Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Инсон шаъни — олий қадрият

Йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш бағрикенг халқимизнинг азалий қадриятидир. Инсонпарварликнинг чинакам намунаси саналган бу фазилат айни кунларда яна бир бор ёрқин намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси Конс¬титуцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида"ги Фармони бу жараёнда мустаҳкам асос бўлаётир.

Мазкур ҳаётбахш ҳужжат асосида озодликка чиқарилган юртдошларимиз қаторида шофирконлик Вадуджон Ярашов ҳам бор. У айни пайтда 22 ёшда. Куч-қуввати жўш урган, халқона ибора билан айтганда, тоғни урса талқон қиладиган паллада. У бундан бир йил олдин билиб-билмай жиноятга қўл урган ва бу жинояти учун тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Белгиланган жазо муддатининг тўртдан бир қисмини ўтабоқ афв шарофати билан ота-онаси бағрига қайтган Вадуджон билдирилган ишонч ва берилган имкониятдан боши осмонда. Отаси Неъмат ака ва онаси Орифа опаларнинг қувончи чексиз. Инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланган юртимизда олиб борилаётган кенг миқёсли инсонпарварлик сиёсатидан уларнинг қишлоқдошлари ҳам хурсанд.

— Ўғлим ҳудудимиздаги 12-мактабни ҳамда Шофиркон саноат ва миллий ҳунармандчилик коллежини аъло баҳоларда тугатган эди. Унинг жиноятини кечириб, бағримизга қайтарганликлари учун муҳтарам Президентимизга, давлатимизга минг раҳмат. Эътиборсизлигимиз сабабли фарзандимиз қилган хатосини бошқа қайтармаслиги учун кафил ва мадад бўлаётган жамоатчилик фаолларига — қишлоқдошларимизга ҳам ташаккур. Атрофимизда бизга хайрихоҳ яқинларимиз кўп экан, билдирилаётган ишончни биргаликда оқлаймиз, албатта, — дейди Вадуджоннинг отаси Неъмат Ҳасанов.

В.Ярашовнинг уйга қайтиши унинг яқинлари ва у яшаётган Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғинидаги Додбоғни қишлоғи аҳолисига қувонч бағишлади. Кўнгил сўраб келганларнинг барчаси унинг фаол ҳаётга киришиб кетиши ва тузалиш йўлига ўтиши учун бирдай ҳаракат қилишларини таъкидлашди.

Туман ҳокимлиги ҳузуридаги ижтимоий кўникма маркази мутахассиси Акмал Ориповнинг қайд этишича, Вадуджон Ярашовнинг жамиятга қайтиши, бирламчи тиббий хизмат, моддий ёрдам ва кафолатли иш жойи билан таъминланиши учун барча чоралар кўрилган. Келажакда тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида бўлган ¬В.Ярашов айни пайтда отаси бошқараётган ¬"Ҳасанов Неъмат" фермер хўжалигида иш бошлади. Фермер хўжалик негизида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилди.

Бу мурожаат белгиланган тартибда ижобий ҳал қилиниши аниқ. Чунки юқоридаги Фармон билан афв этиладиган маҳкумларга жамиятнинг фаол аъзосига айланиш учун барча ижтимоий-иқтисодий имкониятлар яратилиши кўзда тутилган.

Алишер ОБИДОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 2, 06.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.