Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

"Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018"нинг минтақавий босқичи

2017 йил ¬1 сентябрь куни ¬Президентимизнинг Ҳазрати Имом мажмуасига ташрифи чоғида мамлакатимизда Қуръон мусобақасини ўтказиш ташаббуси илгари сурилган эди. Бу хайрли ташаббус ижроси юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ўтган йил 29 ноябрда чиққан тегишли буйруғига асосан айни кунларда бутун республикамизда бўлганидек вилоятимизда ҳам шундай мусобақалар ўтмоқда. Ғиждувон шаҳридаги Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний масжидида қорилар кўригининг минтақавий босқичи якунланди.

Танловнинг мазкур босқичида Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Пешкў, Ромитан туманлари вакиллари қатнашишди. Унда имом-хатиблар, имом-хатиб ўринбосарлари, мадраса талабалари, умуман, Қуръон қироати бўйича муайян малакага эга қирқ нафар фуқаро иштирок этди.

Мусобақа икки ёш тоифаси — 18-25 ҳамда 26-40 ёшлилар ўртасида ўтказилди. Мазкур кўрик, ўз навбатида, икки йўналишни қамраб олди. Иштирокчилар ҳифз (Қуръонни тўлиқ ёд билиш) ва тиловат (муқаддас каломни гўзал, равон қироат қилиш) йўналишларида ўз иқтидор ҳамда салоҳиятларини намойиш этишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати уларнинг чиқишларини баҳолаб боришди.

— Бугунги тадбир давомида муҳтарам Юртбошимизнинг "Қуръонни эшитиш, эшита олиш — юксак маънавият, ¬маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади", деган сўзлари бот-бот қулоғим остида жаранглади, — дейди Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Йўлдош¬хўжаев. — Дарҳақиқат, Яратганнинг муқаддас битиги кишини фақат эзгуликка, хайр¬ли амалларга чорлайди. Эътиборлиси, давла¬тимиз раҳбарининг мазкур эътирофи Қуръони каримнинг "Исро" сурасидаги "Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва солиҳ амаллар қилувчи мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур" оятига ҳамоҳангдир.

Қироатхонлик кўриги якунида ғиждувонлик Нурулло Расулов, Усмон Бафоев ҳамда Салоҳиддин Фазлиддиновлар ўз ёш тоифалари ва йўналишларида ғолиб деб топилдилар. Совриндорларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Ғиждувон тумани марказидаги "Шодлик" маросимлар мажмуида қироатхонлик мусобақаси иштирокчилари ҳам¬да тингловчилари учун тўкин дастурхон ёзилиб, ош тортилди.

* * *

"Ўзбекистон Қуръон мусобақаси—2018"нинг вилоятимиз бўйича минтақавий босқичлари Бухоро туманидаги Чор Бакр ва Бухоро шаҳридаги Абу Ҳафз Кабир масжидларида ҳам бўлиб ўтди.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 8, 24.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.