14.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.