Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Ватан тараққиёти — кўп миллатли халқ меҳнати маҳсули

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади. (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 4-моддасидан).

Ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти ва дунёдаги обрў-эътибори, аввало шу юртда қарор топган тинчлик-осойишталик, шу заминда яшаётган миллат ва элат вакилларининг тотувлиги, миллий мафкурамизнинг асосий ғоялари мустаҳкамлигига асосланади. Миллатлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат қарор топган жойда тинчлик ҳукм суради, осойишталик бор жойда эса ривожланиш, тараққиёт бўлади. Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам худди шу каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик тамойиллари устувор этиб белгиланган.

Вилоятимизнинг энг кенжа туманларидан бири бўлган Қоровулбозорда 20 га яқин миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда.

"Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини 1983 йилда ташкил топган туманнинг чекка ҳудудларидан бири. Бу ерда истиқомат қилаётган 2055 нафар аҳолининг 40 фоизини ўзбеклар, 50 фоизини туркманлар, 10 фоизини қозоқ, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари ташкил этади.

Маҳаллада мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, қишлоқ врачлик пункти, бир нечта савдо дўкони ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолият юритади.

Ҳудудда 56 та фермер хўжалиги мавжуд. Шу боисдан ҳам бу ерлик аҳолининг асосий қисми дала юмушлари билан машғул.

— Кўп йиллардан бери далада меҳнат қилиб, "Жума бобо" фермер хўжалигини ташкил қилдик, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи туркман миллатига мансуб Розия Айназарова. — 60 гектар ер майдонида пахта ва ғалла, полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштиряпмиз. Бу йилги буғдой хирмонимиз давлат шартномасида белгиланганидан анча зиёд бўлди. 29 гектар ерда экилган пахта режаси ҳам 90 фоиздан ошди. Маҳалламиз аҳолиси дала ишларида бизга ҳамкору ҳамқадам. Тинч-тотув ҳаёт кечириб, яхши ва ёмон кунларимизда елкадош, бир-бирига суянч бўлишади. Албатта-да, Ватан тараққиёти — кўп миллатли халқ меҳнати маҳсулидир.

"Навбаҳор"да байрамлар арафасида "Ўзбекистон — умумий уйимиз" шиори остида сайил ўтказиш анъанага айланган. Ушбу тадбирларда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус ва туркман миллатига мансуб ёшу қари иштирок этиб, ўз урф-одатлари ва анъаналарини намойиш этишади. Наврўз ва Қурбон ҳайити байрамларида ўтказилган шу каби тадбирларга 750 дан зиёд аҳоли ва ёшларнинг иштироки таъминланди.

— Йиғин ҳузуридаги маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда аҳолининг аҳиллиги, бирдамлигини таъминлаш мақсадида "Ягона мақсад билан бирлашамиз" шиори остида ўтказилган тадбир муносабати билан уйда таълим олаётган болалар, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳмуд Ҳасанов. — Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ҳамда маҳалла хотин-қизларига касб-ҳунар ўргатиш йўлга қўйилди. 4 нафар эҳтиёжманд оила фарзандларининг суннат тўйларини ўтказишга, турли миллатга мансуб 10 нафар хотин-қизга ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кредит олишга, 18 нафар коллеж битирувчи қизнинг ишга жойлашишига кўмаклашилди.

—Биласизми, маҳалламизда барча миллий байрамлар аҳилликда, шоду хуррамликда ўтказилади, — дея гапга қўшилди маҳалла фаоли Назиля Муҳиддинова. — Биргина мисол, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Тасаддиқ" қозоқ миллий байрамини Наврўз, Қурбон ҳайити ва Пасха байрамлари каби барчамиз биргаликда нишонлаймиз. Топган бир бурда нонини қўни-қўшнига илинадиган ажойиб халқмиз. Туркман маҳалладошларимиз хо¬надони¬да ишлаки, қорма, қозоқ қўш-ниларимизнинг қўналғасида бешбармоқ, ўзбеклар хонадонида паловхонтўра ёки сих кабоб тайёрланган кун албатта, қўни-қўшни, муҳтож ва касалманд кишилар ҳолидан хабар олинади. Орзу ва мақсадларимиз — муштарак, Ватан — ягона. Шундай экан, йиллар, асрлар оша давом этиб келаётган бундай қадриятлар кўпмиллатли давлатимизнинг буюк келажаги учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 84, 16.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.