Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Улуғ зотнинг Бухородаги ўчмас излари

Ҳеч бир иймон-эътиқодли, инсофли инсон уни дунёга келтириб, едириб-ичириб ва тарбиялаб, ўқитиб, мустақил ҳаётга йўллаган, фарзандига уй-жой қуриб, боғ-роғ барпо этган падари бузрукворини сира унутмайди. Аждодларимизнинг юрт истиқлоли ҳақидаги орзуларини рўёбга чиқаришга йўлбошчилик қилиш, чорак аср мобайнида республика Президенти лавозимида фидокорона фаолият кўрсатиб, меҳнаткаш элимизни бахт-саодат манзиллари сари етаклаш, ўлкамизни таш¬қи ва ички бало-қазолардан сақлаб, Ўзбекистонни жаҳоннинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш борасидаги буюк хизматлари учун ¬Миллат отаси даражасига кўтарилган, ўзидан озод ва обод Ватанни мерос қолдирган Ислом Каримовнинг порлоқ хотираси ҳам 33 миллионли хал¬қимиз қалбида мангуга муҳрланган.

Биринчи Президентимиз қадимий воҳамиз, унинг меҳнаткаш аҳлига бўлган алоҳида меҳр-муҳаббатини шундай ифодалаган эди: "Бухоро ўлкамизнинг минг йиллар давомида жаҳон тафаккури, маънавий, маданий ва диний қадриятлари тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келаётган, шарифлик номига сазовор бўлган муқаддас жойларидан биридир... Бу муборак заминда ўтган азиз авлиёларнинг руҳлари қўллаган Бухоро аҳлини биз ҳаммамиз қўли гул, дили соф, иймони бутун ва иродаси бақувват кишилар сифатида жуда яхши биламиз ва ҳурмат қиламиз".

Ислом Каримов Фармонлари ¬асосида бухоролик донгдор зардўз Муяссар Темирова, пешқадам тўқувчи Мартия Раҳматова, ғиждувонлик пахтакор ¬Облоқул Ҳазратқулов, шофирконлик ғаллакор Азим Латипов, жондорлик ¬экскаваторчи Тўра Нарзиев кўксида Ўзбекистон Қаҳрамони унвонининг ¬Олтин нишони порлагани, юзлаб ил¬ғор вилоятдошларимизнинг фахрий унвон ва орден-медаллар билан тақдирлангани ана шу эътироф, ҳурмат ва эҳтиромнинг рамзидир.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида истиқлол йилларида воҳамиз аграр ҳудуддан саноати ривожланаётган вилоятга айланди. Бу ердаги газ саноати объектлари қаторига саҳродаги мўъжиза — Франция, Туркия, Япония ва бошқа давлатларнинг мутахассислари, воҳамиз қурувчилари барпо этган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, ўнлаб тўқимачилик корхоналари, юзлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари қўшилди. Электр¬лаштирилган Тошкент — Бухоро темир йўли орқали юқори тезликда ¬ҳаракатланувчи "Афросиёб" поезди Йўлбошчимиз белгилаган кунда ¬Когонга етиб келди ҳамда унинг доимий қатнови йўлга қўйилди.

Ислом Каримов имзолаган "2015-2019 йилларда таркибий ўзгартиришларни, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари Дастури" ижроси доирасида Россиянинг "Лукойл" компанияси ва қатор хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда қурилаётган Қандим газни қайта ишлаш заводи ҳам вилоят иқтисодиёти тараққиётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлади.

"Гарчи ислом дини Арабистон заминида пайдо бўлган бўлса ҳам, у айнан бизнинг юртимизда юксак равнақ топди. Бунда бухоролик алломалବри¬мизнинг унутилмас ҳиссаси борли¬гини бутун дунё эътироф этди. Бу заминда туғилиб камол топган Имом ¬Бухорий, ¬Абдулхолиқ Ғиждувоний, ¬Баҳоуддин ¬Нақшбанд, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Наршахий сингари ўнлаб буюк зотлар билан нафақат ¬халқимиз, балки бутун мусулмон дунё¬си фахр-ифтихор қилади" — Ислом ¬Каримов шариф диёримизнинг жаҳон маънавиятида тутган ўрнига, унинг беназир олиму уламолари шону шавкатига ана шундай юксак баҳо берган эди.

У ҳали қизил империя тарқалмаган, атеистик зуғум ўз кучини йўқотмаган кезларда республика раҳбари сифатида зиммасига улкан масъулиятни олиб, бетимсол жасорат намунасини кўрсатди ва шўролар сиёсати натижасида омборхонага айлантирилган Калон масжидини намозхонлар ихтиёрига берди, бир йўла 10 минг кишининг ибодат қилишига имкон яратди. Истиқлолнинг илк даврида — 1993 йилда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги халқаро миқёсида нишонлангани, 2003 йилда эса ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг 900 йиллик юбилейи байрам қилингани, бу алломалар қадамжолари Марказий Осиё¬даги гўзал зиёратгоҳларга айланти¬рилгани "Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин", деган ғояни илгари сурган ана шу пирларга эҳтиромнинг шарофатидир.

Шундан сўнг вилоятимизда Сай¬йид Амир Кулол, Хожа Маҳмуд Анжир ¬Фағнавий, Хожа Ориф Моҳитобон, ¬Муҳаммад Бобойи ¬Самосий, Хожа Али ¬Ромитаний, Хожа ¬Исматуллоҳ Бухорий, Ҳазрат Сайфиддин Бохарзий зиёратгоҳлари ободонлаштирилгани, Чорбакр ва Абу Ҳафс Кабир меъморий мажмуаларининг реконструкция қилингани ҳамда қайта қурилгани ана шу сиёсат ва эътиборнинг самараси бўлди.

Бухоро шаҳрининг 2500 йиллигига тайёргарлик жараёнида Йўлбошчимиз ташаббуси ва раҳнамолигида Калон меъморий мажмуи, Арк қалъаси, Мир Араб, Улуғбек мадрасалари, Болоҳовуз масжиди ва бошқа кўплаб обидалар таъмирланди, уларнинг ҳудудлари ободонлаштирилди. Тарихий марказдаги обидалар ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий ме¬ро¬си рўйхатига олинган йирик сайёҳлик ¬марказига айланди. Ислом Каримов ¬ташаббуси ва раҳнамолигида ташкил этилган Бухоро маданий маркази, бу гўзал гўша таркибидан ўрин олган амфитеатр, "Кўҳна ва ¬боқий Бухоро" монументи ҳамда вилоят мусиқали драма театри сайёҳлик марш¬рутларига киритилди.

Бухоронинг нафақат эски шаҳар қисми, балки янги қурилиш ҳудудлари ҳам ўзгача чирой касб этди. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг замонавий бинолари қад кўтарди, "Бухоро" халқаро аэропорти жаҳон стандартлари асосида реконс¬трукция қилинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ташкил этилган уч босқичли спорт тизимининг муҳим бўғини — Универ¬сиада мусобақалари 2003 ва 2013 йилларда бу шаҳарда ўтказилди. Ушбу "Кичик Олимпиада"ларга тайёргарлик жараёнида 25 минг ўринли "Бухоро" ўйингоҳи, ўнлаб бошқа спорт мажмуалари реконструкция қилинди, янги сузиш ҳавзалари қурилди, барча иншоотлар замонавий инвентарлар билан жиҳозланди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида бухоролик спортчиларнинг нафақат мамлакатимиз, балки Осиё, жаҳон ареналарида, Олимпия ўйинларида эришган муваффақиятлари Биринчи Президентимизни беҳад қувонтирарди.

Мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигимизнинг асосчиси Ислом Каримовга истиқлолнинг 25 йиллиги тантаналарида иштирок этиш насиб этмади. Аммо, у ҳаётининг сўнгги дамларида ҳам эл-юрт келажаги, тақдири ҳақида ўйлаб, халқимизга байрам табригини, тўғрироғи, ўзининг ижтимоий-сиёсий васиятномасини йўллади.

Таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланаётган бу улуғ инсон ва доно раҳбар, миллат падарининг улкан режалари халқимиз якдиллик билан сайлаган Президент Шавкат Мирзиёев томонидан изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, "Биз барчамиз ҳақли равишда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом ака билан фахрланамиз, у киши бошлаган ишларни мутлақо янгича миқёс ва талаблар асосида давом эттиришни ўзимиз учун юксак бурч ва масъулият деб биламиз".

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг бултур воҳамизга қилган ташрифи, халқ билан мулоқоти жараёнида берган кўрсатмалари бўйича республикамиз Вазирлар Маҳкамаси "2017-2018 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорини қабул қилди. Унга асосан ўтган йили саноат ишлаб чиқариши, хизмат кўрсатиш ва сервис, шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган 2 мингдан зиёд лойиҳанинг амалга оширилгани, лойиҳа қиймати 281,1 миллион АҚШ доллари бўлган "Бухоро — Мискин" темир йўл тармоғининг фойдаланишга топширилгани, Олот туманида "New Silk Road Oil-Gas" Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси томонидан "Денгизкўл" газ конденсати конининг Хўжасаёт участкасида газ қазиб чиқариш ишларининг бошлангани, қишлоқ жойларида янгиланган лойи-ҳалар асосида 1341 та намунали уйлар ва вилоят марказида 6 та етти қаватли кўпквартирали турар-жойнинг барпо этилгани, Ипак йўли чорраҳасидаги қадим ва ҳамиша навқирон диёримизни йирик туристик марказга айлантиришдек улкан режаларни ҳаётга татбиқ этишнинг илк самараси Биринчи ¬Президентимизнинг Бухоро иқ¬тисодий қудратини мустаҳкамлаш, воҳани янада гўзал ва обод қилиш ҳақидаги режаларининг рўёбидир. ¬Бухоро давлат университетида ислом тарихи ва манбашунослиги йўналиши бўйича таълимнинг йўлга қўйилгани, Мир Араб олий мадрасаси ҳамда ¬тасаввуфни ўрганиш мактабининг ташкил этилгани, воҳамизда "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018" мин¬та¬қавий босқичининг юксак савияда ўтказилгани эса муқаддас динимиз асл моҳиятини ёшларга ўргатиш, уларни ақидапарастлик ва экстремистик ғоялардан муҳофаза қилиш йўлида янги қадам бўлди.

Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Бухоро шаҳрининг марказий кўчасига Биринчи Президентимиз номини берган вилоятдошларимиз бу ҳудудда йирик Универсал спорт комплекси, замонавий лойиҳалар асосида янги турар-жойлар, улкан савдо ва кўнгилочар мажмуалар, бошқа маданий-маиший объектларни барпо этишда чинакам шижоат намуналарини кўрсатмоқдалар.

Хуллас, бу саъй-ҳаракатлар ва ¬ибратли ишларнинг бари Ислом ¬Каримовнинг Бухорои шарифни сер¬қуёш диёримизнинг энг сулув ва обод гўшасига айлантириш, қадимий воҳамиз аҳлини, унинг навқирон авлодини бахтиёр кўриш ҳақидаги орзу-умидлари амалга ошаётганидан далилдир.

Чиндан ҳам, миллатимиз отаси ¬Ислом Каримовдан Бухорода ғоят файз¬ли ва қутлуғ излар қолди. Айни чоғда барча бухороликлар қалбида ¬Биринчи Президентимизга бўлган фарзандлик меҳр-муҳаббати, ифтихор, истиқлол меъморининг бунёдкор ғояларига садоқат туй¬ғуси мангуга муҳрланди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ,

"Бухоронома" мухбири

:: орқага № 9, 31.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.