Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Спортимиз жонкуярлари

Умр завқи—ҳаракатда, изланишда

Инсон саломатлигини мустаҳкамлашда спортнинг ўрни беқиёс. У вужудингизга куч-қувват, бардамлик бахш этиш билан бирга ҳаётингизга гўзаллик ато қилади. Кейинги йилларда қон босими ошишидан тез-тез шикоят қилиб турадиган Муаззам биби Наврўзова ҳам спорт-соғломлаштириш тўгарагига қатнай бошладию, бу фикрлар нечоғлик тўғри эканига қатъий ишонч ҳосил қилди.

—Тўгарак раҳбари Шав¬кат Аҳмедов бошчилигида биз, 30 нафар хотин-қиз тонг саҳарда қишлоқ хўжалик коллежи ҳовлисида тўпланиб, арча дарахтлари ўтқазилган боғ атрофида юриб, тўйиб-тўйиб нафас ола бошлаймиз. Сўнг спорт залидаги тренажёрлар воситасида турли машқларни бажарамиз. Машғулотлар охирида шўх мусиқа садолари остида рақсга тушамиз. Тинимсиз қатновларим бесамар кетмади. Вазним 25 килограмга камайиб, гавдам анча ихчамлашди. Оғриқлар, безовталиклар ва уйқусизликдан халос бўлдим. Ҳозир 3 нафар қизим ҳам мен билан бирга тўгарак маш¬ғулотларига қатнамоқда.

Муаззам опанинг миннатдорлик билан айтган сўзлари бизни тўгарак иши билан яқиндан танишишга чорлади. Узоқ йиллар Вобкент қишлоқ хўжалик коллежида ишлаб, уч йил илгари шу ердан нафақага чиққан Шавкат ака уйида бекор ўтиролмади. Бир муддат ҳордиқ чиқаргач, коллеж талабаларидан иборат гуруҳ тузиб, жамоатчилик асосида мураббийлик қила бошлади. Шундай кунларнинг бирида коллеж ўқитувчи аёлларидан бир нечтаси мураббийдан хотин-қизлар учун ҳам спорт машғулотлари ташкил этишни илтимос қилишди.

Касбини жон-дилдан севган Шавкат ака бу истакни қувонч билан қабул қилди ва ҳар куни тонг саҳарда 10 кишилик гуруҳга саломатлик сабоқларини бера бошлади. Бора-бора шу атрофдан, кейинчалик анчагина олисда жойлашган қишлоқлардан ҳам хотин-қизлар келиб, соғликларини тиклаш мақсадида машғулотларга қатнай бошлади. Шавкат ака коллеж раҳбарияти билан келишган ҳолда фойдаланилма¬ётган бир бинони ижарага олди ва таъмирлатгач, эркаклар ҳамда аёллар спорт машғулот хоналарини ташкил қилди.

Жисмоний машқлар ўтказиш учун мўлжалланган барча ускуналар қўл¬бола усулда ясалган,—дейди мураббий.—Кучим етганича ўз шахсий маблағим ҳисобидан тайёрлаганман. Таниш-билиш, ошна-оғайнилар қараб туришмади, темир-терсак, махсус деталларни топишда кўмак беришди. Изланишлар самараси ўлароқ бугун бўйин, бел, тизза, мушаклар учун машқ¬лар бажариш мумкин бўлган ускуналарга эгамиз.

Кўпчилик бош қўшса ҳар бир иш ҳам тўла-тўкис амалга ошади. Бугунги кунда аёллар ва ¬эркаклар учун алоҳида кийиниш хоналари, душхоналар, мураббий хонаси ташкил этилиб, тўгарак аъзоларига қулайликлар яратилди. Шавкат ака изланувчан, янгиликка ўч инсон. Биргина мисол: ўғли Шерзод (у ҳам жисмоний тарбия ўқитувчиси) уйланадиган бўлдию ота-бола маслаҳатлашиб тўй¬дан бир кун олдин "Ке¬лин-куёв" сов¬рини учун во¬лейбол мусобақасини ўт¬казадиган бўлишди. Вилоятнинг кўплаб волейболчи ёшлари мусобақада қатнашиб, соврин учун кураш олиб боришди. Беллашув сўн¬гида совриндорлар ҳам, мағлуб бўлганлар ҳам ёшларга бахт тилашиб, хуш-хурсандчилик билан хайрлашишди.

Кексалик палласида ҳам одамларга керак эканлигини ҳис қилишнинг ўзи бахт. Ҳеч қандай манфаатни кўзламай ўз севимли ишини давом эттириб келаётган Шавкат ака Аҳмедов учун мақсад сари интилиб ишлашнинг ўзи олам-олам завқ беради. Биргина шунинг ўзи ҳар қандай манфаатдан устун эмасми?!

Зуҳра ҚУРБОНОВА, журналист.

:: орқага № 79, 30.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.