Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Тақдимот

Нуронийлар ижодий тортиғи

Маълумки, II жаҳон урушида вилоятимиздан 73 минг 688 нафар киши иштирок этиб, Ватан озодлиги йўлида фронтларда жон олиб, жон берди. Ушбу мард аскарларнинг 25 минг нафари жангларда ҳалок бўлиб, уларнинг қабрлари Бухородан жуда олисда — Европа мамлакатларида қолиб кетди. 5 мингдан зиёд вилоятдошимиз эса жангу жадалларда бедарак йўқолди.

Фашизм устидан ғалаба қозонилгандан сўнг, вилоятга қайтган жангчиларнинг 5 минг нафари кўксида жанговар орден ва медаллар порлаган эди. Улар орасидан 13 кишининг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, 1 кишининг учала даражадаги "Шуҳрат" ордени билан мукофотлангани бухоролик аскарларнинг фронт¬ларда кўрсатган мислсиз жасоратидан, юртдошларимизнинг буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссасидан далолат беради.

"Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими қошидаги Бухоро "Хотира" маркази ана шу марду майдонлар кўрсатган жасоратни тараннум қилиш, бугунги навқирон авлодни оталарнинг жанговар анъаналари асосида ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида собиқ фронтчиларнинг ҳаёти ва қаҳрамонликлари ҳақида "Сиз доимо қалбимиздасиз" тўпламини нашр эттирди. Яқинда ушбу марказда меҳнат фахрийлари ва талаба ёшлар иштирокида мазкур китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

— Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда "Хотира" маркази ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, қўлга киритган грант маблағи ҳисобига босмадан чиққан мазкур китоб материалларини тўплаш ҳамда нашрга тайёрлашда ушбу марказ директори Юсуф Қурбонов ва моҳир журналист Зуҳра Қурбоноваларнинг хизматлари катта бўлган, — деди маросимда сўзга чиққан "Нуроний" жам¬ғармаси фаоли, фахрий журналист Беҳбуд Жумаев. — Собиқ Иттифоқ Қаҳрамонлари Азимжон Раҳимов, Юрий Биков, Халлоқ Аминов, Эрнафас Хўжаев, Шариф Эргашев, Нарзи Ражабов ва бошқаларнинг жанговар ҳаёт йўли ва мардлиги ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу тўплам Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигига нуронийларнинг ўзига хос армуғонидир. Айни чоғда бу китоб ёшларни аждодларимиз кўрсатган жасоратдан хабардор қилиш баробарида, уларни эзгулик ва инсонпарварликка, она-юртни севишга, уни кўз қорачиғидек асрашга даъват этади.

Бухоро давлат тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчилари Дилшода Фатуллаева ва Манзура Солиевалар тадбирда сўзга чиқиб, ушбу тўплам ёшларга оталар жасорати ҳақида ҳикоя қилиш баробарида уларни уруш тарихининг номаълум саҳифалари билан таништириш имконини берганини таъкидладилар. Тақдимот маросимида сўз олган нашр тўпловчилари ва муаллифлари "Сиз доимо қалбимиздасиз" китоби ушбу туркумдаги тўпламларнинг биринчи жилди эканини, улар келажакда нафақат уруш қатнашчилари, балки меҳнат фронти қаҳрамонлари, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида шижоат кўрсатган замондош нуронийлар ҳақида китобларни ҳам чиқариш тараддудида эканликларини билдирдилар.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 85, 21.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.