Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Йил дастури ижроси

Барчаси инсон манфаатлари учун

Инсон манфаатининг қирралари кўп. Шулар ичида энг асосийси – юрт тинчлиги ва шу олий саодатнинг рамзи саналмиш оилалар хотиржамлигидир. Одамлар билан эркин суҳбат — энг тиниқ кўзгу. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, инсон манфаатларини таъминлаш учун маҳаллий раҳбарлар аввало, меҳнат аҳли билан тез-тез мулоқотда бўлиб туриши, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши ўта муҳимдир.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурининг жойларда бажарилишини ўрганиш мақсадида Қоракўл туманига борганимизда, у ерда янги лойиҳалар бўйича кўплаб уй-жойлар, замонавий савдо дўконлари қурилаётганлигини кўриб, жуда хурсанд бўлдик.

— Йил номланишида "халқ билан мулоқот" ҳамда "инсон манфаатлари" жумлалари уйғунликда қўлланиб, бири иккинчисини тўлдириб, яхлит тушунчани ифодалаши бежизга эмас, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Нодир Жумаев. — Ушбу тушунча юртимизда бундан кейин ҳам давлат ва халқ бирлигининг, тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ишончнинг рамзи бўлиб қолаверишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Туманимизда Президентимиз томонидан қабул қилинаётган барча Фармон ва қарорлар, дастурлар ижроси юзасидан доимий назорат ўрнатилган. Буни халқнинг дарду ташвишларини, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш ва жойида ҳал этиш учун ташкил этилган Халқ қабулхонаси, барча ташкилот ва муассасаларда раҳбарлар ҳамда масъул ходимларнинг аҳоли билан эркин мулоқотини йўлга қўйиш учун қабул кунларининг белгиланганлиги мисолида кўришимиз мумкин.

Жорий йилда туманда ўқувчи-ёшларнинг муносиб шароитларда ўқитилиши ва билим олиши учун "Човли" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 22-мактабни реконс¬трукция қилиш ҳамда 270 ўринли янги ўқув биноси қурилиши учун 1 миллиард 304 миллион сўм, "Жиғачи" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 46-мактабни таъмирлаш ва 80 ўринли янги ўқув биноси қурилиши учун 340,7 миллион сўм, "Қозон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 7-мактабгача таълим муассасасининг 70 ўринли биносини реконструкция қилиш учун 1 миллиард 273 миллион сўмлик маблағ сарфланиб, бу объектларда қурилиш ишлари якунланди ва улар фойдаланишга топширилди.

Тумандаги йўлларнинг равон ва текис бўлиши учун давлат аҳамиятидаги "Қоракўл темир йўл бекати — Янгибозор — Жиғачи сув чиқариш шохобчаси" 4P-76 автомобиль йўлининг 28 километрини таъмирлашга 4 миллиард 200 миллион сўм, "Қоракўл шаҳри — Янгибозор—Хўжадавлат темир йўл бекати" 4Р-77 автомобиль йўлини тартибга солишга 2 миллиард 500 миллион сўм сарфланди. Маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларни таъмирлаш мақсадлари учун эса 4 миллиард 650 миллион сўм молиялаштирилиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари тугатилди.

Туманда аҳолини соғломлаштириш, ёшларни спортнинг сузиш турига жалб қилиш мақсадида "Чекирчи" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 4 миллиард 300 миллион сўмлик қийматга эга янги ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт мажмуаси қурилмоқда. Мажмуа жорий йилнинг 15 декабрида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида замонавий лойиҳа асосида "Нуронийлар маскани"ни қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Туман хотин-қизлар қўмитаси ушбу дастурга асосан маҳаллалар ва таълим муассасаларида "Инсон манфаатлари — улуғ қадрият", "Миллатлар¬аро тотувлик ва бағрикенглик — барқарорлик кафолати", "Тинчлик — энг буюк неъмат", "Ватан ичра Ватан — маҳаллам" ва "Миллий қадриятлар — миллат ғурури" каби мавзуларда учрашув ҳамда давра суҳбатларини, кўрик-танловларни ўтказди. Жойларда ёзувчи ва шоирлар, фан ва санъат намояндалари, юртимизнинг таниқли хонандалари иштирокида тарғибот тадбирлари ташкиллаштирилди.

Бухоро давлат университети қошидаги 3-сон академик лицейи ҳамда тиббиёт коллежида "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурининг бажарилишини ўрганганимизда ҳар иккала муассаса бу борада ўз ички имкониятлари ва илмий салоҳиятларини ишга солаётганига гувоҳ бўлдик. Чунончи, тиббиёт коллежида аҳоли саломатлигини таъминлаш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш, тиббиёт ходимларининг касбий малакасини оширишга йўналтирилган тадбирлар ўтказилаётган бўлса, академик лицейда асосан, ўқувчиларнинг чет тилларини ўрганиши, компьютер саводхонлигини ошириши, математика, физика, кимё фанларидан Осиё ва жаҳон фан олимпиадаларида ўқувчиларнинг муносиб иштирок этишларига эътибор қаратилган.

Барқарор тинчлик, фаровонлик ҳамда келажакдаги ютуқ ва юксалишларнинг сеҳрли калити ўзаро ишонч ва бирдамликда. Бу — халққа ҳам, юртга ҳам бирдек манфаат келтирувчи саодатбахш омилдир. Қоракўл туманида бўлган киши бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилади.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 92, 15.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.