Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Ҳаракатлар хавфсизлиги ортида — инсон омили

Нафақат республикамизда, балки ¬бутун жаҳонда йўл-транспорт ҳодисаларини камайтиришга қаратилган илмий изланишлар, ҳаракатни тартибга солувчи замо¬навий воситаларни татбиқ этиш чора-тадбирлари белгиланиб, амалга ошириб келинмоқда.

Маълумотларга кўра, бир йилда ер юзида ўртача 1 миллионта йўл-тран¬спорт ҳодисаси содир бўлиб, 250 000 нафар фуқаро бевақт кўз юмади, 800 000 нафари эса турли хилдаги тан жароҳати олади. Улар орасида бизнинг юртдошларимиз ҳам йўқ эмас, албатта. Бухоро вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги матбуот гуруҳи катта инспектори лейтенант Улуғбек Шукурлаев билан шу мавзуда суҳбатлашдик:

— Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг нафақат профессионал вазифамиз, балки бурчимиз ҳамдир. Ҳаракатларимиз ортида инсон омили ётгани бизни доимо ҳушёрликка ундайди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида шаҳар ва туманларда камида 2 тадан, жами 44 дона аҳоли яшайдиган ва чекка ҳудудларда ҳайдовчиларни огоҳликка, ҳушёрликка чақирувчи, тезликни оширмасликка ундовчи белгилар ва оператив хизмат автотранспорт воситалари тасвири туширилган махсус муляжлар, шунингдек электрон қурилмалар ўрнатилди.

Бундан ташқари, шаҳримизнинг Ҳофиз Таниш Бухорий кўчасида 2,5 километр масофада қайта реконструкция ишлари олиб борилиб, янги йўл белгилари, ёритиш ускуналари ўрнатилди, янги асфальт йўл қопламаси ётқизилди. Шунингдек, шаҳримизнинг Ҳавзинав, Муҳаммад Иқбол ва Мирдўстим кўчаларида ҳам кенгайтириш ва реконструкция ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Вилоят ИИБ ЙҲХБда 11 та замонавий, 6 та "Искра-2 ¬", 3 та "Бинар", 1 та "КРИС-П" ва 1 та "Арена" русумли тезликни ўлчаш мосламалари мавжуд. Бироқ ҳайдовчилар томонидан автотранспорт воситаларини бошқаришда амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини назар-писанд қилмасдан, тезликни ошириб, маст ҳолатда, тегишли ҳужжатларсиз автотранспорт воситаларини бошқариш ҳолатлари кўп учрамоқда. Жорий йилда 170711 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилгани ҳам бунинг яққол исботидир.

Президентимиз томонидан 2017 йил 9 февралдаги видеоселекторда ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболли вазифалар ҳақида тўхталиниб, ҳар ҳафтанинг пайшанбасини "Профилактика куни" сифатида ўтказиш белгиланди. "Профилактика куни" ҳамда криминоген вазиятлардан келиб чиқиб тизимда бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, содир этилган жиноятлар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари, турлари ва уларни келтириб чиқарган омиллар ўрганилиб, қонунбузарликлар олдини олиш мақсадида 89 та таълим муассасасида, 215 та корхона ва ташкилотда, 226 та маҳалла фуқаролар йиғинида профилактик тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилди. Аҳолининг кенг қатламини қамраб оладиган оммавий ахборот воситаларида 119 маротаба давра суҳбати ва кўрсатувлар тайёрланиб, қўпол қоидабузарликлар тўғрисида профилактик огоҳлантирув таъсир чоралари қўлланилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида қоидабузарликлар 2016 йилгига нисбатан 17 тага камайган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайиб кетишига, асосан, транспорт воситалари сонининг кундан-кунга ортиб бораётганлиги ва автомобиль бошқарувидаги тажрибасизлик, машина тезлигини ошириш кабилар сабаб бўлмоқда. Қоидабузарларнинг 40 фоизини 25-30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Йўлларимизда содир бўлаётган турли ҳодисаларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш фақатгина йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг вазифаси, деб билмасликни истардик. Чунки ҳар биримиз, аввало, ўз ҳаётимиз, қолаверса, ўзгалар ҳаёти хавфсизлигига масъулмиз. Уйдан кўчага чиқдингизми, сиз йўл ҳаракати иштирокчисига айланасиз. Демак, белгиланган йўл ҳаракати қоидасига амал қилишингиз шарт ва зарур. Йўлда бир сонияга кечикиш ёки шошилиш ҳам инсон ҳаётига нуқта қўйиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, пиёдалар, ҳайдовчилар, йўловчилар ва айниқса, болаларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этишга чақириб қоламиз.

"Бухоронома" мухбири Наргиза Қувончева суҳбатлашди

:: орқага № 4, 14.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.