Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Газета мавзуга қайтади

"Интернетга маҳлиёлик" хасталиги

(Иккинчи мақола)

Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби бизда ҳам кўпчиликнинг "ўргимчак тўри" асирига айланиб бораётганлигини кўриш мумкин. Катта ёшдагилар анча-мунча нарсани кўргани, билгани боис интернетдан бирмунча ақл билан фойдаланиб, ўз вақтида унинг таъсиридан чиқа олишни эплаётган бўлсалар, афсуски, ҳали ҳаёт ҳақидаги тасаввури шаклланмаган ¬норасидалар бу — "сеҳрли қути"нинг ёлғонларига тобора тезроқ ва кучлироқ алданмоқдалар.

Мактабда ўқиб юрган кезларим ус¬тозларимиз бизга шундай вазифа беришарди: "Ҳар бирингиз "Ахборот" информацион дастурини кўриб, ундан юртимиз ва дунё мамлакатлари ҳаётига оид бештадан маълумот ёзиб келасиз". Биз, ўқувчилар дарслар ва мультфильм томошасидан кейин кечки пайт, ёки улгура олмасак, эрта тонгдан кун янгиликларини ёзиб олишга ошиқар, ўқитувчиларимизни хафа қилмайлик, деган хавотирда ота-онамизни ҳол-жонига қўймасдик. Ўқитувчиларимиз берган топшириқларни бажариш ор¬қали биз фанларни ўзлаштирибгина ¬қолмай, жаҳон ҳамда юртимиз ҳақидаги янгиликларни айтиш билан бирга уларда рўй ¬бераётган ўзгаришларни бир-бирига ¬қиёслаб, юртимиз тинчлиги ва ободлиги йўлида машаққат чекаётган катталар, жумладан, ота-оналаримиздан миннатдор бўлар эдик.

Ва бугун айрим ёшларимиз таъна қилиб айтаётганидек, ўзимизни замондан орқада қолган, дунёбехабар одамлар деб билмасдик. Чунки билимларимизни оширувчи, маънавий эҳтиёжларимизни ҳар жиҳатдан қондирувчи китоб мутолааси деган қадриятга эга эдик. Ҳали-ҳануз ана шу қадрият бизга ҳар бир жаб¬ҳа ва ҳар лаҳзада кўмакчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳозирги кунга келиб эса қўлига газета олиб ўқиётган, телевизор орқали "Ахборот" ёхуд "Давр" кўрсатувларини кузатаётган ёшларни камдан-кам топасиз. Интернет барча янгиликларни телефонига юбориб турганда, газета варақлаш ёки телевизорга термулишга не ҳожат... Бунинг устига, айни чоғда ёшларга юртимиздаги ривожланишу янгиланишлардан кўра, эстрада ва кино юлдузларининг ҳаёти, сайру саёҳати, кийинишию кундалик турмуш тарзи билан боғлиқ енгил-елпи хабар ва суратлар, видеолавҳалар қизиқроқ туюлади.

Сўнгги русумдаги телефонни ота-оналар боласига ўрта махсус таълимни якунига етказгач, ҳеч бўлмаганда, мактабни тамомлагандан сўнг олиб беришса ва ундан қандай фойдаланаётгани билан қизиқиб, текшириб, таълим даргоҳидаги устозлари билан ҳамкорликда кузатиб боришса, келажагимиз эгалари интернетга бунчалар боғланиб қолмас эдилар, балки. Афсуски, кўп ҳолларда бунинг аксига дуч келамиз. Айниқса, балоғат ёшидаги фарзандларимизга телефондан фойдаланишда чеклов қўйсангиз, кўзига ёмон кўриниб қоласиз. Бу ҳам етмагандек, уларга ён босиб, таълим муассасаси ёки тарбиячилар билан очиқчасига жанжал қилишгача борадиган ота-оналарнинг таъна-маломати ҳаммасидан ошиб тушади.

Ҳар бир масъулиятли педагог дарсига телефон олиб кириш ва ундан фойдаланиш борасида амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар доирасида маълум чекловлар қўйса, гуруҳ раҳбарлари — психолог ва ёшлар етакчиси иштирокида ўқувчиларнинг қўл телефонларини назорат қилиб борса, бизнинг¬ча, аҳвол бунчалик ташвишли бўлмасди.

Тармоқ мутахассислари эса ёшларимиз дунёқараши, айниқса, миллий қадрият¬ларимизга мос келмайдиган баъзи сайт¬ларга, эстрада ва кино "юлдуз"ларининг ижтимоий тармоқни ёппасига эгаллаб олган номуносиб хатти-ҳаракатларини кўз-кўз қилишига томошабин бўлиб қолиши асло мумкин эмас. Зеро, бу каби иллатлар фарзандларимизнинг ақли ва тафаккурини ўтмаслаштирибгина қолмай, соғлиғига ҳам путур етказмоқда. Улар ва ота-оналар ўртасида тубсиз жарлик пайдо қилиб, турли тушунмовчилик ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Шу аснода халқимиз минглаб йиллар давомида авайлаб келган қадриятларга гард тегмоқда.

Шундай экан, ҳар биримиз, айниқса, ёшларимиз, аввало, маънавий жиҳатдан камолотга етиш ҳақида кўпроқ қайғуришимиз, моддий-маънавий салоҳиятимизни айни шу мақсадга сафарбар этишимиз, Президентимиз таъкидлаганларидек, "жаҳолатга қарши маърифат" билан курашишимиз лозим бўлади. Ана шундагина нафақат ижтимоий тармоқдаги, балки исталган турдаги жаҳолат бизни таслим қила олмайди. Хўш, сиз бунга нима дейсиз, азиз замондош?!

Умида СОДИҚОВА

:: орқага № 3, 10.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.