Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

Нашримиз йўқламасида: Когон шаҳри

Пўлат излар сарҳалқаси

Мамлакатимизда темир йўл транспортини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустақиллик йилларида ушбу тизимда кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, йўловчи ва юк ташиш ҳажми тобора ортмоқда. Бунинг самарасида ўтган йилларда узоқ истиқболга мўлжалланган дастурлар, лойиҳалар асосида соҳада кенг кўламли темир йўл линиялари барпо этилиб, мавжудлари реконструкция қилинди, электрлаштирилди. Янги йўналишлар очилиб, янги темир йўл вокзаллари қурилди, мавжудлари таъмирланди.

Когон шаҳри рамзий маънода Бухоронинг темир йўл дарвозаси ҳисобланади. Бу ердаги Бухоро вокзали Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 мартдаги "2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникациялари ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарорига асосан янгидан қурилиб, ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди.

Вокзалда VIP ва турли хизматлар кўрсатиш заллари , тиббиёт, она ва бола, дам олиш хоналари,кутубхона, савдо шохобчалари мавжуд.Бино ташқарисида 4 янги чиптахона ва фаввора қурилган.

Майдони 2,9 гектар бўлган вокзал бир вақтнинг ўзида 500дан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади. Бир кеча кундузда 2 мингдан ортиқ йўловчини кутиб олиб, жўнатиш имкониятига эга.

Тошкент — Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи "Afrosiyob" электропоезди қатновининг йўлга қўйилиши мамлакатимиз темир йўл тизимини ривожлантириш, транспорт хизмати кўрсатиш сифатини янада юксалтириш йўлида янги даврни бошлаб берди.

2015 йил 6 ноябрда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ва Испаниянинг "Patentes Talgo, S.L.U" компанияси ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи яна иккита электропоездни харид қилиш бўйича шарт¬нома имзоланган эди. Шартномага мувофиқ, ушбу замонавий электропоездларнинг биттаси мамлакатимизга олиб келинди.

Замонавий "Afrosiyob" электропоезди олдингиларига қараганда янада кенг имкониятларга эга. Хусусан, шу вақтга қадар ҳаракатланаётган бундай электропоездлар 215 йўловчи сиғимига эга эди. Янги поезд 286 йўловчига мўлжалланган. Унда "эконом" тоифали вагонлар сони 2 та кўп.

Тез кунларда электропоезднинг иккинчиси ҳам олиб келинади. Поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш баробарида қўшимча иш ўринлари яратилади.

Айни чоғда қатнови Когон шаҳридаги вокзал орқали ўтадиган Бухоро — Мискин темир йўл қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган замонавий транспорт логистикаси инфратузилмасини бунёд этиш ва сайёҳларга кўрсатилаётган транспорт хизматини яхшилашда муҳим қадам бўлади.

*Кичик бизнеснинг дадил одимлари

Истиқболи порлоқ корхона

Суратда: корхона техник назоратчиси Руслан Шарипов тайёр маҳсулотни кўздан кечирмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик қўллаб-қувватланаётгани рақобатбардош, арзон, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир. Айниқса, чекка ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш корхоналари кўплаб ёшларни иш билан таъминламоқда.

Яқинда шаҳарда "Digital sеccuritu systеm" хусусий корхонаси ишга туширилиши натижасида 20 нафарга яқин ¬йигит-қиз иш билан таъминланди. Камёб маҳсулот ҳисобланган кузатув камераларини йиғишга ихтисослашган мазкур хусусий корхона фаолиятини йўлга қўйишда банкнинг дастлабки 100 миллион сўм миқдоридаги кредити сармоя вазифасини ўтади. Ёш тадбиркор Абдуҳамид Саидов бир неча йил мобайнида мазкур корхона лойиҳаси устида ишлади ва изланди.

— Яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда корхонани замонавий технология билан жиҳозладик,—дейди у биз билан суҳбатда.—Маҳсулотларимиз мижозларга манзур бўлмоқда. Уларни буюртмачиларга ўз вақтида етказиб беришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Дарвоқе, корхона раҳбарининг гапида жон бор. Маҳаллий идораларнинг ёрдами билан замонавий жиҳозланган ишлаб чиқариш цехи ишга тушди. Тез суръатларда корхонада ишлаб чиқарилган видеокузатув маҳсулотлари бозорда ўз ўрнини топди. Нафақат вилоятимиз, балки республикамиз бошқа ҳудудларида ҳам корхона маҳсулотларига талабгорлар бор. Жамоа эришаётган ютуқлар замирида юқори малакали кадр¬лар тажрибаси ҳамда корхона раҳбарининг ишбилармонлиги ётади. Масалан, корхона директори ўринбосари Даир Гаджиев КИП-автоматика мутахассиси. У мамлакатимиз йирик ишлаб чиқариш объектларида тажриба орттирган.

— Бизнесни юритиш бироз мураккаб иш саналади. Бундай ютуққа эришишнинг кафолатланган андозаси йўқ,—дейди Д.Гаджиев.—Тадбиркорлик бобида орттирилган тажриба ва кўникмалар бизнесда муносиб ўрин топиш имконини беради. Кўпгина тадбиркорлар савдо-сотиқни йўлга қўйиш билан иш бошлаб, дарров фойда олиш ниятида бўладилар. Биз эса кам¬ёб маҳсулотларни ишлаб чиқариш ғояси билан чиқдик ва бозорда муносиб ўрнимизни топдик.Айтиш жоизки, банкдан олинган кредит ва мамлакатимизда бизга ўхшаган тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар бизнес ғояларнинг рўёби сарзаминидир. Қолаверса, маҳаллий ҳокимият идоралари ишлаб чиқариш цехи учун бино ажратиб бериб, бизга қўл-қанот бўлишди. Дастлабки натижаларимиз ёмон эмас. Ҳар куни 100 тагача маҳсулот ишлаб чиқараяпмиз. Мактабгача таълим -муассасалари, мактаблар, идоралар маҳсулотларимизга харидор. Ички бозорни юқоритехнологияли техника воситаси билан таъминлаш билан бирга уни четга экспорт қилишни олдимизга мақсад қилганмиз.

Дарвоқе, юқори сифатли маҳсулот, бозор талаби, мақбул таннарх ҳар қандай ишлаб чиқариш объектининг истиқболини белгилайдиган омиллардандир. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, кун сайин имконияти кенгайиб бораётган ушбу кичик бизнес субъектининг янада улкан марраларни эгаллаши шубҳасиз.

"Уйинг тинчми, юртдошим?!"

Аҳоли билан мулоқот мамлакатимизда изчиллик билан амалга ошаётган ўзгариш ва янгиланишлар, энг аввало, одамларни ўйлантираётган долзарб масалаларнинг оқилона ечимини топиб, аҳолининг хотиржам ва ўз турмушидан мамнун бўлиб яшаши учун барча шароитни яратишга, "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган олижаноб ғоянинг ҳаётбахшлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, халқ ичига кириш, унинг дарди ва ташвиши билан яшаш ҳар бир давлат идораси раҳбарининг энг долзарб вазифасига айланди.

— Когон шаҳридаги 21 маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 55 мингдан зиёд оила истиқомат қилади, — дейди Когон шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Азамат Эшов. — Маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжлари ўрганиб чиқилмоқда. Муайян йўналиш бўйича оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун уларга амалий ёрдам кўрсатилиб, банк кредитлари ажратилмоқда. Аҳоли билан бевосита мулоқотларда кўплаб муаммолар ҳал этилиб, ечими топилмаган масалалар юзасидан мутасадди идораларга таклиф ва тавсиялар юборилмоқда.

Аҳоли талабига биноан ободонлаштириш масалаларига эътибор оширилмоқда. Хива кўчасида янги дренаж ўрнатилди, Темир йўл кўчасидаги тик қудуқ дренажи таъмирланди ва Турон кўчаси асфальт қилинди.

Тадбиркорлик билан шуғулланишга азм қилган фуқароларга "Қишлоқ қурилиш банки", Миллий банк ва Микрокредитбанк, Халқ банки томонидан 2 000 000 сўмдан 36 000 000 сўмликгача имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди шаҳар бўлими ва ҳомийлар ҳамкорлигида 34 нафар фуқарога моддий ёрдам берилиб, 16 эҳтиёжманд оиланинг уй-жойлари таъмирланди.

Аҳоли томонидан билдирилган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш мақсадида Когон шаҳар хусусий уй-жойлар мулкдорлари ширкати уюшмаси ҳамда хизмат кўрсатувчи ХУЖМШ, банклар кредит маблағлари ҳисобидан кўп қаватли уйларнинг том қисми, подъезд ва ертўласи таъмирланмоқда.

48 нафар фуқаро давлат идоралари ва халқ хўжалигининг турли соҳаларига ишга жойлаштирилди.

Ўрганиш жараёнида ёши кексалар, ногиронлар томонидан билдирилган эътирозлар ҳисобга олиниб, кўп тармоқли поликлиника участка врачлари ва ҳамширалари ҳудудларга бириктирилиб, аҳолига ҳукуматимиз қарорига асосан арзон чакана нархларда сотилаётган дори ва тиббиёт буюмларининг рўйхати ва уларнинг номлари тўғрисида маълумотлар берилди.

— Маҳалламизда спортга қизиқувчи истеъдодли ёшлар кўп, — дейди Адолат кўчасидаги 5-"г" уйда яшовчи фуқаролар.—Биз билан мулоқотга келган мутасаддиларга маҳалламиз ёшлари учун спорт майдончаси қуриб беришларини сўраб мурожаат қилдик. Улар таклифимизни маъқуллашди. Орадан кўп ўтмай уйимиз олдида спорт майдончаси қурилди. Амин бўлдикки, юзма-юз мулоқотлар давлат идоралари ва халқни бир-бирига янада яқинлаштирмоқда.

—Миллий банк шаҳар бўлими томонидан тақдим этилган етти миллион сўмлик кредит ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятимни бошладим,—дейди Садоқат Шаропова.—Бошлаган янги ишим оиламизга яхшигина даромад келтиришига ишонаман.

Дарвоқе, бугун жойлардаги муаммоларни кабинетдан чиқмасдан ҳал этиб бўлмаслигини ҳаёт исботламоқда. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот одамларни ўйлантираётган масалаларни самарали ҳал этишнинг энг тўғри йўли эканини тажриба кўрсатиб турибди. Муҳими, ишонч ва умид билан қилинаётган мурожаатлар шунчаки қоғозларда қолиб кетаётгани йўқ. Вақтида ўрганил¬япти, аниқ жавоблар бериляпти. Муаммолар жойида ҳал этилаётир.

Арзон уй-жойлар — фаровонлик омили

Мустақиллик йилларида эришган ютуқларимиз биз танлаган йўлнинг ҳақлигини тасдиқлади. Юрт кўркига-кўрк қўшаётган намунавий лойиҳадаги уй-жойлару улкан бунёдкорлик иншоотлари, кундан-кун чирой очаётган маҳаллаю гузарларимиз, хуллас,замонавийлашаётган обод юртимиз қиёфаси олдимизга қўйган улуғвор мақсадларимиз рўёбидир.

— Когон шаҳар аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш бўйича мунтазам равишда самарали ишлар олиб борилмоқда,—дейди биз билан шу мавзудаги суҳбатда Когон шаҳар ҳокими ўринбосари Зафар Жумаев.— Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига асосан 1-сонли мактабда 315 ўринли, 4-сонли мактабда 240 ўринли қўшимча бинолар қурилди. Шунингдек, 13-сонли мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 март кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида шаҳарда қурилиш ва ободончилик ишлари бўйича кўплаб зарур маслаҳатлар берди ва таклифларини билдирди. "2017-2018 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" Вазирлар Маҳкамасининг 237-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат вилоятимиз, жумладан, Когон шаҳрида ҳам мисли кўрилмаган бунёдкорликлар, воҳа аҳлининг манфаатларини янада тўлиқроқ таъминлаш борасидаги улкан ишларга тагзамин бўлди. Қарорга кўра, Бухоро шоҳ кўчаси йўли ёқасида 10 та кўп квартирали кўп қаватли арзон уй-жойлар бунёд этилади. Ушбу уйларда яшовчилар учун дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль туриш жойлари,чиқинди йиғиш пунктлари қурилиши ҳам режалаштирилган. Айни чоғда ¬бу жараён бошлаб юборилган. Шунинг¬дек, тадбиркорлар томонидан ҳам замонавий кўринишдаги дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари, аҳолига хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Бу ишлар замирида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, уларга қулай шароит яратишдек муҳим устувор мақсад мужассам.

*Депутат ва ҳаёт

Инсон манфаатлари йўлида

Қаерда амалий иш бўлса, ўша жойда ривожланиш дарҳол кўзга ташланади. Бугун буни "депутатман", дея халқ юкини елкасига олган ҳар бир инсон чуқур англамоқда. Депутатларнинг фаолиятига назар ташлаш мақсадида халқ ¬депутатлари туман Кенгашига ЎзХДПдан сайланган депутат, Когон шаҳридаги 6-мактаб директори Насиба Қодирова билан учрашдик.

— Халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш осон эмас.— дейди биз билан суҳбатда у.—Бунинг учун депутат доимо одамлар орасида бўлиши, ҳар бир кишининг дарди, қувончини ўзиники деб билиши керак. Ҳудуддаги аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, мутасадди ташкилотларга таклифлар, депутатлик сўровлари билан чиқиш зарур. Шу жиҳатдан олиб қарасак, халққа яқин бўлсаккина давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан аҳоли ўртасида кўприк вазифасини ўта оламиз. Шундагина аҳоли фаровонлиги йўлида кўплаб ишларни амалга ошириб, сайловчилар ишончини қозонишимиз мумкин. Ҳудудимизда 1800 нафар киши истиқомат қилади. Улар ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан тўлиқ таъминланган. Аҳолининг аксарияти иш билан банд. Оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳит, одамларнинг турмуш -фаровонлиги, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжлари бизга қилаётган мурожаатларида акс этиб турибди. Мазкур мурожаатларни чуқур ўрганиб, уларни ҳал этишга ҳаракат қилаяпмиз. Масалан, зирабодлик Мухлиса Норова 2 нафар фарзанди билан қийналиб қолганини билдириб, ёрдам сўраб муро¬жаат қилди. Турмуш ўртоғи ҳам ишсизлар рўйхатида тураркан. Улар-нинг турмуши анча қийин кечаётганини аниқладим. Аёлни ўзим ишлаётган мактабга ишга қабул қилдим. Яна бир фуқаро Ғуломҳусен Ҳасанов ҳам иш сўраб мурожаат қилганди, шу тариқа ишга жойлаштирдим.

Дарвоқе, ҳудудда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғ¬лом этиб тарбиялаш борасида қатор хайрли ишларни режалаштирган Насиба Қодированинг ўз олдига қўйган ниятлари ҳали кўп. Зирабод маҳалласи кўчаларини таъмирлаш, ҳудудда спорт майдончаси барпо этиш шулар жумласидандир. Зеро, депутатларнинг халқ¬қа яқин бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатлари негизида фуқаролар ўзининг фаровон турмуши, эртанги кунига бўлган юксак ишончни ҳис қиляпти.

"Севинч-фарм" юксалишда

Суратда: "Севинч-фарм" қадоқлаш цехи ишчиси Марварид Расулова иш пайтида.

Эл соғлиғи — юрт бойлиги. Бу — азалий ҳақиқат. Юртимизда тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида кўзга кўринарли ишлар қилинмоқда. Даволашни дори-дармонларсиз олиб бориш қийин. Президентимизнинг аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ¬билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори соҳа тараққиёти учун асос бўляпти. Айниқса,шу соҳада фаолият юритаётган хусусий корхона эгаларига кенг йўл очилди. Мамлакатимизда хусусий сектор ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётгани фармацевтика саноатини ҳам ривожлантириш, аҳоли ҳамда даволаш муассасаларини сифатли, хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Маҳаллий шифобахш ўсимликлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан фарма¬цевтика маҳсулотлари маҳаллийлаштирилиб, тиббиёт амал¬иётига жорий этилмоқда.

Когонлик тадбиркор Камол Эшмуродов ҳам шу мақсад йўлида дастлабки қадамларини қўймоқда. У раҳбарлик қилаётган "Луқмони ҳаким" хусусий дорихонаси 1996 йилда иш бошлаган эди. Йиллар мобайнида оёққа туриб олган тадбиркор дорихона негизида ўтган йили "Севинч-фарм" хусусий корхонасини барпо этди. Маҳаллий хомашёлар асосида биологик фаол қўшимчаларни тайёрлашга ихтисослашган мазкур фармацевтика корхонасида доривор ўсимликлар ¬сараланади ва қадоқланади.

—Аввалига Самарқанд, Тошкент, Наманган вилояти ўрмон хўжаликлари билан шартнома тузган ҳолда бундай ўсимликлар олиб келиниб, цехда қадоқланган бўлса, жорий йилда ҳудудимиздан четга чиқмаган ҳолда вилоят ўрмон хўжаликлари билан ўттиз тўрт миллион сўмлик доривор ўсимликларни етказиб бериш юзасидан шартнома туздик, — дейди корхона раҳбари Камол Эшмуродов.—150 минг АҚШ долларига Хитойдан қадоқловчи ускуналар келтирдик. Бунинг учун "Қишлоқ қурилиш банк"нинг 79 миллион сўмлик кредити таянч вазифасини ўтади. 150 та хусусий фирма билан ҳамкорлик қиляпмиз. Дори қадоқлаш цехида 13 киши иш билан банд. Бу ерда малакали мутахассислар билан бир қаторда ёш кадрлар ҳам самарали фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчилари. Шу маҳалла ҳудудида замонавий жиҳозланган дорихона биносини Мустақиллик байрами арафасида ишга туширдик. Тиббиёт коллежини тугатган 10 нафарга яқин ёш провизорлар иш билан таъминланди. Келгусида маҳаллий шароитда ўсадиган шифобахш гиёҳлардан таблетка ва капсула шаклидаги дори воситалари ишлаб чиқариб, маҳсулот турини кенгайтириш ниятидаман. Чунки, дори воситалари таннархи арзонлашса аҳоли учун қулай. Қолаверса, уларни экспорт қилиш имконияти ҳам вужудга келади.Бунинг учун эса ҳали анча изланишим керак.

Ҳа, бу тадбиркорнинг шашти баланд. У мақсади сари олдинга илгариламоқда.Дадил одимлари замон билан ҳамнафас. 40 нафар кишини иш билан таъминлаган тадбиркор кенг тармоқли фаолияти билан маҳалла аҳлига намуна кўрсатмоқда. Биргина дори воситалари ишлаб чиқариш билан чеклангани йўқ. "Когон юлдузи" фермер хўжалигини ҳам ташкил этиб, унга ўзи раҳбарлик қилмоқда. 150 бош қорамол, 700 бош қўй, кўплаб отлари бор.Хўжалигида паррандаларнинг барча турини учратиш мумкин. Бу фермер хўжалигида ҳам 10 нафар киши фаолият юритади.

Излаган имкон топади, деганлари шу бўлса керак-да!

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Шаҳло БАҚОЕВА томонидан тайёрланди.

:: орқага № 75, 16.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.