Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Бухоро санъати юлдузлари

"Шарқ тароналари" фестивали ғолибаси

Суратда: Моҳичеҳра Шомуродова (ўртада) санъаткорлар даврасида.

Болалиги Бухоронинг чекка тумани бўлмиш Олотда ўтган бу қиз санъатга эрта меҳр қўйиб, ўз иродаси, қатъияти, мақсад сари интилиши билан устозлар назарига тушганди. У ҳали ўқувчилик йилларидаёқ "Ўзбекистон—Ватаним маним!" деб номланган қўшиқ танловининг республика босқичида сов¬ринли ўринлардан бирини эгаллаганди. Кейин унинг, 7-синф ўқувчисининг номзодини Зулфия номидаги Давлат мукофотига ¬тавсия этишганди. Мен ўша кунларни яхши эслайман. Танловнинг вилоят босқичида гарчи Моҳичеҳра ўрин ололмаган бўлса-да, ўз ижроси билан кўпчиликни ¬қойил қолдирганди. Вилоятимизнинг таниқли хонандаларидан бири Нуриддин Абераев "Ёшгина қизалоқнинг "Бухоро тўл¬қини" каби мураккаб мусиқий асарни бу даражада ижро этганига қойил қолмай илож йўқ!" дея унинг иқтидорини самимий эътироф этганди.

Йиллар ўтиб, Моҳичеҳра ўсиб-улғайди, санъатни қисмат дея билиб, мунтазам шуғуллана бошлади. Аниқроғи, шуғулланмай иложи ҳам йўқ эди: оилада фақат санъат ва адабиётдан суҳбат бўларди. У ана шу муҳитда камол топди. Туман "Баркамол авлод" болалар марказида онаси ташкил этган мусиқий гуруҳ тарки¬бида кўплаб концертларда бўлди, бу орада Бухоро давлат телевидениесида у ҳақда бир нечта кўрсатувлар намойиш этилди. Моҳичеҳра бир вақтнинг ўзида шарқ яккакурашининг муай-тай тури билан жиддий шуғулланди. Устози, халқ¬аро тоифадаги ҳакам Қурбонмурод Қурбонов унинг изланишларига жиддий эътибор қаратиб, ўз маслаҳатларини аямади. Натижада Моҳичеҳра Бухоро санъат коллежининг биринчи курсига ўқишга кирган йили муай-тай бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

2005 йил Моҳичеҳра учун омадли келди, у Шаҳрисабзда ўтган республика ёш мақомчилар кўрик-танловининг мутлақ ғолиби сифатида санъат йўналишидаги олий ўқув юртига имтиҳонсиз кириш имтиёзини қўлга киритди. 2006 йилда эса у Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Бухоро санъат коллежида Раҳматилла Иноятов, Толиб Темиров, Эшпўлат Ортиқов каби устозлардан таҳсил олган Моҳичеҳра Ўзбекистон давлат консерваториясини ҳам муваффақиятли тамомлади. У ерда Рифатилла Қосимов, Маҳмуд Тожибоев, Сойиб Бегматов сингари эл таниган устозлардан мумтоз қўшиқчилик сирларини қунт билан ўрганди. Муҳаббатхон Солиҳова, Равшан Абдуазимов каби устозлар Моҳичеҳранинг мақом ижрочиси сифатида шакл¬ланишига улкан ҳисса қўш¬дилар.

2017 йилнинг августи Моҳичеҳра учун ҳаяжонларга тўлиқ палла бўлди, у Самар¬қандда ўтадиган "Шарқ тароналари" ХI Халқаро мусиқа фестивалида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишдек бахт¬га эришди. Дунёнинг 58 давлатидан келган санъаткорлар орасида биринчи ўринни эгаллаб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Бу—унинг кўп йиллик изланишлари самараси, ота-онаси қилган орзулар рўёби эди.

—Икки ўғлимнинг орасидаги ёлғиз қизим у,—дейди Моҳичеҳранинг отаси, ёзувчи Абдунаби Ҳамро.—Болали¬ги¬даноқ иродаси мустаҳкам,¬ ¬тиришқоқ ва мағрур эди. Кўзлаган мақсадига етмагунча тинчимайди. Ишқилиб, умрини берсин...

—Сал бўлмаса спортчи бў¬либ кетарди,—дейди унинг онаси Гулчеҳрахон кулимсираб.—Йўқ, барибир қонида санъатга ташналик бор-да. Дадаси икковимиз ҳам санъатга ошуфта бўлганимиз боис Моҳичеҳра иккиланмай шу йўлни танлади.

Ҳозирда Моҳичеҳра Шомуродова Ўзбекистон давлат консерваториясида, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева раҳбарлик қилаётган кафедрада ўқитувчи бўлиб ишлаб, ёшларга ўз билим ва тажрибасини ўргатмоқда. "Мен дунёнинг АҚШ, Япония, Хитой сингари кўп¬лаб давлатларида бўлганман, лекин она юртим Ўзбекистон ҳамиша кўз ўнгимда, қалбим тўрида турди. Мен ўзбек қизиман, Бухоро фарзандиман ва бундан фахрланаман!" дейди у ифтихор билан. Уни "Шарқ тароналари" халқаро фестивалидаги юксак муваффақияти билан табриклаб, келгуси ишларида омад тилаймиз.

Наргиза НЕЪМАТОВА, Олот тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

:: орқага № 76, 20.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.