Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Доимий эътибордаги масала

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда 2017 йилнинг Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилингани мамлакатимиз ва жойлардаги раҳбарларнинг эл дардига дармон бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига янада кенг кўлам бахш этган эди.

"Лекин, — деганди ўша йиғилишда Юртбошимиз, — ҳаммамиз тушунамизки, халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду-ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш — бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас. Бу масала келгуси беш йиллик фаолиятимизда ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади ва бу ҳақиқатни ҳаммамиз чуқур тушуниб, яхши англаб олишимиз шарт. Чунки биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак, уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз.

Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ, барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам, айнан шу халқ".

Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони асосида пойтахтда, шунингдек, барча вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Айни чоғда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳам ўз фаолиятини бошлади.

Туманимиз Халқ қабулхонаси ¬фаолият кўрсата бошлаганидан буён унга қилинган мурожаатларнинг умумий сони 1038 тани ташкил этди. Шу жумладан, 353 та ёзма ва 685 та оғзаки мурожаат бўлган. Уларнинг 904 тасини ёки 87,1 фоизини аризалар, 120 тасини ёки 11,6 фоизини шикоятлар, 14 тасини ёки 1,3 фоизини таклифлар ташкил этди. Жами мурожаатларнинг 163 таси Халқ қабулхонаси томонидан кўриб чиқилган бўлса, 865 таси тааллуқлиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган.

Мурожаатларнинг асосий қисмида фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, боғдорчилик, чорвачилик, балиқчиликни йўлга қўйиш учун ер ажратишни сўрашган. Аҳолидан тушган жуда кўп шикоятларда табиий ва суюлтирилган газ таъминотининг қониқарсизлиги кўрсатилган. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарларининг аҳолини кўмир ва бошқа ёқилғи турлари билан таъминлашга эътиборсизлиги ҳамда лоқайдлиги одамларни ранжитмоқда.

Туман аҳолисига кўрсатилаётган автотранспорт хизматининг сифатсиз эканлиги ҳақида ҳам кўплаб мурожаатлар тушди. Йўловчиларнинг асосий эътирозлари кира ҳақининг асоссиз равишда кўтарилиб туриши, йўналишларда транспорт воситаларининг камлиги, уларнинг охирги бекатларгача бормай қайтиши ва энг ёмони, тушдан кейин йўналишларда автотранспортнинг деярли қолмаслигидир. Бу масала ўта долзарблиги учун Халқ қабулхонаси томонидан туманда йўналишлар бўйича аҳвол ўрганилиб, уни яхшилаш бўйича вилоят ҳокимлигининг тегишли комиссияси ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бўлимига аниқ таклифлар билан чиқилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиб натижаларига назар соладиган бўлсак, уларнинг 771 таси қаноатлантирилган, шундан 232 таси ижобий ҳал этилган, 197 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Асосли деб топилиб, ҳал этилиши қўшимча ҳужжат, муддат ва ўрганишни талаб қилинган мурожаатлар 342 тани ташкил қилади. Айни чоғда 127 та мурожаат ўрганиш ва кўриб чиқиш жараёнида.

Аҳолига янада қулайликлар яратиш, вақтини тежаш ва ҳар хил кераксиз харажатларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва вилоят Халқ қабулхонаси томонидан мурожаатларни кўпроқ виртуал ва видеоконфе-ренцалоқа воситалари орқали амалга ошириш тавсия қилинмоқда.

Виртуал ва видеоконференцалоқа бироз мураккаброқ туюлса ҳам, аслида ўта қулай ва тезкор алоқа воситасидир. Масалан, Пешкў тумани фуқароси Когон туман ИИБ раҳбарига му¬рожаат қилмоқчи. Бунинг учун у Ко¬гонга келиши шарт эмас. Ўз туманидаги Халқ қабулхонаси орқали Когон туман Халқ қабулхонасидан туман ИИБ бошлиғининг қабул куни ва вақтини аниқлаб, ўша куни ўз тумани Халқ қабулхонасидан бизнинг туманга чиқади ва ички ишлар бошлиғи билан бевосита мулоқот қилади. Улар бир-бирларини монитор орқали кўриб, бемалол гаплаша оладилар. Масаланинг моҳияти, ечими ва муддати ўзаро айтиб-эшитилади. Худди шундай, Ўзбекистоннинг хоҳлаган ҳудудидаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилиш мумкин.

Одатда, турли тоифадаги ва ёшдаги инсонлар ўз муаммолари билан бизга мурожаат қилишади. Мурожаатларнинг таҳлиллари тумандаги вазиятни билиш учун меъёр вазифасини бажаради. Мурожаатларнинг камайишига қачон эришилади? Қачонки, ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, унинг ечимига холисона ёндашилса.

Халқ қабулхоналарининг ташкил қилиниши мамлакатимиз тараққиёти, жамиятдаги фаоллик ва эркин фикрлаш ҳамда уни эркин баён қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим восита ҳи¬собланади. Қабулхонамиз ходимлари аҳолининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга соладилар.

Ҳамид РАВШАНОВ, Когон туман Халқ қабулхонаси мудири.

:: орқага № 91, 11.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.