Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Бугуннинг гапи

"Интернетга маҳлиёлик" хасталиги

(Биринчи мақола)

Ҳозирги кунда замонавий ахборот технологиялари тараққий этгани сайин интернет олами ҳам ривожланиб бормоқда. У бизнинг ҳаётимизга шунчалик тез кириб келдики, яқин ҳамроҳимизга айлангандек гўё. "Узоғимизни яқин, йўғимизни бор қилувчи" бу восита зарур бўлган маълумотни топиш, хорижда таълим олаётган ёки хизмат сафарида юрган яқинларимиз билан мулоқотда бўлиш учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Аммо танганинг икки томони бўлгани каби, интернетнинг ижобий жиҳатларидан кўра салбий томонларига маҳлиёлик тобора авж олиб бораётгани ҳам аён ҳақиқат. Энг ёмони, "смартфонга тобелик" касалига чалинганлар сони ошиб, уларни умумий овқатланиш жойларида, жамоат транспортида, ҳатто чорраҳани кесиб ўтаётганлар орасида ҳам учратадиган бўлиб қолдик. Айниқса, интернет асирига айланган ёшларга назар ташласангиз, исталган жойда боши эгик ҳолда смарт¬фонда ким биландир ёзишаётганига гувоҳ бў¬ласиз.

Яқинда зарур маълумот олиш учун шаҳар марказидаги интернет клубларидан бирига кирдим. Керакли сайтни қидириш асносида қўшни компьютерда асабийлик билан ҳарф тераётган йигитнинг ҳаракатлари эътиборимни тортди. Башанг кийинган, соч¬ларини "ўзгача" услубда тараган, аммо негадир ичида ғудраниб қўяр, ҳар замонда столни муштлаб, яна ёзишга ту¬шар, англашимча, ким биландир виртуал йўсинда тортишарди. Рости, бундай ҳолатга биринчи бор гувоҳ бўлишим ҳамда монитор қарши¬сида дунёни унутиб ўтирган одамни кўришим эди. Гарчи матбуот ва телевидениеда бот-бот айтиладиган "интернет маҳлиёлиги" хасталиги ҳақида маълумотга эга бўл¬сам-да, мутахассислар ошириб юборишади-да, деб ўйлаган пайтларим кўп бўлган. Бу воқеадан сўнг "Бонг уришганича бор экан-да..." деган фикр хаёлимдан ўтди.

Айрим ёшлар эсдан оғар даражада интернетга берилгани рост. Гоҳида "Одноклассники" сайтида тонггача фаол бўлган қизлар, баъзида ёши бир жойга бориб қолган аёлларнинг ўз оиласи, фарзандларини унутиб, онлайн ҳаётда "фаол" жавлон ураётганлигини кўриб, ҳайратга тушасиз. Жамиятни ташвишга солаётган "оммавий ма¬даният" одамларда истеъ¬молчилик ва бефарқлик ¬кайфиятини авж олдириб юбо¬раётгани ана шундай лаҳзаларда бутун фожиаси билан кўриниб қолади.

"Оммавий маданият"нинг мақсади ҳам шу. Исрофгарчиликни яхши кўради, тежамкорликни жини суймайди. Фаол инсонни боқимандага айлантиради. Меъёр ҳиссини сусайтираётган бу каби иллатларга қарши фақат ақл билан курашишимиз лозимлигини унутиб қўйяпмиз. "Маданиятлилик" ниқобига бурканган бу хавфга кўр-кўрона эргашаётганимиз эса янада ачинарли.

Интернетдан ва шу каби бошқа ахборот манбаларидан фойдаланишга ҳар биримиз ҳақлимиз. Бироқ бу — нима тарғиб қилинса, нимаики ёпирилиб келса, барчасини қабул қилавериш дегани эмас. Юқорида биргина инсон ҳаётида рўй берган ҳолатни эслатдик. Аслида интернет келтираётган офатлар ҳар соатда юртимиз дарвозасини чертиб, ҳар бир оилага дахл қилмоқда. ХХ аср олимлари ХХI аср авлоди ўз интеллектуал салоҳияти, юксак диди, ақлий шиддати билан оламшумул ишлар қилишга қодир бўлади, дея башорат қилишган эди. Афсуски, бу асрда ақлнинг ўта фаоллашуви унинг ҳалокатига олиб келмаса эди, деган ҳадик ҳам бўй кўрсатмоқда.

Бу ҳадик бежиз эмас. Статистик маълумотларга кўра, 2 миллиард интернет фойдаланувчиси мобиль телефондан тармоққа уланаркан.

Смартфондан кўп фойдаланиш эса уйқусизлик ва кўз касалликларини вужудга келтириши аниқланган. Бугунги кунда мактаб ўқувчисидан тортиб университет талабасигача мобиль телефондан интернетга боғланиш воситаси сифатида фойдаланмоқда.

Мутахассислар берган маълумотга кўра, аксарият ёшлар тунда интернетдан фойдаланиши оқибатида кўз касалликлари ва уйқусизликдан азият чекмоқда. Ётган ҳолатда смартфон экранига термулиш кўзга тик ҳолатда фойдаланишдан кўра бир неча маротаба зарарли. Яхши ухлаш учун смартфонга термулиш эмас, уйқу олдидан бир неча дақиқа китоб ёки газета мутолаа қилган маъқул, дейишмоқда улар.

Шу боис хориж давлатларида "ақлли гаджетлар"дан кўп фойдаланишга қарши кураш олиб борилмоқда. Пенсилвания ва Калифорния университети раҳбарияти жорий этган қоидага кўра, талабалар агар смартфонларини ўчириб қўйишса, китоб дўконидан ¬чегирмалар ва кафетерийдан текин ширинликлар олиши мумкин.

Ҳар бир талаба университет ҳудудида бўлган вақтда Поскет Поинст дастурини смартфонига ўрнатиши талаб этилади. Телефон ўчиқ ҳолатда бўлган ҳар 20 дақиқа учун бир балл берилади.10 балл йиғилса, маҳаллий китоб дўконидан 15 фоиз чегирма олса бўлади.

Сеул (Жанубий Корея) мактабларида ўқувчиларнинг смартфонига Смарт Кеепер дастурини ўрнатиш мажбурий қилиб қўйилган. Мазкур дастур ўқитувчиларга ўқувчисининг телефонини масофавий бошқариб, ундаги баъзи дастурларни дарс пайтида блоклаб қўйиш имконини беради. Қолаверса, дарс вақтида фақат машғулотга фойдали хизматларни қолдириб, хабарлар, ўйин ва ижтимоий тармоқлар хизматларидан фойдаланишни вақтинча чеклаб қўяди.

Мамлакатимизда ҳам соғ¬лом ахборот муҳитини шакллантириш, глобал тармоқда ҳар томонлама фойдали, миллий руҳдаги сайтларни кўпайтириш, ёшларда мафкуравий иммунитет ва ахборот майдонида кечадиган жангларда миллий ўзликни муҳофаза қилиш кўникмаларини таркиб топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан миллий веб-сайтларни яратишга қаратилган кўрик-танловларнинг ўтказилаётгани, ёш веб-их¬тирочиларнинг моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, соғлом ¬ахборот муҳитини шакллантиришга йўналтирилган турли тадбирлар аҳамиятга молик.

Шу билан бирга, интернет клублар фаолияти тартибга солиниб, жамиятимиз манфаатларига мослиги таъминланаётир. "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги қонун ота-оналарнинг фарзандлари бўш вақтини назорат қилишдаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, ўқувчилар ва талабалар таълим муассасасига кирганда, ўз телефонини ўчириб қўйишга мажбур.

Буларни қайд эта туриб, мана, виртуал оламнинг "улови" — интернетни ҳам жиловласа бўларкан-ку, деган фикр кўнглимдан ўтди. Фикримча, бу каби интернет ёхуд мобиль телефондан вақтинча чекловлар ўрнатиш имкониятини берадиган дастурлар ва чора-тадбирлар ёш авлодни оз муддатга бўлса-да, виртуал оламдан чалғитиш, бугун мамлакатимизда долзарб вазифа сифатида белгиланган китобхонлик анъаналарини яна тиклаш, энг асосийси, фарзандларимизни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тар¬бия¬лашга кўмак беради. Сиз-чи, сиз бунга нима дейсиз, замондош?!

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 96, 29.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.