Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Жасоратга йўғрилган умид

Қатъият, пок ният, ҳар қандай оғир шароитда ҳам руҳий тушкунликка тушмаслик, кучли ирода... Инсонни улуғлайдиган бу каби фазилатларнинг миллатию насл-насаби бўл¬майди. Бу умумбашарий фазилатлар ёруғ мақсадларни кўнг¬лига туккан ва уларни рўёбга чиқаришга астойдил интилган ҳар бир инсон қалбида, амалида яшайди. Бу жараёнда инсонга ат¬рофдагиларнинг ёрдами, далдасидан ташқари, ўзининг бой тафаккури ва кучли иродаси қанот бўлади.

"Жасорат" медали соҳибаси Нигора Эргашевани Қоровулбозор туманида ҳамма ҳурмат қилади. Қўли гул, моҳир тикувчи. Ўткир зеҳни, нозик дидини ишга солиб, турли ўлчамдаги, ҳар хил андозали кўйлагу шимлар, замонавий либослар тикади. Шу боис мижозлар унинг бўш вақтини бир неча кунлаб кутишга мажбур бўлишади.

— Нигора — тўнғич фарзандим, — дейди онаси Ҳамида опа. — Унинг туғилиши оиламизга қувонч олиб келган. Қизим тенгқурларига нисбатан анча тез улғайди. Мактабда ҳам аъло баҳоларда ўқиши, чаққон ва уддабуронлиги билан ажралиб турарди. Тикувчиликка меҳри унда болалигидан шаклланган. Бир куни ишдан қайтгунимга қадар ўзи мустақил равишда пальтомни қирқиб, ундан ўйинчоқ тулкича тикиб қўйибди. Жаҳлим чиқиб, нега қирқдинг, десам, "Фақат шу пальто тулкининг рангидек тўқ сариқ экан-да", — деб жавоб берганди.

16 ёшида умуртқа поғонасида қандайдир яра пайдо бўл¬ди.¬ Шифокор кўригига олиб бордик. У ярани жарроҳлик йўли билан даволаш мумкинлигини айтди. Қизимиз соғайиб кетишидан умид қилиб, операцияга рози бўлдик. Аммо муо¬лажадан сўнг Нигоранинг оёқлари ишламай қолди. Биз учун ҳам, ҳаётининг энг қизғин, гуллаган даврини ўтказаётган қизим учун ҳам бу ҳолни қабул қилиш жуда оғир кечди. Бормаган жойимиз, кўрсатмаган шифокоримиз қолмади. Энди кеч, дейишди. Операция жараёнидаги эътиборсизлик туфайли орқа миядаги суюқлик оқиб кетган экан...

Аммо яқинларининг меҳри, атрофдагиларнинг далдаси, тикув¬чилик ҳунарига бўлган иштиёқи Нигорани руҳий тушкунликдан ¬чиқишга, ҳаётни севишга ва жа¬миятда ўз ўрнини топиш учун ¬меҳнат қилишга ундади.

— Мен келажакда албатта оёққа тураман, — дейди у ишонч билан. ¬¬— Чунки, болалигимдаги қувончу шодлигимни тортиб олган ўша воқеадан сўнг зулматда қолган қалбимни тикувчилик ҳунарининг машъаласи ёритди. Бу ҳунарга бўл¬ган қизиқишим иқтидоримни юзага чиқариб, йиллар давомида уста тикувчи бўлиб етишишимга сабабчи бўлди. 2008 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли касаначилик цехида иш бошладим. Ўз уйимда туриб меҳнат фаолиятимни юритдим. 2013 йилда туман ҳокимлиги мутасадди ходимлари уйимизга келиб, "Жасорат" медали билан тақдирланганимни айтишди. Ўша пайтдаги ҳолатимни тасвирлай олмайман. Мендек оддий қишлоқ қизининг камтарона меҳнати бундай юксак мукофот билан тақдирланишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Кўксимга тақилган нишон мени ҳаётни севишга, ёшларга тикувчилик сирларини ўргатиб, жамиятда ҳунарманд аёллар сафини кенгайтиришга муносиб ҳиссамни қўшишга ундади.

Йиқилганни суяш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш халқимизнинг фазилатларидандир. Туман марказидан анча олисда яшайдиган Нигора Эргашевага 2015 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли икки хонали уйлардан бири топширилди. Уйда мустақил ҳаракатланиши учун барча қулайликлар яратиб берилди. Эндиликда у бу эътиборга жавобан фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Нигора Эргашева тақдири билан танишар эканмиз, инсон иродаси нақадар қудратга эга эканлигига, агар у жазм этса, ҳатто ногирон ҳолатида ҳам мўъжизалар ярата олишига иймон келтирдик. Қўл-оёғи бутун, тоғни урса талқон қиладиган, лекин ҳаётдан нолиш, турмуш ташвишларидан оғринишдан нарига ўтолмайдиган кишилар учун Нигора Эргашевага ўхшаган инсонлар матонати нечоғлик катта ибрат бўла олишини ўйлаб, қалбимиз умид ва ишончга тўлди.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 97, 02.12.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.