Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

"Тилсиз ёв"дан эҳтиёт бўлайлик!

Қиш мавсумида иситиш воситаларидан фойдаланишда биринчи галда эҳтиёткорлик, ҳушёрлик талаб этилади. Ўз навбатида, мазкур омил фуқароларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, шу йўналишда тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб боришга боғлиқ. Президентимизнинг жорий йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, вилоят марказида ҳам ҳар чоршанба куни ўтказилаётган "Ёнғинлар профилактикаси куни"дан кўзланган бош мақсад шу.

Лекин афсуски, айрим кишиларнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги оқибатида айнан ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар учраб турибди. Чунончи, ўтган ойда Бухоро шаҳри, А.Жомий кўчасидаги уйлардан бирининг орқасида чиқиндилар ёқиб юборилган. Номаълум кимсаларнинг бундай қилмиши ўн икки квадрат метр ер майдонининг куйишига олиб келган. Хайриятки, бундан ҳеч ким жабрланмаган. Акс ҳолда, турар жой яқинида кузатилган бу ҳодиса оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин эди.

Шунга ўхшаш ҳолатлардан бири "Асадбек Азизбек Зебинисо" МЧЖга қарашли "А — кафе" умумий овқатланиш шохобчасининг таом тайёрлаш биносида ҳам келиб чиққан. Вилоят марказидаги Мустақиллик кўчасида жойлашган бу бинонинг томи ёнган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида олов дарҳол ўчирилган. Муҳими, бундан ҳеч бир фуқаро тан жароҳати олмаган. Мазкур ҳолат хавфсизлик қоидаларига етарлича риоя қилинмаганлиги сабабли юз берган.

Албатта, ёнғинни ўчиришдан кўра унинг олдини олган афзалроқ. Соҳа мутахассислари томонидан мазкур йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят марказидаги ДОЗ-5 масканида текширишлар олиб борилганда, хавфсизлик қоидаларига эътиборсизлик ҳолатлари аниқланди. Жумладан, бу ерда фаолият кўрсатаётган кўпчилик тадбиркорлар бирламчи ўт ўчириш воситалари билан етарли таъминланмаган. Биноларда ёнғин чиққанидан автоматик тарзда хабар берувчи мосламалар йўқ. Сув ҳовузи ва ер остидан сув олиш ускуналари ҳолати ҳам талаб дара¬жасида эмас. Шунингдек, бу ердаги цехларда вақтинчалик тортилган электр симларидан, ҳимоя қопқоғи йўқ чироқлардан фойдаланилмоқда. Мабодо, бу ердаги омборхоналарда ёнғин содир бўлса, турли тўсиқлар қўйилгани сабабли ўт ўчириш машинаси маскан ҳудудига кира олмаслиги ҳам аниқланди.

Бу каби ҳолатларни вақтида бар¬тараф этиш яхши, албатта. Лекин соҳа мутахассиси сифатида таъкидламоқчимизки, ҳеч биримиз "тилсиз ёв" билан асло ўйнашиб бўлмаслигини унутмаслигимиз лозим.

Бешим РЎЗИЕВ, Бухоро шаҳар ЁХБ бошлиғи Нозим КОЗИМОВ, ЁХБ инспектори

:: орқага № 102, 16.12.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.