Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

* Долзарб мавзу

Лоқайдликка ўрин йўқ

Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган йиғилишда: "...Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш — бар¬¬чамизнинг энг муҳим вазифамиздир", деб таъкидлаши замирида соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш муаммоси мужассамдир.

Ўтган қисқа муддат давомида Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш, шунингдек, Бош прокурорнинг 2017 йил 11 сентябрдаги "Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси устидан назорат самарадорлигини янада ошириш тўғрисида"ги буйруғи талабидан келиб чиқиб белгиланган вазифалар қай даражада бажарилаётганлигини ўрганиш борасида вилоят прокуратураси томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, тиббиёт тизими мутасаддилари, ҳар бир ходим зиммасига оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, бунда ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган перинатал хизматни такомиллаштириш, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, туғма нуқсонли ва наслий касалликлар билан туғилишларнинг олдини олиш, туғруқ комплекслари ва болалар шифохоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ¬асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш мақсадида аёллар тиббий кўригини тўлақонли ташкил этиш тизимини жорий қилиш вазифаси юклатилган. Аммо таҳлиллар айрим тиббиёт ходимлари давр талаби, юқорида қайд этилган қонунлар моҳиятини чуқур англамаётганлигини кўрсатади.

Вилоятда туғруқ жараёнлари билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф қилишга қаратилган чоралар кўрилаётган бўлса-да тиббиёт тизимининг айни йўналишдаги фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди.

Статистик маълумотларга қараганда, 2017 йилда гўдаклар ўлими 260 тани ташкил этиб, 2016 йилга муқояса қи¬линганда, 5 тага камайган. Бироқ Шофиркон, Олот, Қоровулбозор, Бухоро, Вобкент ҳамда Когон туман (шаҳар)ларида бу рақам ошган.

Ҳомиланинг эрта патологиясини аниқлаш бўйича профилактик тадбирларга етарлича эътибор қаратилмагани, қолаверса, бўлажак оналар ўз вақтида скрининг кўригидан ўтмаганлиги боис, туғма нуқсон билан дунёга келган 51 нафар бола нобуд бўлган. Туғиш ёшидаги ҳомиладор аёлларга тиббий ва патронаж хизмати кўрсатиш ишлари тўғри ташкил этилмаганлиги туфайли, перинатал давр касалликлари она ва бола ҳаётининг хавф остида қолишига олиб келмоқда.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муассасаларида ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва антенентал ёрдам кўрсатишни ташкил этиш борасида қабул қилинган қонунлар, қонуности меъёрий ҳужжатлар ҳали ҳаётга тўла татбиқ этилган деб бўлмайди.

Бу борада бирламчи тиббиёт хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш каби йўналишлар устувор вазифа қилиб белги¬ланган бўлишига қарамасдан, туғруқхонада нобуд бўлган болалар 29,6 фоиз, вилоят перинитал марказида 21,1 фоизни ташкил қилган. Бу ҳолат туманлар миқёсида таҳлил қилинса, афсуски, рақамлар салмоғи янада ошади.

Қайд этилган гўдаклар ўлими ҳолатларининг ҳар бири юзасидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда хизмат текширувлари, тиббиёт тизими муассасаларида кенгайтирилган йиғилишлар ўтказилиб, фактлар таҳлил қилинди. 152 нафар тиббиёт ходимларига интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Бу каби салбий ҳолатлар нафақат тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган айрим ходимларнинг ло¬қайдл¬иги, совуққонлиги ва масъулиятсизлиги, балки фуқароларимиз орасида ҳали ҳам тиббий маданияти ҳаминқадар, ўз соғлиғига эътиборсиз, соғлом турмуш тарзига амал қилмайдиган ҳамюртларимиз борлиги натижасидир.

Азамат РАҲМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Мэлс РАҲМОНОВ, Бухоро вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси

:: орқага № 4, 14.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.