Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Яна тўйлар ҳақида

Дабдабабозликка йўл қўйилмади

Тўй-ҳашамларнинг тартибли ўтказилишини таъминлаш маҳалла фуқаролар йиғини фаолларининг асосий фаолият йўналишларидан бири саналади.

Бу борада тартиб кенг қамровли тушунча касб этиб, тўйларни дабдабасиз, камхаражат, ортиқча маросимларсиз ўтказиш тушунилади.

Албатта, оддийгина маиший, оилавий тадбирдек кў¬ринган тўй-маъракаларнинг қандай ўтказилишини маҳалла томонидан назорат қилиниши, бунда фуқаролар йиғинининг аралашуви баъзилар учун эриш туюлар. Аммо бугун ана шу тўй-маърака инсонларнинг ижтимоий-моддий аҳволига таъсир кўрсатувчи факторга айланиб қолди. Бу вақт¬да ҳар ким имкониятига кўра иш тутса соз бўлади. Бироқ аксарият ҳолларда ўзгаларнинг дабдабасига кўр-кўрона тақлид қилиб, "кўрпасига қарамай оёқ узатиш" ҳолатларини кузатамиз. Ана шу кимўзар пойгалари туфайли тўйларимиз "йўғонни чўзувчи, ингичкани узувчи" ҳолатга тушиб қолди.

— Бу каби ортиқча дабдабалар, улар ортидан келувчи қарздорлик ва кўнгилхираликларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар йиғини вакиллар кенгаши йиғилиб, ¬маҳаллада тўй-маросимлар ўтказишнинг ягона тартибини белгилаб олди,—дейди Ғиждувон туманидаги "Зарафшон" маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Элмира Зоирова.—Масалан, наҳор оши, никоҳ қайд этиш базми, "юз кўрди" ва бошқа тўйдан олдинги ва кейинги қўшимча маросимлар бекор қилинди. Тўйларни ҳам 200 нафар кишидан оширмаган ҳолда, битта қўшиқ¬чилар гуруҳи билан, давра айланиб пул йиғувчи раққосалар ва дорбозларсиз ўт¬¬казишни одат қилдик.

Албатта, маҳалладошларнинг ўзаро келишиб, ягона тартибни белгилаб олишгани ва бунга амал қилишаётганлиги яхши ҳол. Аммо беш бармоқ баробар эмас, деганларидек, баъзида пул топиб, босар-тусарини билмай ўзгалар фикри билан ҳисоблашмайдиган, дабдабали тўй билан ўзини кўз-кўз этмоқчи бўлганлар ҳам учраб туради.

—Узоқ йиллар хорижда ишлаб келган бир маҳалладошимиз ўғил уйлантириш тараддудига тушиб қолди,—дейди Э.Зои-рова бу борадаги тажрибасини ўртоқлашаркан. — Маслаҳат учун маҳаллага келди.

"Ўзларингиздан қонун чиқарибсизларми?—деди пичингнамо.—Тўйда икки юз кишидан ошиқ одам айтмаслик, "наҳор оши" қилмаслик, сеп-сарпога катта харажат этмаслик қайси конституция ёки қонунда ёзилган?! Маҳалла кенгашининг қарори қачондан қонун бўла қолди? Пулни ўзим ишлаб топганман. Уни истаганимча сарфлашим мумкин. Одамларга нима ишим бор. Тақлид қилармиш. Пули бўлса вада-ванг тўй қилсин, бўлмаса "тўрт калла қанд, битта мулла, уч сўм пул", дегандек ўтказаверсин..."

Ўша киши билан анчагача тушунтириш ишлари олиб бордик. Фойдаси бўлмади. Шундан сўнг ҳийла ишлатишга тўғри келди.

—Тўйни қайси ҳисобдан ўтказмоқчисиз,—дедим ўсмоқчилаб.—Ўзингиз ҳам, аёлингиз ҳам расман ҳеч қаерда ишламасангиз.

—Устимдан куляпсизми, опа. Биласиз, анчадан буён хориждаман. Шу рўзғор орзу-ҳаваси учун анча ишладик. Ҳовли-жой қурдик, машина, энди навбат тўйга келиб қолди.

— Қонунни яхши биларкансиз, ҳар бир ишлаб топилган даромаддан солиқ тўлаш кераклигини ҳам яхши биласиз. Ўзингиз айтган данғиллама ҳовли, пулга чақилса 100 миллиондан кам бўлмаса керак, кейин машина, яна қанча бисот... Шунча даромадингизнинг солиғи 50-60 миллион сўмларга бориб қолар. Кейин сиз хорижда юрган вақтингизда оилангиз тинчлиги, хавф¬сизлигини ким таъминлади. Шу давлат, унинг ички ишлар ходимлари, армияси. Буларнинг ойлик мао¬ши ҳам солиқлардан шаклланади. Сиз шу мақсадга ҳам бирор сўм тўладингизми? Йўқ. Гап шу: аввал давлатга солиғини тўлаб, кейин истаган тадбирингизни қилаверинг. Ахир айтдингиз-ку, қарз бўлган одам нима қилади дабдабали тўй ўтказиб, аввал ўз ҳолини билсин, деб. Қани шу қоидангизни ўзингизга ҳам қўлланг-чи! Йўқса биз ҳам давлатнинг одами, ўзимиз бориб бу ҳақда давлатга билдирамиз.

Шу гапларни эшитиб ҳа¬лиги маҳалладошимизнинг ранг¬-қути ўчди. Узоқ вақт ¬нималарнидир ҳисоб-китоб қилди. Охири тақдирига тан ¬берди чоғи, кенгаш тартибига асосан тўйни ўтказишга рози бўлди.

Акбар РУСТАМОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 89, 04.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.