Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Бухоро — Мискин темир йули фойдаланишга топширилди

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг март ойида вилоятимизга қилган ташрифи доирасида Бухоро — Мискин янги темир йўли қурилишига оид истиқболли лойиҳалар билан танишган ва ушбу йўналишдаги ишлар сифатини оширишга, одамлар ташвишини енгиллаштиришга, эл-юрт фаровонлигини таъминлашга оид қатор тавсияларни берган эди. "Ўзбекистон темир йўллари" акционерлик жамияти жамоаси ўзига билдирилган ишончни оқлади. Қисқа муддат ичида мазкур темир йўлнинг биринчи босқичи якунига етди.1 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Мискин станциясида янги темир йўлни фойдаланишга топшириш ¬маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ў. Барноев бошчилигидаги бир гуруҳ бухороликлар ҳам иштирок этдилар.

Айтиш жоизки, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат вилоят делегацияси аъзолари Бухоро — Мискин йўналиши бўйлаб илк бор ҳаракатланган йўловчи поезднинг дастлабки йўловчилари бў¬лишди.

— Зап ажиб замонлар келди-да,— дейди сафардаги ҳамроҳларимиздан бири, темир йўл соҳасида узоқ йиллар ишлаган меҳнат фахрийси Тошмамат Рустамов. — Собиқ иттифоқ даврида бошқа соҳаларда кузатилганидек, биз, ўзбекистонлик темирйўлчилар мустақил тарзда бирор ишга қўл ура билмасдик. Ҳаммаси учун марказдан рухсат олишга мажбур эдик. Бошимиздан ўтган нарсалар бу. Энди эса ҳаммаси бошқача. Мана бу темир йўлни олиб қаранг. Кимлар учун бу мўъжиза, кимлар учундир тушга ўхшайди. Унинг қурилишига "Навоий — Учқудуқ — Султон Увайстоғ — Нукус", "Тошғузор — Бойсун Қумқўрғон", "Ангрен — Поп" темир йўл қурилишларида фаол қатнашган тажрибали ишчи-мутахассислар жалб этилганидан хабардорман.

Яна бир гап. Юртимизнинг табиати бениҳоя гўзал. Яқинда франциялик бир сайёҳ билан суҳбатлашиб қолдим. У поездда юриш сайёҳ учун қулайлигини таъкидлади. "Поезд¬да кетаётиб юртингиз боғ-роғлари, тоғлари, саҳроларини томоша қилдим. Бу менда унутилмас таассурот қолдирди. Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич ери — мўъжиза", — дейди у.

Суҳбатдошимиз ҳақ. Саҳронинг қоқ бағрини ёриб ўтган, умумий узунлиги 355 километрни ташкил этувчи бу темир йўл ҳам чинакам мўъжизадир. Мўъжизалар эса биламизки, ҳар куни ҳам рўй беравермайди.

— Бу темир йўлнинг қурилиши иқтисодиётимиз, жумладан, қишлоқ хўжалиги ривожи учун муҳим аҳамиятга эга,— дейди пешкўлик донгдор фермер, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Ёқуб Фаттоев. — Йўл ёқасидаги станцияларга кўзингиз тушдими? Шинам бу иншоотлар атрофида боғ-роғлар барпо этилади. Қуш учса қаноти куядиган саҳрода ҳаёт қайнайди. Ҳудуддаги қазилма бойликлар ўзлаштирилади. Одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари учун янги имкониятлар юзага келади.

— Ушбу иншоот ишбилармонликнинг ривожланишига ҳам хизмат қилади, — дея суҳбатга қўшилди "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими раиси Дилбар Аҳмедова.— Ҳозир уюшмамизнинг салкам икки минг нафар аъзоси бор. Улар қорақалпоғистонлик, хоразмлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлаш ниятида. Қулай ва хавфсиз бу йўл ишбилармонларнинг ўз бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, ички бозордан яқин ҳамкорлар топишларига кўмаклашади.

Маълумотларга кўра, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 283,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Линия бўйлаб 121 та иншоот, 12 та кўприк, 6 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. Янгиобод, Тузтепа, Учачиқ, Сузакдор, Даутепа станциялари ва бешта разъезд барпо қилинди. Пойтахтдан Урганчга қатновчи поездлар 1064 километр йўл босиб, "Навоий — Учқудуқ — Мискин" магистрали орқали ҳаракатланаётган бўлса, эндиликда ушбу лойиҳа шарофати билан қатнов масофаси қарийб 100 километрга қисқаради. Вақт, ёнилғи тежалади. Ушбу темир йўл қурилишининг иккинчи босқичида электрлаштириш ишлари амалга оширилади. Юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар қатнови йўлга қўйилади.

...Поезд манзилга келиб тўхтади. Мискин байрамона тусда. Мезбонлар, Тошкент, Бухоро, Хоразмдан келган меҳмонлар, темирйўлчилар бир даврага жамланишди. Ўзбекистон ¬Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Раматов тўпланганларни йирик лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунига етгани муносабати билан табриклаб, унинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаё¬тида тутажак ўрни хусусида тўхталди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев ҳам сўз олиб, Президентимиз ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан барпо этилган темир йўлнинг воҳа учун аҳамияти бениҳоя катталигини таъкидлади. Барчани азиз авлиёлар юрти Бухорои шарифга таклиф этди. Зеро, энди диллар ва элларни туташтирувчи янги темир йўл фойдаланишга топширилди.

Маросимда миллий удумларимизга мувофиқ дастурхон ёзилиб, таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, журналист

:: орқага № 98, 06.12.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.