Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон! Байрамолди йўқламасида: Ғиждувон тумани

----------------------------------------------

*Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси:

Инвестицион имкониятлар ҳудуди

Акмал Тешаев раҳбарлик қилаётган "Жўшқин Пирмаст" фермер хўжалиги кўптармоқли субъект сифатида танилган. Хўжаликнинг 22 гектар ер майдонида пахта, 16 гектарида ғалла етиштирилади. 180 бош қорамол парваришланаётган наслчилик тармоғида эса аҳолига наслли моллар, сут ва гўшт маҳсулотлари етказиб берилади. 2 гектарли иссиқхонада етиштирилаётган помидор ва бодринг элимиз дастурхонига тортиқ этилмоқда.

Ғиждувон барча шароит ва имкониятлари — хомашё ва ресурс базаси салоҳияти етарли бўлган ҳудуд сифатида вилоят иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди.

Буни туманнинг иқтисодий кўрсаткичлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йилда ҳу¬дуднинг жами савдо ай¬лан¬маси 970 миллиард, пуллик хизматлар 183 миллиард сўмни, экспорт ҳажми 40166,0 минг АҚШ доллар, импорт ҳажми эса 3909,3 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январда қабул қилинган "Ургут", "Ғиждувон", "Қўқон" ва "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги фармонига асосан, туманда саноат ҳудудининг ташкил этилиши тадбиркорлик имкониятларини янада кенгайтириш, экс¬порт салоҳия¬тини ривожлантириш, замонавий, барқарор иш ўринларини яратиш, аҳоли ҳаётини бундан-да фаровон этишга хизмат қиладиган муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 10-11 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида "Ғиждувон" ЭИЗ фаолиятини самарали йўлга қўйиш борасида қатъий талаблар қўйган ҳолда кўрсатмалар берган эди,—дейди "Ғиждувон" ЭИЗ дирекцияси раҳбари Фарҳод Умаров.—2017-2019 йилларда мазкур саноат ҳудудида 127,2 миллион долларлик 49 та инвес¬тициявий лойиҳа амалга оширилиши натижасида 2731 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 65,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 21 та лойиҳа бўйича инвестиция буюртманомаси тақдим этилди. Республика Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгаши томонидан лойиҳалар ўрганилиб, бир нечтаси маъқулланди ва уларга ЭИЗ қатнашчиси гувоҳномалари ҳамда вилоят ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари топширилди.

Дарҳақиқат, ушбу ҳудудда қурилиш материаллари, енгил саноат ва тўқимачилик, озиқ-овқат, хавфсиз кимё маҳсулот¬лари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақлаш сиғимларини ташкил этиш йўналишлари бўйича 25,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳаларнинг ак¬са¬рия¬тида ишлар бошланган.

Тумандаги собиқ ип-йи¬гирув фабрикаси биноси ҳам ЭИЗ ҳудуди таркибига киритилди. Вилоятнинг салоҳиятли инвесторлари томонидан мазкур объектда бунёдкорлик, қурилиш-монтаж юмушлари тезкорлик билан олиб бориляпти.

—Умумий қиймати 43 миллион АҚШ долларига тенг ип-калава ҳамда ип-газлама ¬ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз,—дейди инвесторлардан бири "Парвоз Ҳумо ¬равнақи транс" масъулияти чекланган жамият раҳбари Нурмуҳаммад Ачилов.—Лойиҳа қувватига кўра, биринчи босқичда 8400 тонна ип-калава ишлаб чиқарилса, иккинчи босқичда 60 миллион квадрат метр ип-газлама тайёрланади ҳамда 550 та янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг асосий қисми шар¬қий Европа ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади.

"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонасида инвесторларга бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириши учун яратилган шароитлар, қулай ишбилармонлик муҳити ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. ЭИЗ қатнашчилари ер, мол-мулк, фойда солиқлари, ягона солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, республика йўл фонди ва таълим жамғармаси учун мажбурий тўловлардан озод этилган. Шунингдек, улар божхона имтиёзларидан ҳам фойдаланиш имкониятига эга.

Ҳа, "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ишбилармонлар учун инвестицион имкониятлар ҳудуди, ғиждувонликлар таъбири билан айтганда, ёрқин келажак, фаровон ҳаёт, порлоқ истиқбол кафолатидир...

Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ғиждувон тумани Халқ қабулхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида шу томонга йўл оларканмиз, қабулхона эшигидан хуш кайфиятда чиққан икки киши эътиборимизни тортди:

—Айтгандим-ку, ҳал қилишади деб, сен бўлсанг ишонмадинг,—дейди хурсанд кайфиятда бири иккинчисига. Ҳамроҳи ҳам беҳад мамнун.

Бу хурсандчиликнинг боиси билан қизиқдим. Ўзини Турсун Ҳамидов деб таништирган фу¬қаро "Сарвари" МФЙ, Янги ¬работ қишлоғида истиқомат қилар экан. Халқ қа¬булхона¬сига фермер хўжалигининг яйло¬в ерларини кенгайтириб бериш масаласида мурожаат қилибди.

—1995 йил колхозда ижара-пудрат асосида иш бошлаганман,—деди у мурожаати мазмуни билан батафсил таништириб.—1998 йил "Жўрақул бобо" фермер хўжалигини ташкил қилиб, 2005 йили хўжалик номини "Нусратилло барҳаёт" деб ўзгартирдик. 50 гектар яйлов майдонида чорвачилик билан шуғулланамиз. Сурувдаги қўй-қўзилар сони 150 бошдан ошган. Қорамолларимиз анчагина. Бироқ фермер хўжалиги ҳудуди чорва боқиш учун торлик қиляпти. Ўтган йиллар давомида қўшимча яйлов ерлари ажратилишини сўраб, бир нечта тегишли идораларга мурожаат қилдим. Бироқ, на ваколатли ташкилотлар, на маҳаллий ҳокимлик томонидан аризаларим эътиборга олинмади. Раҳбарлар "отангга бор, онанга бор" қабилида иш тутишар эди. Бугун туман Халқ қабулхонасида бўлганимда, масала тез кунларда ҳал қилинишини айтишди.

Ушбу мурожаатнинг натижасини билиш мақсадида у билан қўнғироқлашишга келишиб хайр¬¬лашдик...

Юртбошимизнинг "Жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони асосида ташкил этилган Ўзбе¬кис¬тон Республикаса Президентининг Ғиждувон туманидаги Халқ қабулхонасига ҳозирга қадар аҳолидан 1000 га яқин мурожаат келиб тушган. Суд-ҳуқуқ, ички ишлар, уй-жой, таълим, кредит олиш, қурилиш, солиқ тўловлари сингари кўплаб масалалардаги мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечим топмоқда. Баъзи масалалар бўйича фуқароларга тегишли юридик маслаҳатлар берилмоқда.

—Халқ қабулхонасида аҳоли билан мулоқот қилиш учун кенг имконият яратилгани, уларнинг ҳаётий муаммолари тезкорлик билан ҳал этилаётгани одамларнинг давлатга, адолатга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда,—дейди қабулхона мудири Усмон Ҳалимов.—Биз аввал мурожаатларда кўтарилган муаммоларни обдон ўрганиб, сўнг тегишли идора ва ташкилот вакиллари билан биргаликда уларнинг ечимини излашга киришяпмиз. Нажот излаб ҳузуримизга келган ҳар бир кишига ўз вақтида етарли ёрдам кўрсатиш, мурожаатини ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

Халқ қабулхонасида мурожаатлар билан ишлаш баробарида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида чекка қишлоқ ва маҳаллаларда сайёр қабуллар ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар "Ғовшун", "Соктаре", "Позагари", "Армечан", "Фиришкент", "Буктарой" сингари қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган сайёр қабулларда 900 нафарга яқин аҳоли иштирок этди. Қабулхона мудири, туман ҳокими ва прокурори, ички ишлар бўлими, давлат солиқ инс-пекцияси раҳбарлари иштирокидаги мазкур учрашувларда фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.

—Иккинчи гуруҳ ногирониман,—дейди фуқаролардан бири Шомурод Бобомуродов.—Келиним оғир касалликка чалинди. 9 ойлик неварам—Сарвинозни сут билан озиқлантириш имкони бўлмай қолди. Ўғлим ҳам меҳнатга лаёқатсиз. Рўзғорни бутлашга қўлим калталик қилди. Неварамга ҳам бирор кор-ҳол бўлишидан чўчиб, бир бош соғин сигир олиб беришга кўмаклашишларини сўраб мурожаат қилган эдим, бир ҳафтада илтимосимни бажаришди. Менга ёрдам қилганларни дуо қиламан.

Ҳамсуҳбатимни тинглар эканман, Президентимиз ўзининг ҳар бир чиқишида қатъий таъкид¬лайдиган хитоби ёдимга тушди: "Муаммонинг катта-кичиги бўл¬майди, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади!".

...Орадан бир неча кун ўтиб, Халқ қабулхонаси олдида учратганим—Турсун аканинг телефон рақамини тердим. Ўзимни таништирар-таништирмас, нариги томондан унинг хушчақчақ овози янгради. "Ҳал бўлди, синглим, бир ҳафта ичида-я", деди у салом-аликдан сўнг қувонч билан. "Ижара шартнома асосида 150 гектар яйлов ерларидан фойдаланиш имконига эга бўлдим".

Турсун акани табрикладим. Қизиқ, одамларнинг оғирини енгиллатиб, уларнинг қувончига шерик бўлиш — нақадар тотли. Бундан беш юз йил муқаддам буюк бобокалонимиз Навоий ҳазратлари ҳам ана шу туйғуни теран ҳис этиб, "Одами эрсанг, демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами", дея таъкидлаган ва шу иборани ўзининг ҳаёт фалсафасига айлантирган. Ушбу ҳикмат бугун муносиб авлодлар, юртнинг фидойи фарзандлари қалбида акс-садо бериб, уларнинг халқ манфаатлари йўлида қилаётган хайрли ва эзгу амалларида ўз ифодасини топмоқда.

Муқаддас заминнинг олтин бешиги

Ғиждувон кулолсозларининг олтинчи авлод вакили Алишер Нарзуллаев мазкур амалий санъат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган мамлакатимизнинг энг фаол ҳунармандла¬ридан бири. Сополсозликда ўз йў¬ли ва услубини яратган ҳунарманд Япония, АҚШ, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда ўтказилган нуфузли кўр-газмаларда ўз асарлари билан иштирок этиб, сов¬риндорлар қа¬торидан жой олди. "Ўзбекистон халқ устаси" фахрий унвонига сазовор бўлган кулол айни вақтда отамерос ҳунарни янада ривожлантириш йўлида изланишлар олиб бормоқда. Суратда: Алишер Нар¬зуллаев невараси Озодбек билан.

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган аллома, тасаввуф ва сўфийлик тариқати шайхи, етти пирлар сардори бўлмиш Абдулхолиқ Ғиждувоний меъморий ёдгорлик мажмуаси ҳамиша зиёратчилар, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум. Мустабид тузум даврида хароба ва ташландиқ ҳолатга келиб қолган ушбу қадамжо мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов ташаббуси билан алломанинг 900 йиллик юбилейи арафасида қайта таъмирланиб, обод масканга айлантирилган эди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 11 июлда қабул қилинган "Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақш¬банд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида"ги фармойишига асосан, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш, уларнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб қилиш борасидаги хайрли ва савобли ишлар давом эттирилади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Абдулхолиқ Ғиждувоний меъморий ёдгорлик мажмуа¬сини қайта таъмирлаш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

—Ёдгорликнинг шимол, шарқ ва жануб томонларига дарвозалар ўрнатиш, Мирзо Улуғбек мадрасаси ва минорани рестоврация қилиш, ҳовуз, фаввора ва масжидни мукаммал таъмирлаш мўлжаллан¬япти,—дейди туман бош архитектори Хуршид Аҳмедов.—Шунингдек, санитария талабларига жавоб берадиган "кушхона" ва таҳоратхона қурилиши, йўлакларга нақшин плиткалар ётқизиш, ёритиш тизимини бутунлай янгилаш, гул ва манзарали кўчатлар ўтказиш, ҳудуддаги автотурар йўлакларни асфальтлаштириш ҳам асосий режалар қаторида. Бунинг учун 8 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, зиёратгоҳларни обод этиш, тарихий ёдгорликларни қайта тиклаш — миллат маънавияти, онгу тафаккурини юксалтиришга хизмат қилувчи хайр¬ли юмушдир. Зеро, Биринчи Президентимиз эътироф этганларидек, "Қадимий меросимиз илдизларига қайтиб, ўтмишдаги бой анъаналарни янги жамият қурилишига тадбиқ этмоқ" ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

90 йилликни янги бинода

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Қодиржон Тўхтаев, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Фрунзе Жўраев, эл ардоқлаган устоз Саид Раҳмонов, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Садриддин Нажмиддинов, тиббиёт фанлари номзодлари Нилуфар Каримова, Меҳри Мирзаева... Бу номларни бир-бири билан чамбарчас боғлаб, муштарак қилиб турувчи бир жиҳат, тўғрироғи бир маскан борки, у ҳам бўлса мактабдир. Туманнинг 7-сон умумтаълим мактаби ўз бағрида ана шундай фан ва таълим фидо-йилари, элу юрт ҳурмати ва ардоғидаги инсонларни камолга етказган. Мазкур илм даргоҳининг ташкил топганига бу йил 90 йил тўлди. Шу қутлуғ сана арафасида мактаб биноси қайта таъмирланиб, замонавий кўркам қиёфа касб этди.

—2017 йилги инвестиция дастури асосида барпо этилган 201 ўринли янги қўшимча бино ишга тушди,—дейди мактаб директори Нигора Орзиқулова.—Бош бино эса мукаммал таъмирланди. 1 миллиард 376 миллион сўм ¬маблағ сарфланган мазкур иншоотлар замон талаблари -асосида жиҳозланди, фан кабинетлари зарур жиҳозлар билан таъминланди. Иситиш тизими янгиланди.

Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманда 2017 йил инвестиция дастурига му¬вофиқ яна 10 та умумтаълим мактабида кенг кў¬ламли таъмирлаш ва қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

Деҳқон бозори қайта қурилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори юртимизда замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш, харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, мавжуд деҳқон бозорларини мукаммал реконтрукция қилиш сингари эзгу мақсадларни мужассам этган.

Қайд этиш лозимки, туманнинг йирик савдо мажмуаларидан бири ҳисобланган "Ғиждувон деҳқон бозори" ҳам сўнгги йилларда меъморий ечим, санитария нуқтаи назаридан ва бош¬қа мезонлар бўйича замон -талабларига жавоб беролмай қолган эди. Шу боис ҳам ушбу объект унинг фаолиятини бугунги замон стандартларига мос тарзда қайта ташкил этиш мақсадида бино реконструкция қи¬линади ва қайта қурилади. Бу ерда замонавий савдо мажмуалари барпо этиш кўзда ¬тутилган. Шунинг¬дек, 2-типдаги замонавий савдо мажмуаси енгил конструк¬цияли сендвич типдаги панелли вақ¬тинчалик йиғма павильон ҳамда автомобилларни вақтинча сақлаш жойи қурилади. Бозорни қайта қуриш учун 2,15 гектар ер майдони ажратилди.

"Ғиждувонтехстройпрогресс" МЧЖ томонидан олиб бориладиган бунёдкорлик ишларига 7 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

*Бунёдкорлик

Обод манзиллар

Мамлакатимизда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш ҳисобига ҳудуд аҳлининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу бунёдкорлик юмушлари дои¬расида жорий йил ўтган даврида туманнинг Ўзбакон аҳоли пунктида 19 та 6 со¬тихли, 20 та 2 сотихли, 1 та 2 қават 16 хонадонли уйлар қуриб битказилди. Тўқол аҳоли пунктида 85 та 6 сотихли замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бу ерда ҳудудий органлар раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар, профилактика инспекторлари учун хизмат уйлари қуришни ташкил этиш ҳисобига ҳудудларнинг қиёфасини ободонлаштириш ва аҳолининг турар жой шароитларини яхшилашни таъминлаш борасида ҳам ибратли ишлар амалга оширилаётир. Президентимизнинг 2016 йил 22 декабрдаги "Маҳаллий ҳокимият ва давлат бошқаруви органларининг раҳбар ходимлари учун хизмат турар-жой уйларини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида умумий қиймати 1616,3 миллион сўмлик 9 та уй-жой қурилди.

Туманда фаолият олиб бораётган профилактика инспекторлари учун 41 та уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, байрам арафасида 24 та ана шундай уйлар ўз эгаларига топширилади.

—Асли Вобкент туманидан бўлганлигим боис, ўзим фаолият олиб бораётган маъмурий ҳудудга қатнаш ноқулайлик туғдирарди,—дейди туманнинг "Буктарой" ва "Кўшк" МФЙ ҳу¬дудлари профилактика инспектори, катта лейтенант Ҳамза Ҳожиев.—Давлатимиз раҳбарининг ички ишлар ходимларига қулай шароитлар яратиш мақсадида берган топшириқлари асосида қуриб битказилган 3 хонали уй менга ҳам насиб қилди. Бундай шароит ва имкониятлар янада самарали фаолият олиб боришимиз учун муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Порлоқ истиқбол одимлари

Вилоятни 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва замонавий инфратузилмасини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури асосида Ғиждувон туманида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган. Хусусан, 2017 йилда 170 та лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш учун 163 миллиард 438 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб шу асосда 1882 та янги иш ўрни яратилади.

Хусусан, саноатни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 116 миллиард 320 миллион сўм бўлган 24 та, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида эса 31 миллиард 391 миллион сўмлик 50 та лойиҳа амалга оширилади.

2017 йилда халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига умумий қиймати 6 миллион 912 минг АҚШ долларлик 12 та лойиҳа молиялаштирилади.

Туман иқтисодиётида муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш борасида 96 та ло¬йиҳани рўёбга чиқариш учун 15 миллиард 727 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 15 миллиард 352 миллион сўмлик 49 лойиҳага инвестиция киритилди ва 257 та янги иш ўрни ташкил этилди.

* * *

Яна бир муҳим лойиҳа. "Бухоро бриллиант силк" қўшма корхонаси негизида Ғиждувон, Шофиркон ва Пешкў туманларида пилла етиштириш ҳажмларини ошириш ва ипакдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида туманнинг 500 гектар ер майдони мазкур корхона учун ажратиди.

Ушбу ер майдонларининг ҳар 5 гектарида марказлашган 50 қутига мўлжалланган Хитой технологияси асосида ипак қурти боқиш базалари қурилиши бошланган. Бундан ташқари Хитойнинг "Zhejiang U Better Import & Export Co Ltd" корхонаси билан тут кўчати ва тут қатор оралиғига дуккакли экинлар етиштиришга мўлжалланган техникалар сотиб олиш бўйича шарт¬номалар имзоланди.

Қуртхоналар қурилиши босқичма бос¬қич амалга оширилиши режалаштирилган.

Қизилқум бағридаги бўстон

Туманнинг энг пешқадам кичик бизнес субъектларидан бири "Селена трейд" масъулияти чекланган жамиятида 20 нафар ходим меҳнат қилади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган қадоқлаш қутилари ҳамда ёрлиқлар сифати ва ҳамёнбоп нархи билан харидоргир. Ўтган йили корхона мижозларга 2 миллиард 400 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берган бўлса, бу йилги ишлаб чиқариш ҳажми 3 миллиард сўмликдан оширилиши мўлжалланяпти. Суратда: корхона техниги Собирхўжа Бобохўжаев (чапда), қадоқловчи Комил Тўраев билан маҳсулотни кўздан кечирмоқда.

Қизилқум чўлининг марказида жойлашган мўъжазгина Зафаробод шаҳарчаси ўзининг меҳнаткаш ва матонатли, кўп миллатли аҳил аҳолиси билан алоҳида эътирофга муносиб масканлардан бири саналади. Меҳнат билан банд аҳолининг асосий қисми Навоий кон-металлургия комбинати 5-сон бош¬қармасида фаолият юритади. Шу боисдан ҳам бу ернинг иккинчи номи "Кончилар шаҳарчаси".

18 миллат вакилларидан иборат 5600 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бу ҳудудда 2 та мактаб, мактабгача таълим муассасаси, деҳқон бозори, элликдан ортиқ кичик савдо дўконлари, ўнга яқин аёллар учун гўзаллик салони ва эркаклар сартарошхоналари, тўйхоналар, Ёшлар саройи ҳамда қатор хизмат кўрсатиш шохобчалари шаҳарча аҳли хизматида. Ўтган йил қуриб битказилган Ёшлар саройи ва унинг қаршисида жилваланиб турган рангли мусиқий фаввора Қизилқумнинг ҳароратли оқшомларида одамларнинг мароқли ҳордиқ чиқариш ва дам олишлари учун яратилган қулайликлардан биридир.

Энг улуғ, энг азиз байрамимизни Зафаробод аҳли шаҳарча номига муносиб ютуқлар, зафарлар билан қарши олмоқда. Масалан, хусусий тадбиркор Ҳамид Ширинов ташаббуси билан Хитойдан замонавий технологиялар келтирилиб, 5 турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи хизмат кўрсата бошлади. "Мидлазиягаз" МЧЖ раҳбари Ҳусен Раҳматов томонидан қурилаётган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси ҳам яқинда фойдаланишга топширилади.

Айниқса, бу йил шаҳарча марказида бунёд этилган ҳашаматли Маданият ва спорт комплекси Зафаробод меҳнаткашлари учун энг улуғ, энг азиз байрамга ўзига хос туҳфа бўлди.

—Давлат дастури асосида барпо этилган мазкур иншоот мини футбол майдончаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, тренажёр, рақс ва стол тенниси заллари, Навоий кон металлургия комбинатига қарашли 5-кон бошқармаси музейи, 12000 китоб фондига эга кутубхонадан иборат мажмуани ўз ичига олган,—дейди Зафаробод шаҳарчаси уй-жой коммунал хўжалиги бошлиғи Муродбек Ережепов.—Объект қурилишига 6 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Дарвоқе, ҳудуднинг миришкор деҳқонлари ҳам байрамни муносиб кутиб олишяпти. Масалан, Фазлиддин Мирзаев 4 сотих ерда лимонарий барпо этиб, ўз маҳсулотларини аҳоли дастурхонига тортиқ эта бошлади. Тиниб-тинчимас деҳқонлардан яна бири Хайриддин Тўраев ўзига ажратиб берилган 1 гектар ерда сабзавот етиштириб, баҳорда 10 тонна помидор, 12 тоннагача бодринг йиғиштириб олди. Эндиликда фаолиятини янада кенгайтириш, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда цитрус мевалар етиштириш тадоригини кўрмоқда.

—Иссиқ ва қуруқ чўл шароитида битта гиёҳ ўстиришнинг ўзи бўлмайди,—дейди Фазлиддин ака. —Иссиқхона меҳнатининг машаққатини-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ҳар бир ишга қунт, матонат, сабот керак. Нима бўлганда ҳам шаҳарчамиз аҳолисини қишин-ёзин янги узилган сабзавотлар билан таъминлашга нима етсин.

Деҳқонни тинглаб, ҳам ҳавас, ҳам ҳайратга тушасан. Шу боис ҳам қақроқ чўлда бўстон яратаётган зафаробод меҳнаткашларини қаҳрамонларга менгзагинг келади...

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Дилдора ИБРОҲИМОВА томонидан тайёрланди.

:: орқага № 68, 23.08.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.