Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Бухорога ташриф

Мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров бошчилигида делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З. Мирзаев ҳамроҳлигида 17 октябрь куни Бухорода бўлди.

Хорижлик меҳмонларни Бухоро халқаро аэропортида вилоят ҳокими Ў.Барноев кутиб олди.

Чеченистон Республикаси делегациясининг сафари Когон тумани ҳудудида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси зиёратидан бошланди. Улуғ пир қабри ёнида Қуръон тиловат қилинди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ва диний қадриятларни тиклаш, ислом маънавияти тараққиётида муносиб ўрин тутган буюк аждодларимиз меросини ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштиришга катта аҳамият қаратилди. Жумладан, собиқ мустабид тузум даврида хароба ҳолига келиб қолган Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ қутлуғ маскан ва ундаги улуғ ҳазрат қабри ободонлаштирилди ҳамда зиёратгоҳга айлантирилди. Меҳмонлар мажмуа билан танишар эканлар, бу ерда амалга оширилган ишларга юқори баҳо беришди.

Жорий йилда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Чеченистон Республикаси делегацияси аъзолари Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган ушбу олий ислом билим юртида бўлди. Меҳмонлар бу ерда таълим олаётган толиби илмлар билан суҳбатлашди.

Шундан сўнг делегация Бухоро шаҳрига йўл олди. Меҳмонлар қарийб 500 йиллик тарихга эга Мир Араб мадрасасига ташриф буюрди. Бу ерда 72 йилдан буён ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда. Ушбу масканда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё, Кавказорти республикалари ва Россия мусулмонлари вакиллари ҳам таълим олишган.

Рамзан Қодировнинг мазкур ўрта махсус ислом билим юртига ташрифи бежиз эмас. Бу ерда 1980-1982 йилларда унинг отаси, кейинчалик Чеченистон Республикасини бошқарган Аҳмад Қодиров таҳсил олган. Юксак мартабали меҳмон отаси яшаган ҳужрада бўлди. Ҳужра эшиги тепасига унда Аҳмад Қодиров истиқомат қилгани ҳақида ёзувнинг битилгани ҳамда отасининг ишланган портрети совға этилгани меҳмон учун кутилмаган воқеа эди. У Бухоро мўътабар шаҳар эканлигини таъкидлаб, марҳум отаси Аҳмад Қодиров хотирасига кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Меҳмонлар Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишди.

Шу куни Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг ҳамроҳлари Бухоро халқаро аэропортидан Ватанига жўнаб кетди.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 85, 21.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.