Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Секторлар фаолияти

Обод манзиллар сари

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, аҳоли турмуши фаровонлигига эришиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш ва фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Юртбошимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳам айнан туманлар, энг чекка қишлоқ ва овуллардаги аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши, юртимиздаги бугунги ривожланиш ва барча соҳалардаги юксалишни ҳис қилиши ҳамда шу жараёнда фаол иштирок этиши учун хизмат қилмоқда.

Мазкур қарорга асосланиб, Жондор туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва давлат солиқ инспекцияси раҳбарларининг секторлари белгилаб олинди.

Туман ҳокими сектори штаби "Жамият" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Истиқлол" спорт мажмуаси биносида, прокурор сектори штаби "Хумин" фуқаролар йиғинидаги Жондор педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносида, ички ишлар бўлими раҳбари сектори штаби "Қароли" фуқаролар йиғинида жойлашган пахта қабул қилиш масканига қарашли маиший хизмат кўрсатиш биносида, давлат солиқ инспекцияси бўлими бошлиғи сектори штаби "Алели" фуқаролар йиғини биносида жойлашган бўлиб, ҳар бир сектор бўйича жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат жамоатчилик назорати гуруҳлари шакллантирилган.

Секторларнинг асосий вазифалари қилиб уй-жой, коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, айниқса, воя¬га етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Секторлар ишини юритиш "маҳалла — туман — вилоят — республика" тамойилига кўра йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир секторга туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳам масъул қилиб бириктирилган.

Туман ҳокими сектори ҳудудига "Мирзаён", "Ёш куч", "Ойдин", "Жамият" ва ўнга яқин бошқа маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилган бўлиб, бу ҳудудда 31188 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 15957 нафарини аёллар, 11992 нафарини ёшлар ташкил этади.

—¬Жондор туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш маданияти ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш масалалари диққат марказида турибди,—дейди туман ҳокими Барака Толибов.

"Ромиш", "Ойдин", Ибн Сино маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2,8 километр узунликдаги йўлларда асфальтлаштириш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, "Мирзаён" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2 километр йўл жорий таъмирланди. Ушбу ҳудудлардаги 11 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 4 та тиббиёт муассасасини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари бажарилди. Секторга қарашли ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги бўйича умумий қиймати 865 миллион сўм бўлган 8 та лойиҳа амалга оширилди, 29 та иш ўрни яратилди. Ҳудуддаги кам таъминланган оилалар рўйхатга олиниб, 7 та оилага моддий ёрдам берилди. Ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.

"Йўл харитаси" бўйича ички ишлар бўлими бошлиғи сектори ҳудудига "Қароли", "Янгиобод", "Довуд" сингари ўндан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинлари киритилган бўлиб, ҳудудда 52000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ҳудудда ҳам аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

—Ватанинг, халқинг учун хизмат қилиш, юртдошларингга фойданг тегиб дуосини олиш нафақат касбий, балки инсоний бурчимиздир,—дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ўктам Жумаев.

Жорий йилда "Мустақиллик" ва "Қароли" маҳалла фуқаролар йиғини худудларидан ўтувчи ички йўлнинг 8 километрини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирда ушбу йўлнинг 7 километрида таъмирлаш ишлари якунланиб, қолган қисмида ишлар давом эттирилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ногирон ва кўмакка муҳтож оилаларнинг 53 тасига манзилли ёрдам кўрсатилди. Вояга етмаганлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний ақидапарастликнинг олдини олиш мақсадида туман комиссияси аъзолари иштирокида семинар ва ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Ҳудуддаги 14 та умумтаълим мактаби ҳамда 1 та касб-ҳунар коллежида "Давомат" тадбирлари ўтказилиб, дарс машғулотларига қатнашмаган ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, фарзандларининг ¬маш-ғулотларга қатнашмаслик сабаблари ўрганилмоқда. Ҳудудда жиноятларнинг оғир турлари, товламачилик, безорилик ва ғаразли мақсадларда одамлардан фойдаланиш учун ёллаш турлари қайд қилинмади. Мазкур секторда вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилмаган. Тунги вақтда ҳудудда аҳоли тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш мақсадида қўшни Қоракўл, Ромитан ва Бухоро туманлари билан чегара худудларда 5 та "Жамоатчилик маскани" ташкил этилди. Ҳар куни тунги вақтда 1 нафар ички ишлар ходими ва 2 нафар пос¬бон хизмат олиб бормоқда.

Кўриниб турибдики, мазкур қарор ижроси аҳоли турмушининг фаровонлашувини таъминламоқда. Ютуқлар бор жойда камчиликларнинг ҳам бўлиши табиий. Жондор туманига кириб борар экансиз, таъмирталаб аҳволдаги саноат коллежи биносини кўриб, таъбингиз хира тортади. Туман марказидаги "Навгари" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2-мактабга бордик. 930 нафар ўқувчи таҳсил оладиган ушбу маскан атрофи девор билан ўралмаган. Мактабда жойлашган туман Ахборот-ресурс маркази нафақат ўқувчиларга, балки катта ёшдаги аҳолига ҳам хизмат кўрсатиши лозим. Бироқ марказнинг ўқув зали, технология, хизмат кўрсатиш хоналари талабга жавоб бермайди. Мебель жиҳозлари оз, адабиётларнинг анчаси эскирган.

Ушбу билим даргоҳи ёнидаги 8-мактабгача таълим муассасаси жуда чиройли безатилган, санитария-гигиена талабларига мос равишда жиҳозланган. Аммо гуруҳларда болалар сони меъёрдан кўп экан. Бунинг сабабини суриштирганимизда, 140 ўринли муассасада 200 нафар бола ¬тарбияланаётган экан. Кўриниб турибдики, 8-мактабгача таълим муассасасига қўшимча бино керак. Ўқув даргоҳларининг раҳбарларидан бу каби ҳолатлар сабаби ҳақида сўраганимизда, туман молия бўлимига хат ёзиб мурожаат қилишганини, тез орада бу муаммолар ҳал этилишини айтишди. Юқорида кўрсатилган масалалар туман прокурори ва давлат солиқ инспекция¬си раҳбари сектори ҳудудига тааллуқли. Бу билан икки сектор ўз вазифасини бажармаяпти, дейишдан йироқмиз. Фақатгина улар бу масканларга алоҳида эътибор қаратсалар, айни муддао бўларди.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 89, 04.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.