Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Меҳр булоғини излаётганлар

Ойбекнинг "Болалик" хотира-қиссасида ҳаммамизга таниш олам манзараси мужассам. Ундаги болага ўхшаб биз ҳам хоҳиш-истакларимизни амалга ошириш учун ўжарлик қилганмиз, кези келганда, атрофимиздагиларни айтганимизга кўндирганмиз. Сабаби, биз бола эдик ва яқинларимиз ҳам боланинг кўнглини подшо санашарди.

Болалик — энг беғубор, такрорланмас давр. У барча истаклар рўёбга чиқадиган, ҳамма сени эркалаб, ширин гапирадиган мамлакатга ўхшайди. Бундай ажойиб давлатни эса ота-она, оила бошлиқлари бунёд этади. Аммо боласининг шундай гўзал фаслини кўчалардаги сарсонлик, пул топишдек оғир ташвиш билан "безаётган"лар ҳам, афсуски, йўқ эмас.

Оммавий жойларда, айниқса, кинотеатр ва концерт заллари атрофида, тўй-ҳашамлар ўтадиган мажмуалар, автомобиллар тўхташ жойи ҳамда чорраҳалардаги светофорлар ёнида "дадам касал, ойим ногирон, ёрдам беринг", дея садақа сўраб, зорланаётган болаларни кўп учратамиз. Аммо бунинг бири рост бўлса, кўпи ёлғон, чунки бу — ота-она тижоратига айланган ниқоб остидаги ҳийла экани ҳаммамизга маълум. Шу сабабдан уларга эътибор бермайдиган бўлиб қолдик.

Баъзида йўловчилар уларни койиб, туртиб, ўзидан итариб ташлаганининг ҳам гувоҳи бўламиз. Аслида уларни шу қиёфага солган, онгли роботга айлантирган ота-онани жазолаш керак эмасми? Уларнинг айби — бераҳм ота-онанинг фарзанди бўлиб туғилганими?

— Оиламиз билан кинога тушдик, — ҳикоя қилади уй бекаси Гули Тўраева. — Томоша тугагунча, қоронғи тушибди. Эшикдан ¬чиқишимиз билан болаларнинг зор ёлвори¬ши-ю, дилни эзадиган нолалари эшитила бошлади. Нима гаплигини билолмай саросимага тушдим. Буни сезган қизим асабийлашганча изоҳ берди ва уларни "ёлғончилар" деб койиди. Шу пайт бизнинг ёнимизга ҳам болалардан биттаси келди ва ёдлаб олган жумласини такрор-такрор айта бошлади. Нимжон, жуссаси совуқдан дир-дир қалтираб, кўзлари жовдираб турибди. Шунда қизим болага тик қараб:

— Бу гапни сенга ким ўргатди, — деди жаҳл билан. — Бирорта гапингга ишонмаймиз, бор, йўқол…

Болани ток ургандек бўлди, кўзлари катталашиб, сири ошкор бўлганидан қўрқиб, лом-мим демади. Юзидан, пул ишлолмаса ота-онасидан калтак ейиш аломати сезилиб турарди. Ҳеч қандай натижа чиқмаслигини билиб, бошқалар томон шошди. Кейин эътиборим бир четда йўталиб турган қизалоққа тушди. Менимча, у ҳозирги боланинг синглиси эди. У муздек ўриндиқда, юпун нимчасига ўраниб ўтирар, ота-онаси билан маза қилиб ўйнаб кетаётган болаларга, аниқроғи, уларнинг қўлидаги ширинликларга ҳавас билан боқарди. Ичим ёниб кетди. Фарзанд¬дек азиз неъматнинг қадрига етмай, уларни пул топишга мажбурлаётган ота-оналардан нафратландим...

Иссиққина уйда дарс тайёрлаб, дам олиши керак бўлган норасидаларнинг бу ҳаракатини кўриб, аянчли ўтаётган болалигига ачинасиз. Болалиги ўғирланаётганидан жаҳлингиз чиқади. Келажагини ўйлаб, ваҳимага тушасиз, негаки, кейинчалик улар бунга ўрганиб қолади ва мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Айниқса, улар орасида қиз болаларнинг кўплиги жуда аянчли. Бир қизни ўқитмоқ — бутун оилани билимли қилмоқ, деган ҳикматни ёдга олсак, уларнинг келгуси ҳаёти қандай кечиши ҳам маълум...

Ҳар бир бола бахтли бўлишга, яхши яшашга ҳақли. Бунинг учун уларнинг ота-онаси ўз вазифасини дилдан ҳис қилиши, фарзанд уволидан қўрқиши керак. Бундай паллада шароитни баҳона қилишга асос йўқ, чунки юртимизда кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга керакли ёрдам кўрсатиш бўйича мукаммал тизим ишлаяпти. Ўз нафси йўлида болаларни хўрлашга, уларнинг беғубор дамларини азобли хотираларга тўлдиришга, шу аснода уларнинг келажагини хавф остида қолдиришга эса ҳеч бир ота-онанинг ҳаққи йўқ.

Дурдона САФАРОВА, жамоатчи мухбир

:: орқага № 9, 31.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.