Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

* Ифтихор

"Мен Ўзбекистон фуқаросиман!"

Янги йил байрами арафасида ва шу кеча-кундузда мамлакатимиз, жумладан, вилоятимиздаги кўплаб юртдошларимиз хонадонида шукрона дастурхонлари ёзилиб, яқинлар даврасида қувончлар баҳам кўрил¬япти. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 20 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги Фармони асосида бу бахтга мушарраф бўлган ватандошларимиз хонадонида қўшалоқ байрам шодиёнаси давом этмоқда.

2005 йил. Олот туманининг "Чандир" қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Сарви Ҳусаинова Ўзбекистон Республикаси Президенти номига хат йўллади. Унда шундай сўзлар бор эди:

"Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, шуни ёзиб малум қиламанки, жамиятда ўз ўрнимизни топишимизда фуқаролик паспорти йўқлиги боис бир қанча муаммоларга дуч келяпмиз. Шунинг учун менга ва оила аъзоларимга фуқаролик паспорти беришга рухсат беришингизни илтимос қиламан".

Сарви опа асли ўзбекистонлик. 1986 йили Туркманистоннинг Байрамали туманига келин бўлиб тушди. Турмуш ўртоғи Юсуф Рахмедов ҳам асли унга бегона эмас. Бундан неча йиллар илгари Олотдан кўчиб кетган холасининг ўғли. Умр йўлдоши билан ширин турмуш бошлашди. Бирин-кетин фарзандлари дунёга келди. Қизи Юлдузхондан сўнг уч ўғил — Равшан, Баҳодир, Қодирлар туғилди. Турмуш ўртоғи темир йўл депосида ишларди. Ўзи эса фарзандлар тарбияси билан банд бўлди.

Йиллар ўтгани сайин Сарви опани она юрт соғинчи, ота-она, ака-укалар дийдори қийнарди. Аввалига Ўзбекистонга келиб-кетиш қийинчилик туғдиргани йўқ. Учажи посёлкасидан Олотгача автобусда уч соатлик йўл. Бироқ 1991 йилда ¬Ўзбекистон тарихида буюк ўзгаришлар даври бошланди. Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, ҳудуд ва чегараларни мустаҳкамлади, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида қатъий тартиб-интизом ўрнатилди. Энди мамлакатга хоҳлаган одам кириб, хоҳлаган одам чиқиб кетавермайди. Шу сабабли қўшни мамлакатга ўтиб-қайтиш муаммоси пайдо бўлди. Кейинчалик мазкур қатнов йўли беркитилгач, бироз муддат яшаш манзилидан анча олисдаги Чоржўй тумани орқали бориб-келишди. Чунки Олотга бориш йўли узоқ, енгил машинада бориш ортиқча харажатни талаб қиларди. Ўша вақт аҳоли томонидан "Бомбей поезд" ибораси билан аталган транспорт¬ларга осилиб, баъзан поезднинг устида ўтириб, она юртига етиб келар, ёру биродарлари ҳолидан шу зайлда хабар оларди.

Ватанни қўмсаб яшаш Сарви опага оғирлик қиларди. Бир куни қайнонаси — холаси Сунбул аяга шу ҳақида маслаҳат солди. Сунбул хола узоқ ўйлаб туриб, охири, кўнди.

У юртига қайтди. Ўз она ватанингда яшашга нима етсин. Ота-онанг, қариндош-уруғинг ёнингда. Чопқиллаб бориб дийдорига тўйиб қайтасан. Бу яхши-ку, лекин бир муаммо пайдо бўлди. Ўзбекистонда фуқароликка қабул қилиш бўйича янги ислоҳотлар ўтказилган, қатъий тартиб-қоидалар устувор эди. Кўчиб келишганидан сўнг бироз муддат акасининг уйида яшади.

— У пайтларда бизга олти ойга бериладиган маълумотнома билан яшардик, — дейди суҳбатдошимиз. — Шу сабабли уй-жой қилиш учун ер олишда ¬муаммога дуч келдик. Албатта-да, фуқаролиги бўлмаган одамга давлат қандай қилиб ерини ишониб топширсин? Икки йил шу масалада сарсон бўлдик. 1999 йили бизга вақтинчалик яшаш рухсатномаси берилди. Шундан сўнггина хўжалик бошқаруви бизга ер ажратиш бўйича қарор чиқарди.

Шу ерда туғилиб, шу ерда меҳнат қилсанг-у, ўз орзуларингни рўёбга чиқаролмасанг. Шундай деймиз-у, қонун ҳамма учун бир-да.

Ҳа, Сарви опа ўн йил давомида шу зайлда — фақатгина орзу-умидлар билан яшади.

— Фуқаролик паспорти йўқлиги кўп муаммоларни келтириб чиқаради, деб ўйламаган эдим, — дейди опа. — Шу биргина ҳужжат ўзим ҳамда фарзандларимнинг истакларини амалга оширишга имкон бермади. Аммо нолимадим. Чунки бу менинг киндик қоним тўкилган, менга нон-туз берган юрт, яна қайта бағрига олди. Юрагим қўрида андак кемтиклик бўлса-да, умидимни сўндирмадим.

Опа бир оқшом қўлига қалам ол¬ди-ю, мамлакатнинг ўша пайтдаги раҳбари номига хат ёзди. Унда Сарви опа бошидан ўтган барча воқеаларни ҳикоя қилиб, давлат раҳбаридан фуқароликка қабул қилишга кўмак беришни ўтинди. Бироқ орадан 12 йил вақт ўтди ҳамки, хатга жавоб келмади...

Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги Фармонда мамлакатимизда яшаётган, диёримиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида Сарви опанинг ҳам исм-шарифи эълон қилинди.

Сарви опа 21 йиллик армонлари, ушалмас деб билган орзулари рўёби акс этиб турган газетани қўлидан қўймайди. Қувончини яширолмайди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғларига мақтанади.

— Ўзбекистонлик бўлдим, паспорт оламан энди, — дейди севинч кўз ёшларини ҳеч яширмай. — Шу кунларга етказганига шукур....

Хурсандчилиги ичига сиғмаган аёл тезда вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига келади. Бироз муддат навбатда тургач, ичкарига таклиф қилинади. Ана шу кутиш лаҳзаларида у ўзидан олдин паспортни қабул қилиш учун кирган аёл билан суҳбатни тинглаб туради. Шу пайт стол устида турган исм-шарифи ёзилган ҳужжатларга кўзи тушади-ю, уни қўлига олиб варақлар экан, улар орасида ўзи бир пайтлар ёзган хатни кўриб, ҳайратдан қотиб қолади. Нега, нима учун, деган саволлар кўнглидан қайта-қайта ўтаверади-ю, уни тилига чиқаришга куч топа олмайди. Бир қўлидаги қоғозга, бир атрофга аланглайди.

— Ҳужжатларни кўздан кечираётиб, ўзимнинг бундай 12 йил олдин давлат раҳбари номига ёзган хатим ва унга келган жавобни кўриб, бир оз муддат ўзимни йўқотдим, — дейди у биз билан суҳбатда. — Унда менга ва оила аъзоларимга Ўзбекистон фуқаролиги паспорти топширилишига рухсат беришни тасдиқловчи имзо бор эди. Йиғлашни ҳам, куйишни ҳам билмасдим. Биринчи ¬Президентимиз аризамни инобатга олган, мени фуқароликка қабул қилишга розилик берган эканлар-ку, дедим ўпкам тўлиб.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, менга маълум бўлмаган сабабларга кўра, менгача етиб келмаган жавоб хати мазмунидан муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан шаклланаётган, очиқлик ва ошкоралик тамойилига асосланган жамият туфайли огоҳ бўлдим.

Бугина эмас, энди мен ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИМАН! Ўз туғилиб-ўсган ¬Ватанимда бегона эмасман! Уни истаганча севиб, унга истаганча хизмат қила оламан! Менимча, дунё¬да бундан ортиқ бахт йўқ!

Раҳматжон ФАЙЗИЕВ, Бухоронома мухбири

:: орқага № 7, 20.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.