Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

* Қарор ва ижро

Мақсад — қалб поклигига эришиш

2017 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қарори қабул қилинган эди. Вилоятимизда ҳам мазкур қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлаб Ҳаж сафарига номзодларни танлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, Ҳажга борувчиларни саралаш тартибини янада такомиллаштириш борасида вилоят ҳокимининг қарори чиқарилди. Бу муқаддас сафарга йўл олувчи номзодларни саралаш, белгиланган тартибда амалга ошириш борасида муҳим саъй-ҳаракатлар бошланди.

Юртимиздан минглаб мў¬мин¬¬лар Ҳажга отланар экан, ажратилган ўринларнинг — ҳақиқатда Ҳаж ибодатини ихлос билан адо этадиган, мазкур ибодат шартларига тўлиқ жавоб берадиган мусулмонлар билан тўлдирилиши мақсадга мувофиқдир. Бу орқали барча зиёратчилар томонидан ибодатнинг мукаммал адо этилишига, шунингдек, ҳукуматимиз томонидан улар учун яратилаётган шароитларнинг қадр топишига, энг муҳими, Ҳаж мав¬сумидаги машаққатларнинг озайишига эришилади.

Шу нуқтаи назардан Вазирлар Маҳкамаси низомида ¬Исломнинг беш арконидан бири бўлган Ҳаж ибодатини амалга оширувчи фуқаронинг, аввало, моддий ва жисмоний жиҳатдан Ҳаж ва Умра сафарига бориш ва амалларни бажаришга қодир бўлиши, етарлича диний билимга эгалиги, маънавияти-маърифати, одоб-ахлоқи, ўзи истиқомат қилаётган маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши назарда тутилган. Шунингдек, Ҳаж ибодати умр давомида бир марта фарз эканидан келиб чиқиб, ўтган йиллар давомида бу ибодатни адо этишга муяссар бўлган фуқароларнинг навбатини Ҳажга бормаганларга бериш мақсадга мувофиқ, деб кўрсатилган. Умра амалларини адо этишга тадорик кўраётган фуқаролар сўнгги икки йил давомида бу сафарга, ёки сўнгги беш йилда Ҳаж сафарига бормаган бўлиши талаб этилади.

— Вилоятимизда Ҳажга борувчи номзодларни саралашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари котибияти мудири Ботир Норбоев. — Ўтган давр мобайнида 7 кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Қоидага кўра, ишчи гуруҳ ¬туман (шаҳар) бош имоми, ¬маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий ¬тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси ва "Нуроний" жам¬ғармаси вакилларидан иборат ¬таркибда шакллантирилди. Комиссия тавсия¬си асосида 250 нафар Ҳаж сафарига юбориладиган номзодлар рўйхати тузилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, номзодлар рўйхатига киритилган шахслар томонидан шу кунга қадар амалга оширилган савобли ишлар таҳсинга сазовор. Улар диний илмга эга ва низом тартиб-таомилларида кўрсатилган шартларга муносиблиги билан бир қаторда, ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда ҳурмат-эътибор қозонган вилоятдошларимиздир. Ҳожилик мақомига эришишдек улуғ истакда бўлган бу номзодлар томонидан шу кунга қадар 745 нафар махсус ҳисобдан чиқарилган шахсларнинг 33 нафари, етти нафар жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётганларнинг оила аъзолари, 191 нафар кам таъминланган оила, 23 нафар боқувчисини йўқотган шахс, 30 нафар жисмоний имконияти чекланганлар оталиққа олинган. Уларнинг юриш-туриши, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда мана шу инсонлар яқин кўмакдош бўлиб келмоқдалар.

— Ҳожилик — улуғ мақом, — дейди Бухоро шаҳридаги Аҳмад Дониш МФЙда истиқомат қилувчи Ўктам Ёров. — Ҳажга борган эркагу аёл келгусида, аввало, ўз фарзандларига, қолаверса, эл-юрт ва маҳалла-кўйга ибодатда, ҳалоллик ва покликда, маънавият ва маърифатда энг юксак даражадаги ўрнак ва намуна бўлмоғи лозим. Зеро, ҳожи деган ном моҳиятида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадек шаҳарлар ва у ердаги муқаддас қадамжоларга эҳтиром, Ислом динига ҳурмат, қолаверса, Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат мужассамдир.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 14, 14.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.