Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

* 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Муаммолар аниқланиб, жойида ҳал этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолини электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди.Ўрганишлар давомида барча туман ва шаҳарларда Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ муайян ишлар амалга оширилгани, айни пайтда қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Асосий эътибор уларни бартараф этишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига ҳудуд аҳолисидан мазкур йўналишда кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Ишчи гуруҳ томонидан 28 мурожаат жойида ўрганилиб, муаммолар бартараф этилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг энг чекка туман ва қишлоқлари аҳолиси билан учрашиб, муаммоларни атрофлича ўрганди. Жумладан, Олот туманидаги Қирлишон, Сайилқоровул қишлоқларида ичимлик суви, кўмир, табиий газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар жойида ҳал этилди.

Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиё¬жи 53 минг тоннани ташкил этгани ҳолда, 20 ноябрга қадар унинг 12 минг 600 тоннаси етказиб берилган. Ижтимоий соҳа объектлари режадаги 8 минг 100 тонна кўмир билан тўлиқ таъминланган бўлса-да, ўрганишлар асносида қўшимча равишда яна 4 минг 200 тонна қаттиқ ёқилғига эҳтиёж мавжудлиги маълум бўлди. Уч кун мобайнида Бухорога 3 минг 500 тонна кўмир келтирилиб, туманлар бўйича тақсимланди. Кам таъминланган қарийб 100 хонадонга 29 тонна кўмир бепул тарқатилди. Чекка ҳудудлардаги аҳолига 1 минг 339 тонна кўмир имтиёзли нархларда етказиб берилди.

Ўтган йили куз-қиш мавсумида табиий газ босими пасайиши оқибатида Бухоро шаҳридаги 68 та кўп қаватли уй, 3 та умумтаълим мактаби, 6 та мактабгача таълим муассасасини иситишда муаммолар юзага келган эди. Жорий мавсумда бунинг олдини олиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи томонидан уларга хизмат кўрсатадиган қозонхонага 1,6 километрлик юқори босимли алоҳида газ қувури тортиш ишлари якунланди, 1,2 километри монтаж қилинди, қолган қисмини монтаж қилиш ва синов ишлари 5 декабргача тўлиқ якунланиши назоратга олинди.

Табиий газ таъминоти оғир бўлган ҳудудларда жойлашган 45 та мактабгача таълим муассасасини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 225 дона маиший газ баллони ва 32 тонна суюлтирилган газ фонди ажратилиб, газ етказиб бериш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда вилоятдаги 127 минг 322 хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда, мавжуд газ баллонлари сони эса 158 минг 322 та. Ишчи гуруҳ фаолияти давомида 5 минг 165 оила газ баллони билан таъминланди. Айни пайтда вилоятда суюлтирилган газ етказиб бериш учун 26 та "Исузу", 8 та "МАН" махсус машиналари хизмат кўрсатаётир. Ўрганишлар давомида бу аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун етарли эмаслиги аён бўлди. Шунинг учун яна 5 та "Исузу" автомобили учун маблағ ажратилиб, уларнинг 2 таси шу кунларда вилоятга келтирилди. Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан Вобкент туманида суюлтирилган газ сақлаш ва газ баллонларини тўлдириш станцияси ишга туширилди.

Электр энергияси таъминотидаги муаммолар ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, 4 та трансформатор пункти қурилди, 4 километрдан зиёд электр тармоғи тортилди, зўриқиб ишлаётган 6 та трансформатор пункти юқори қув¬ватлисига алмаштирилди, 24 та трансформатор пункти, 28 километрдан ортиқ электр тармоғи таъмирланди. Натижада 45 маҳаллада яшовчи 24 мингдан зиёд аҳолининг электр таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 13 километр йўл асфальт қилинди, 2 километр йўл ёқасига плиталар ётқизилди, 4,1 километр ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Йўлсозларнинг зарур эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Республика фондидан қўшимча 60 тонна битум етказиб келинди. Президентимизнинг Халқ қабулхоналарига ҳудуд аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар асосида яна 17 та кўчани таъмирлаш бўйича қў¬шимча дастур шакллантирилиб, маблағ ажратилди.

Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабидан келиб чиқиб, ўрганишлар давомида 1,5 километр сув қувурлари ётқизилди. Чекка ҳудудларга махсус автомашиналарда жадвал асосида сув ташиш йўлга қўйилди. Қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ои¬лалар ҳолидан хабар олинди. Уларга кўмир, газ плитаси ва баллонлари, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

— Мен ҳам, аёлим ҳам ногирон, бир фарзандимиз бор, — дейди Қоровулбозор туманидаги "Жарқоқ" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳикмат Ўдаев. — Ёғочдан қурилган эски уйда яшаш қийин. Шунинг учун ҳам унинг ёнидан имконият даражасида уч хонали уй қуришга киришган эдик. Аммо пойдевордан бошқасига қўлимиз калталик қилди. Республика ишчи гуруҳи вакиллари шароитимиз билан танишди. Улар таклифига кўра, ҳомий ташкилот қурилишни бошлади. Насиб этса, Янги йилни янги уйда нишонлаймиз. Бундай эътибордан бошимиз осмонга етди. Халқ манфаатларини кўз¬лаб иш тутаётган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Пешкў тумани марказидан салкам 200 километр узоқда жойлашган "Жонгелди" ва "Қизилравот" маҳалла фуқаролар йиғинларида асосан қозоқ миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ ҳудуддаги ўрганишлари давомида қишлоқ врачлик пунктларида тиббий кўрик ташкил этилиб, аҳолига бепул дори-дармон тарқатилди.

— Республика ишчи гуруҳи вакиллари овулимиз ҳаёти билан танишди, аҳоли таклифини ҳисобга олиб, маҳалламиз йиғини биносида кутубхона ташкил этилди, — дейди "Жонгелди" маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Камолов. — Бу барчамиз учун унутилмас воқеа бўлди. Кутубхонадан ёши катталар қаторида ҳудудимиздаги қозоқ тили ўқитиладиган 24-умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам фойдаланади.

Вилоятда қиш-баҳор мавсумида бозорларда нарх-наво бар¬қарорлигини таъминлаш мақсадида 22 минг 543 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жамғариш режалаштирилган. Айни пайтда 7 минг 809 тонна захира шакллантирилган. Ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида яна 1 минг 217 тонна маҳсулот жамғарилди. Қолган маҳсулот 1 декабрга қадар жадвал асосида омборларга киритилади. Бунинг учун тижорат банкларининг 3,5 миллиард сўм кредити ажратилган.

Аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж учун зарур бошқа турдаги маҳсулотлар билан таъминлаш максадида жойларда қишлоқ хўжалик ярмаркалари ташкил этилди. Деҳқон бозорлари ва кўчма савдо расталарида мева-сабзавот, гўшт ва ун маҳсулотлари, гуруч, тухум ва шакар сингари маҳсулотларни арзонлаштирилган нархда сотиб олиш имко¬ния¬ти яратилди.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганиш якунлари вилоят ҳокимлигида муҳокама қилиниб, куз-қиш мавсумини намунали ўтказиш, бу борадаги муаммоларга ўз вақтида барҳам бериш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа тегишли ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 96, 29.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.