Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Профилактика инспекторининг бир куни

Одамларга елкадош бўлиб

Шофиркон тумани марказидан ўн беш километр узоқликдаги Вардонзе чўл массиви ҳудудида жойлашган 127-ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспекторлари катта лейтенант Элдор Ярашев ҳамда лейтенант Дилшод Ҳамроевлар эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиб хизмат қилишмоқда. Ҳудудларида Янгиқишлоқ, Қўрғони Вардонзе ва янги ташкил топган Шароф Рашидов номли маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, 9353 нафар аҳоли яшайди. Туманнинг ғалла ва пахта ҳосили асосан шу ҳудудда етиштирилади. Бундан ташқари, юздан ошиқ отари бўлган "Ғалаба" наслчилик ширкат хўжалиги ва қишлоқ марказидан юз километр олисда жойлашган қардош—қозоқ миллати вакиллари яшаётган Чуруқ овули ҳам уларнинг хизмат ҳудудига киради. Қуйида шу улкан мавзеда осойишталикни таъминлаш учун жонкуярлик қилаётган профилактика инспекторининг бир кунлик иш фаолияти билан танишинг.

...Эрталабки йиғилишдан чиққан инспектор Дилшод Ҳамроев бугунги иш режасига яна бир кўз югуртириб олди-да, катта лейтенант Элдор Ярашевга юзланди:

—Бугун чўпон-чўлиқлардан хабар олмасак ҳам бўлади. Азонлаб Наби ака ("Ғалаба" наслчилик ширкат хўжалиги чўпони Н.Абдуллаев) билан суҳбатлашгандим. Худога шукур, ҳамма ишлари жойида экан. Аммо у кишига шубҳали туюлган нотаниш автомашиналарнинг номерини ён дафтарига қайд қилиб боришини яна бир маротаба эслатдим,—дея у сўзини давом эттирди.—Янгиқишлоқлик эр-хотин аризаси юзасидан менга ёрдамингиз керак. Иккаласи ҳам қай¬сарлик қилишяпти. Бирга яшолмасмиш. Қишлоқнинг кўпни кўрган фаоллари билан бориб, суҳбатлашсак дегандим...

Профилактика инспекторлари, яраштириш комиссияси аъзолари, қишлоқ фаоллари можароли хонадонга бориб, жанжалкаш эр-хотинни инсофга чақириб кўришди. Икки томон ҳам тўнини тескари кийиб олганди. Айниқса, келин томон қизини олиб кетиш ҳаракатига тушгач, вазият чигаллашиб қолди. Дилшод Ҳамроев бор ишонтириш маҳоратини ишга солиб, ётиғи билан тушунтиргач, можарога якун ясалди. Эр-хотин ярашишди.

Шундан сўнг инспекторлар шу қишлоқда яшаётган кам ¬таъминланган оилалар рўйхатига кирган М.Ғофуров ва -Қ.Имомовлар ҳовлисига киришди. Мазкур оила бошлиқларини ишга жалб қилиш масаласини ҳам ҳал этиш лозим эди. "Меҳнатсевар Ғайбулло Хол" ҳамда "Мақсуда Ахмадовна" фермер хўжаликларида иш ўрни борлигини уларга билдиришаркан, иккала фермер хўжалиги ерлари чўл ҳудудида бўлганлиги боис уларга мол-ҳол қилишлари учун шароит яратилиши,бундан ташқари, қўшимча томорқа ерлар ҳам ажратилишини қистириб ўтдилар. Аммо... Улар учун шунча жон куйдириб шароит яратишса-ю, билаги кучга тўла бу эркакларнинг "Бир ўйлаб кўрайлик-чи" дегани ҳаммасидан ошиб тушди. Боқимандаликни яшаш тарзига ай¬лантириб, бели оғримай давлатдан моддий ёрдам олиб турган бу кимсалар билан бош¬қача гаплашиш лозимлигини таъкидлашганча шу қишлоқлик чин етим оила Юлдуз ва унинг укаси Муроджон Суннатовлар хонадонига киришди. Шу маҳал банк ходимлари ҳам бу ерга етиб келди. Коллежни битирган Юлдуз уйида тикувчилик қилаётганди. Банк ходимлари қизга тикув цехини кенгайтириши учун кредит олишни таклиф қилишди, йўл-йўриқ кўрсатишди. Бироқ қиз ҳали бунга тайёр эмаслиги, қолаверса, уй ва томорқа ишлари ҳам кўп вақтини олаётганини билдирди.

Пайшанба—ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни. Шу муносабат билан вилоят ва туман ИИБдан соҳавий вакиллар келишган. Улар маҳаллаларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар билан хонадонма-хонадон юриб, фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиб келишмоқда. Шунингдек, аҳолининг паспорт тизими қоидаларига риоя этишларини ўрганиш юзасидан ҳам текширув ўтказишди. Янгиқишлоқ маҳалласида "Диний экстремизм ва терро¬ризмга қарши кураш" мавзусида тадбир ўтказилди. Чунки шу маҳаллада яшовчи Р.Жамшид диний экстремизм оқимига мойил шахс сифатида рўйхатда туради. У 2009 йилда БухДУда таҳсил олиб юрган пайти билиб-билмай шундай оқимларнинг бирига қўшилиб қолганди ва бунинг учун беш йилу олти ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Бундан икки йил муқаддам жазони ўтаб келгач, йигит билан доимий профилактик суҳбатлар ўтказиш инспекторларнинг зиммасидаги муҳим вазифага айланди. Профилактика куни муносабати билан Янгиқишлоқда ўтказилган йиғилишда шу мавзу юзасидан суҳбатлашилди. Аҳолининг -саволларига жавоб берилди. Тадбир давомида Жамшидга қўшимча равишда мураббийлар тайинланди.

Тушдан сўнг ўтказилган иккинчи йиғилиш Ш.Рашидов номли маҳалла биносида бўлиб ўтди. Бу ерда муқаддам судланган С.Шахобжон содир этган хонадон ўғрилиги жинояти муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда маҳалла фаоллари ва фермерлар қатнашди. Йиғилишда жиноят тафсилоти ва унинг келиб чиқиш сабаблари ҳа¬қида сўз юритилди.

Профилактика инспекторлари чўл ҳудудига йўл олишди. Бу томонларда буғдойдан бўшаган ерларга деҳқонлар такрорий экин экиб парваришламоқда. Уларнинг орасида қўшни вилоятлик миришкорлар ҳам учрайди. Д.Ҳамроев уларнинг ҳужжатларини текшириб, рўй¬хатдан ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлашди. Фермерларга эса паспорт тизими қоидаларига риоя этиш, ер жойларини ижарага бериш тартибини тушунтиришди. Текширишлар натижасига кўра Наманган вилоятидан келган Ф.Канаев ва унинг оила аъзолари "Муҳаммад Дили" фермер хўжалиги раҳбари Д.Султоновнинг уйида рўйхатдан ўтмай яшаб келаётгани аниқланди. Улар МЖтКнинг 223-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, ҳар бири (жами 5 киши) энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жаримага тортилди ва ҳудуддан чиқариб юборилди.

Профилактик тадбирлар самарали ўтказилаётгани туфайли ўғрилик, талончилик каби жиноятлар камайиб бораяпти. Ўтган йилнинг олти ойида маҳаллалар ҳудудида саккизта жиноят содир этилган бўлса, жорий йилда иккита жиноят қайд этилди. Уларнинг бири "иссиқ изи"да очилди, айни пайтда иккинчиси бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, лейтенант Дилшод Ҳамроев ҳар бир кунини шу тариқа эл ташвишига елкадошлик билан ўтайди. Аҳоли ҳам ундан доимо миннатдор.

Бахтиёр РАҲМАТОВ, вилоят ИИБ катта ¬инспектори, капитан.

:: орқага № 86, 25.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.