Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Элни суйган эл бўлур

2017 йил 27 ноябрь куни мамлакатимиз Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов ¬таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори имзоланди.

Унда Биринчи Президентимизнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган эзгу ишларни изчил давом эттириш мақсадида қатор тадбирлар белгиланди.

Ушбу санани нишонлаш бўйича тузиладиган тадбирлар режасида, жумладан, 2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш; Қарши шаҳрида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш ва тантанали очилиш маросимини ўтказиш; Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш; "Ислом Каримов фаолияти хроникаси (солнома)" китобини, унинг "Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир", "Юксак маънавият — енгилмас куч" асарларини, шунингдек, "Президентга мактублар" китобини нашр этиш; Самарқанд шаҳрида "Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси" мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш; 2018 йилнинг биринчи чорагида "Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола" танловини якунлаш ва унинг ғолибларини тақдирлаш; таълим муассасалари, ҳарбий қисм¬лар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, ¬турли соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи ¬Президенти хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этишни назарда тутиш белгиланди.

Ўзбекистон — азал-азалдан буюклар юрти. Лекин...

Мустамлака жабрини тортган кезларимиз биздан сиёсат майдонида бундай буюк зот чиқишига йўл бўлсин эди. Не бахтки, пешонамизга ана шундай улуғ инсон битди. У халқ¬ни асрий зулматдан озодлик саҳнига олиб чиқди. Ўзбекистон буюкларга бешик бўлган муқаддас замин эканини бутун жаҳон кўз ўнгида яна бир карра тўла исботлади. Шу улуғ зот сиймосида ўзбекнинг ақл-тафаккури,¬ ¬салоҳияти, қудрати халқаро майдонда бор бўйи басти билан юз кўрсатди. Тарих гувоҳки, баъзан бутун бир халқ ўз кучини биргина фарзанди тимсолида мужассамлашган ҳолда намоён этади. Имом Бухорий, ¬Абу ¬Райҳон ¬Беруний, Абу Али ибн Сино, Соҳиб¬қирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, ¬Заҳириддин Муҳаммад Бобур... ва бошқалар мисолида шундай бўлган.

У ҳар тарафлама даҳо шахс эди. Даҳолар макон ва замон "танлайди". Бошқача ифодалаганда, қай бир маконда қай бир замонга келиб, жамятда буюк бир раҳнамога кучли эҳтиёж юзага чиқади.

Муқаддас динимизда яхши асарлар ёзиб қолдирган, эл-улусга кейин ҳам фойдаси тегадиган мактабу масжиду мадраса, йўлу кўпригу анҳор ва ҳоказолар бунёд этган, шунингдек, солиҳ ва солиҳа фарзандлар тарбиялаган бандаси савоби жория, яъни вафотидан кейин ҳам оқиб турадиган савоб соҳиби бўлиши айтилади. Шу маънода раҳматли Ислом Каримовдан бизга қандай туганмас мерос қолди!

У мустамлака исканжасидан қутулиб, мустақил ва тараққий этган давлат, маъмурий-буйруқбозликка асос¬ланган қолоқ социа-листик тузумдан бозор иқтисодиётига асосланган демократик ¬фуқаролик жамияти барпо этишнинг бус-бутун таълимотини яратди. Бу таълимот шундай кенг қамровлики, унда инсон ва жамият ҳаётининг бирон-бир муҳим соҳаси эътибордан четда қолмаган.

Юртбошимизга ҳамма соҳани бирдай қамраб олиш салоҳияти ато этилган эди. Сиёсий, иқтисодий, маънавий ислоҳотларнинг қай бир масаласи бўлсин, у барча нозикликларигача билар, таҳлил этар, йўл очиб берар, муаммоларнинг оқилона ечимини топар эди.

Конституциямиз муаллифи ва қонунларимизнинг асосий ижодкори, давлатчилигимиз асосчиси, тинчлик-осойишталигимиз, чегараларимиз дахлсизлиги, мамлакатимиз ҳудудий ¬яхлитлигини таъминлашнинг ¬мустаҳкам қўрғони, буюк йўлларимиз қурувчиси, таълим тизими ислоҳотчиси, саноатлашган давлат ташаббускори, фермерлик ҳаракати ихтирочиси, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги учун масъул меъмор, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги мав¬қе-мақомини тайин этган, таш¬қи сиёсатимиз концепциясини ишлаб чиққан буюк арбоб, миллий мафкурамиз асосчиси... Эҳ-ҳе, унинг эзгу ишларини санаб, адоғига етиш – қийин.

Унинг овозида одамларни муайян мақсад сари етакловчи жозиба, сирли бир оҳанрабо бор эди. Бу камдан-кам сиёсатчига насиб этади. Аҳди қатъий эди. Аҳд қилдими, энди уни бу йўлдан Худодан бошқа ҳеч ким, ҳеч қандай куч ёки тўсиқ қайтара олмас эди.

Барча буюк раҳнамоларда бўлгани каби, унинг меҳри қанча бўлса, қаҳри ҳам шунча эди. Хиёнатни, сотқинликни, алдовни, сохтакорликни, кўзбўямачиликни, ялтоқланишни, хушомадни асло кечира олмас эди. Буни унинг "Юксак маънавият — енгилмас куч" асаридаги мана бу сўзлар ҳам тўла исботлаб турибди: "...Маънавий ҳаётимизга жиддий хавф соладиган яна бир иллат ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Шахсан ўзим бу иллатдан жирканаман. Шу иллатга чалинган одамни кўрарга кўзим йўқ. Бу — сотқинлик. Мен ҳар қандай ёвузликни сотқинликдан кўраман. Эзгулик ва ҳақиқатга садоқати бўлмаган, уларга ишонмаган одам қўрқинчлидир. ...Шу муносабат билан тарихда кўп марта ўз тасдиғини топган, мен ҳам ўз тажрибамда синаган ҳаётий бир ҳақиқатни яна бир бор такрорлашни зарур деб ҳисоблайман: агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди".

Буюк қалб, метин ирода, тенг¬сиз азму шижоат соҳиби, бағрикенг, аҳди қатъий раҳбар, доно сиёсатчи, ватанпарвар, халқ¬парвар раҳнамо...

Биринчи Президентимиз мақсад одами эди. Мақсадга етишнинг энг яқин, энг қулай, керак бўлса, энг арзон йўлларини қидирар ва топар эди. Бунинг учун эса ҳар қандай масаланинг ўзагига етиш талаб этилади. Бу шахсда шундай са¬лоҳият жибиллий, яъни туғма эди.

Максималист эди. Ҳамма нарсанинг олий даражада мукаммал бўлишини истар, бошқалардан ҳам шуни қаттиқ талаб қилар, бир масала устида бот-бот ўйлаш, бир лойиҳани қайта-қайта кўриб чиқиш, бир маъруза ёки нутқ матнига сўзга чиқиш лаҳзасига қадар эринмай жило беришдан асло тўхтамас эди.

Сўзга, ғоянинг кучига унча-мунча адибдан ҳам кўра кўп¬роқ ишонар эди. Сўз ва ғояга одамни, жамиятни, пировардида, ҳаётни ўзгартиришга қодир куч янглиғ қарар, одамларнинг онг-тафаккури, жамиятнинг дунёқараши, ҳаётнинг даражасини ўзгартириш учун айнан сўз ва ғоя кучига таянар, давлат ва халқ учун ҳаёт-мамот бўлган масалаларда жамият ўртасига кўпдан-кўп ғоялар ташлар ва уларни амалга ошириш йўлида умрини, бутун борлиғини, жонини тиккан эди.

1992 йил эди. Америкада ўтказилган йиғинда сохта демократлардан бири каминани, радио орқали чиқишларига суяниб, Президент Ислом Каримовнинг маддоҳи сифатида қаттиқ қоралабди. Шу хабарни дунёга ёйишга ҳисса қўшган таниқли хорижий журналистлардан бири билан телефон орқали сўзлашиб: "Биз давлатимиз раҳбарининг қилган эзгу ишларини очиқ-ойдин айт¬япмиз, холос, уни буюкдан олиб, буюкка солаётганимиз йўқ-ку!" — дедим. Ўшанда у фикримга қўшилган бўлиб: "Ўзбекистон раҳбари, эҳтимол, чиндан ҳам, буюкдир?" — деди.

Мана, орадан йиллар ўтиб, вафот этганидан кейин Ер юзининг манаман деган давлат ва сиёсат арбоблари уни "буюк давлат ва сиёсат арбоби" дея таърифлади.

Мустабид тузум даврида халқимиз давлат раҳбарига меҳр кўрсатиш бахтидан ҳам мосуво бўлган эди. Чунки миллий давлатнинг ўзи йўқ эди-да. Биринчи Президентимиз эл-улус меҳрига сазовор бўлди. Бунга осонликча эришилгани йўқ. Ислом Каримов бутун борлиғини халқ ¬ва давлат ишига бағишлади. 27 йилу икки ой мобайнида Ўзбекистон¬га раҳбарлик қилган даврида бу зот ўзини ўринсиз таърифлашларига асло йўл қўймади.

Буюк Юртбошимиз билан видолашувга чиққан Самарқанд хотин-қизлари, маҳаллий урф-одатга кўра, бошларига оппоқ рўмоллар боғлади.

Мустақил давлатимиз асосчиси қабри оппоқ атиргуллар билан безалди.

Халқнинг қора қайғусини шу оқлик аритгандек бўлди. Чунки Ислом Каримов бир пайтлар қолоқ деб ҳисобланган мамлакатни кафтида авайлаб, елкасида кўтариб, ойдин йўлга олиб чиқиб қўйди. Халқимизни бу равон йўлидан энди ҳеч ким орқага қайтара олмайди. Кўнгилларда бир илинж бор: халқ сифатида биз бу йўлни изчил давом эттирсак, шу тариқа янада юксак марраларга етсак, марҳум Йўлбошчимиз руҳини шод этган бўламиз.

Ислом Каримов халқни бир Давлат байроғи остида бирлаштирди. Бунинг ёрқин ифодасини мотам кунлари кўрдик. Миллион-миллион эркак бошига дўппи кийди, миллион-миллион аёл рўмол ўради. Бутун мамлакат гулларга бурканди. Айтишларича, давлатимиз раҳбарига жаноза намози ўқилаётган маҳалда Самарқанд Регистонида қушлар бирдан сайраб юборибди. Биринчи Президентимиз айни қабрга қўйилган лаҳзаларда Тошкентда, шундай иссиқ кун бўлишига қарамай, ёмғир томчилаб ўтди...

Бир неча кун бурун кимдир: "Буюк давлат ва сиёсат арбобларининг вафоти ҳам халқни янада жипслаштиришга хизмат қилади", – деса, эҳтимол, ишонмаслигимиз мумкин эди. Лекин амалда худди шундай бўлди. Бир тану бир жонга айланган, ¬Биринчи Президентимиз ишонган халқи¬мизни ҳеч бир куч ўз буюк мақсадлари йўлидан қайтара олмайди. Зотан, элни су¬йиб элнинг ўзига айланиб кетган Биринчи Президентимизнинг ҳаётбахш ва бунёдкор ғоялари, буюк келажак қуриш йўлидаги журъат-жасорати доимо биз билан биргадир!

Султонмурод ОЛИМ

:: орқага № 6, 17.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.