Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Янги йилда янги меҳмон

31 декабрь санасида вилоятимизда дунёга келган 95 нафар янги меҳмоннинг ширин йиғиси оламни тутди. Оналик бахтига муяссар бўлган, фарзандини соғ-саломат бағрига олган аёллар чеҳрасида хушнудлик, ҳаётдан розилик ҳислари акс этди. Бир-бирини Янги йил билан қутлаётган қариндош-уруғларга етиб келган янги меҳмон хушхабари хонадонларни қувончу шодликка, қўшалоқ байрам шодиёнасига тўлдириб юборди. Байрам дастурхони атрофида дуога қўл очишар экан, дунёга келган гўдакларнинг умри узун, бахти бутун бўлсин, дея ният қилишди.

Вобкент шаҳрида истиқомат қилаётган Мадина Шайдоеванинг ҳам қувончи чексиз. Унга бир неча йиллардан бери орзиқиб кутилган — оналик бахти янги йил куни насиб этди.

— Турмуш қурганимизга 12 йил бўлди, — дейди у боласини бағрига босганча ҳаяжон билан. — Якунига етаётган 2017 йил ҳаётимизда унутилмас из қолдирди. Узоқ кутган биринчи фарзандимиз дунёга келди. Шифокорларнинг айтишича, фарзандим барча кўрсаткичлар бўйича соғ-саломат экан.

Вобкент туманидаги туғруқ мажмуаси ўтган давр мобайнида барча талабларга жавоб берадиган муассасага айланди. 2016 йилда мукаммал таъмирдан чиқарилган 70 туғруқ ўр¬нига эга мажмуа тиббиётнинг энг илғор технологиялари билан жиҳозланган. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган 7 та туғруқ зали ҳомиладор аёлларга хизмат кўрсатади.

Мажмуада 2017 йил давомида 1887 нафар чақалоқ дунёга келди. Оналар ўлими анча йиллардан бери кузатилмади.

— Туғруқхонада фарзанд кутаётган оналар, янги туғилган чақалоқларни парваришлаш учун барча шароитлар яратилган, — дейди туман бош акушер-гинекологи, туғруқ мажмуаси бўлими мудири Мустақим Баротов. — Чақалоқларни сунъий ¬нафас олдиришга мўлжалланган ¬мослама, оптик видеотизим сингари тиббий асбоб-ускуналар нуқсон ¬билан туғилган чақалоқларни соғ¬ломлаштиришда қўл келмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган гўдак парвариши учун зарур Витал — Витамин К сингари турли витаминлардан фойдаланиляпти, болани кўкрак сути билан парваришлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Ҳомиладорларни туғруққа тайёрлаш бўлими 35 ўринга мўлжалланган. Ультратовуш аппарати, электрокардиограмма ҳамда клиник лабораторияда аёлларнинг умумий ҳолати бўйича текширув ўтказилади ва уларнинг ҳар бири белгиланган йўналиш бўйича даволанади.

Туғруқхона қошида фаолият кўр¬сатаётган маслаҳат-ташхис полик¬линикаси мутахассис-шифокорлари ҳомиладорликнинг дастлабки ойларида бўлган оналарнинг саломатлигини ҳар томонлама таҳлил қилади ва маслаҳат-ташхис хизмати кўрсатади.

Туғруқхонада ўз кас¬бининг моҳир устаси бўл¬ган тажрибали шифо¬корлар кунни тунга улаб, ҳар бир она ва бола саломатлиги йўлида чин дилдан фидойилик билан ¬хизмат қилмоқда. Улар ҳар бир гўдак соғ-саломат туғилиши учун туғруққача ва туғруқ пайтида қилиниши лозим бўлган муолажа¬ларга масъулият билан ёндашиб, ўз вазифасини сидқидилдан адо этмоқда.

— Байрамларда ҳам эл-юрт, хонадонлар хизматида, одамларнинг бахт¬ли онларига шерик бўлиш — касбимизга нисбатан қалбимизда ўзгача меҳр ва фахр туйғуларини уйғотади, — дейди акушер-гинеколог Раи¬са Кенжаева. — Дунёга келган чақа-лоқларнинг эрка йиғиси чарчоқ ва машаққатлардан бизни фориғ этади. Руҳимизга енгиллик, қалбимизга ором, кўнгилларимизга қувонч ба¬ғишлайди. Боласини бағрига босаётган она юзидаги бахтиёрликни кўриб, хотиржам ҳолда яна ишга шўнғиймиз.

Бир йилда икки минг нафаргача чақалоқларнинг овози янграйдиган бу муассасада она ва болалар ана шундай меҳр ҳамда эътибор оғушида бўладилар.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 1, 01.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.