Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

"Ўзбекистон — бағрикенг диёр"

Тоҳир ИСТАТОВ олган сурат.

16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни Бухоро давлат университети вилоятимизда ягона оила фарзандларидек тинч-тотув яшаётган турли миллат ва элат вакиллари, талаба-ёшлар билан гавжум бўлди. Бу ерда вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси, миллий-маданий марказлар, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Мир Араб олий мадрасаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ташаббуси билан мазкур санага бағишланган "Ўз¬бекистон — бағрикенг диёр" шиори остида қардошлик байрами тадбирлари ўтказилди.

Университетнинг кенг фо¬йе¬сида вилоятимиздаги миллий-маданий марказлар томонидан ташкил этилган халқ амалий санъати кўргазмасида турли миллат вакиллари бўлмиш ҳунарманд¬лар қўлида жило топган каштачилик, кандакорлик, наққошлик, миниатюра ва либослар дизайни асарлари намойиш қилинди. Вилоя¬тимизда фаолият юри¬таётган турли конфессияларга мансуб диний ташкилотларнинг адабиётлари ва нашр¬лари кўргаз¬маси ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Рус, корейс, турк, немис, поляк, туркман ва бош¬қа миллий-маданий марказлар ҳузурида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик жамоа¬лари ижросидаги концерт дастурида Ватан, дўстлик ва тинчликни, меҳр-муҳаббат ва садоқатни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар янгради, жозибали рақслар эса ушбу тароналарнинг нафис безаги бўлди.

Олий ўқув юртининг катта мажлислар залида ўтказилган илмий-амалий конференция "Ўзбекистон — бағрикенг диёр" деб номланди. Уни вилоят ҳокимининг ўринбосари Зокиржон Ҳидоятов кириш сўзи билан очди.

— Қадимдан мил¬лий ва диний бағрикенглик диёри бўлиб келган Бухорои шарифда бугунги кунда ўз¬беклар билан бир қаторда туркман, тожик, қозоқ, қирғиз, рус, татар, корейс, озарбайжон, турк, яҳудий ва бош¬қа ўнлаб миллат ва элат вакиллари битта аҳил оила бўлиб яшаб келмоқда, — деди нотиқ. — Улар ўртасидаги қўни-қўшничилик, қуда-андачилик, биродарлик, ҳамжиҳатлик анъаналари асрлар синовидан ўтиб, халқимизнинг юксак фазилатига айланган.

Мусулмонларнинг ибодат қи¬лишлари учун фаолият юритаётган 103 та масжид билан бирга вилоятда христиан динининг православ, католик, протестантлик ва бошқа йўналишларига мансуб бўлган 7 та черкови, 2 та яҳудийлар синагогаси ва бахоийлар жамоаси каби диний ташкилотлар тенг ҳуқуқ ва кафолатлар асосида ишлаб турибди.

Шу йилнинг октябрь ойида Бухорога ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг диний ва эътиқод эркинликлари бўйича¬ махсус вакили Аҳмад Шаҳид бошчи¬лигидаги делегация аъзолари вилоятимизда дин соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ис¬лоҳотлар, фуқароларнинг эътиқод ¬эркинлигини таъминлаш, диний ¬таълим соҳасида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, вилоятдошларимиз билан бевосита му¬лоқот асосида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашнинг янгича, халқ¬чил ва адолатли тизими жорий этилганини эътироф этдилар.

Анжуманда Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Сулаймон Иноятов "Ўзбекис¬тонда бағрикенглик маданияти ва миллатлараро му¬но¬са¬батлар" ҳамда республикамиз мусулмонлари идораси тасар¬руфи¬даги Мир Араб олий мадрасаси проректори Азизхўжа Иноятов "Бағрикенглик — юксак фа¬зилат" мавзуларида маъруза қил¬дилар.

— Жорий йилнинг 29 сентябрь-2 октябрь кунлари мамлакатимизда, жумладан, Бухорода бўлган Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсат ҳамда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди, — деди анжуманда сўзга чиққан Бухоро шаҳридаги Рус православ черкови руҳонийси Леонид Петров. — Патриархнинг "Уш¬бу заминда азалдан кўплаб миллат ва элатлар тинч-тотув, ўзаро аҳил-иноқ яшаб келган. Бугун ҳам Ўзбекистонда диний бағрикенгликнинг юксак анъаналари қарор топган. Барча дин вакиллари давлат томонидан тенг қўллаб-қувватланаётгани, хусусан, христианлар учун эркин эътиқодий муҳит яратилгани бунинг ёрқин ифодасидир", дея эътироф этганлиги барчамизга мамнуният бағишлайди.

Конференцияда сўз олган вилоятимиз марказидаги яҳудийлар диний жамоаси раҳбари Абрам Исхаков азал-азалдан Бухорода маҳаллий аҳоли ва ҳукмдорлар яҳудийларнинг диний эътиқодларига ҳурмат билан қарагани боис бу ерда XVI асрдаёқ синагога ташкил этилганини, бугунги кунда Америка, Исроил ва бошқа мамлакатлардан шариф шаҳарга ташриф буюраётган йирик давлат ва жамоат арбоблари мазкур синагога ҳамда яҳудий болалари ўқиётган умумтаълим мактабини кўриб, Ўзбекистонда чинакам миллий ва диний бағрикенглик муҳити яратилганини қайд этаётганларини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистондаги Корейс миллий-маданий марказлари ассоциацияси Бухоро вилояти бўлими фаоли, меҳнат фахрийси Елена Пак бундан 80 йил муқаддам совет ҳукуматининг қарори асосида Узоқ Шарқнинг Приморье ўлкасида истиқомат қилган барча корейс аҳолиси 16 та юк эшелонида республикамизга кўчирилганида саховатли ўзбек халқи бир парча нонини улар билан баҳам кўриб, ўз уйи¬дан, қишлоғи ва шаҳридан жой бергани учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у бугунги кунда вилоятда истиқомат қилаётган 1900 нафарга яқин корейс маҳаллий аҳоли билан тинч-тотув яшаб, Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратиш йўлида меҳнат қилаётганини қувониб гапирди.

Миллатлараро дўстлик ва тотувлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик — жонажон юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг барқарорлиги, халқимиз эртанги куни, кўзлаган янги бунёдкорликлари, умид-ишончининг асосидир. Ғоят кўтаринки руҳда ўтган қардошлик байрамининг бош хулосаси шундай бўлди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 93, 20.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.