Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Ҳунар — ҳунардан унар

Заргарлар сулоласи давомчиси

Суратда: Толиб Муҳамедов хорижлик сайёҳга заргарлик буюмларини кўрсатмоқда.

Воҳамизда ҳунари ортидан элда ҳурмат ва эҳтиром топаётганлар бисёр. Улардан бири Бухоро шаҳрида яшовчи Толиб Муҳамедовни вилоятда кўпчилик қўли гул заргар сифатида танийди. Ўзига хос услубига эга, ҳунармандлар сулоласи вакили Толиб Бухоро заргарлиги мактаби намуналарини дунё аҳлига рисоладагидек намоён этишга муваффақ бўлаётир.

— Бухоро заргарлиги ўзига хос жиҳатлари билан кўпчиликни лол қолдириб келмоқда, — дейди Толиб биз билан суҳбатда.— Бу санъат заҳмати ва қадр-қимматини билган, унинг масъулият юкини елкасига олган устозода заргар, отам — Тоҳир Муҳамедовнинг айтишича, биз заргарлар сулоласи-данмиз. Гарчи бобом Рауф ¬Муҳамедов дурадгор уста бўлсаларда, катта бобом ¬Муҳаммаджон ота ўз даврининг моҳир заргари сифатида номи эл оғзига тушган соҳиби ҳунарлардан бўлганлар. Собиқ шўролар тузуми халқ¬қа, айниқса, илму ҳунар аҳли бошига оғир мусибатлар солиб, уларни бор-будидан айиргани тарихдан маълум. Шундай ҳолга тушган катта бобом ўғилларига, яъни бобомга: "Тақдир экан, болам, энди заргарликни давом эттиришингга имкон йўқ. Дурадгорлик этагини тутмасанг бўлмайди" — деганлар. Шу-шу бобом касбларини ўзгартиришга мажбур бўлганлар.

Аммо сулола сулола-да. У инсонни ўзлигига қайтарар экан. Вақт-соати келиб, мустақиллик туфайли бу касб-кор эгаси бўлиш отамга, амаким Муҳаммаджонга ва менга насиб этди. Ота-боболарим яратган қадимий тақинчоқлар, заргарлик буюмлари жилоси менда ўзгача таассурот қолдирарди.

Шаҳардаги 40-мактабни тугатиб, Бухоро миллий ҳунармандчилик коллежида ўқиб юрган кезларим бу ҳунарга иштиёқим янада ошди. Шаҳардаги машҳур заргарларнинг ижодий ишларини синчиклаб ўргандим. Уларни тушунишга, қалбан ҳис этишга уриндим. Коллежни тугатар чоғим олдимда турган мақсадим аниқ эди. Ҳунарманд-заргар бўлишга аҳд қилгандим. Бу қарор мени янги изланишларга ундади. Қадимий услубга замонавийликни уйғунлаштирган ҳолда турли-туман тилла буюмларни ясай бошладим. Истеъдод йиллар силсиласида чархланиб, сайқалланиб боравераркан. Танловлардаги ютуқларим, халқаро кўргазмалардаги иштироким мени бу ҳунарга янада қаттиқроқ боғлади. Шу йўлдаги илк ютуғимни ҳали-ҳануз ҳаяжон билан ¬эслайман. Оддийгина вилоят миқё¬сидаги кўргазма эди... Унда ғолиб чиққач, кўнглимда рағбат уйғониб, болалигимдан қадрдон бўлган касб сирларини маҳорат даражасида эгаллашга киришдим. 2011 йилдан буён "Ҳунарманд" уюшмасига аъзоман. Хорижий давлатлар кўргазмаларида, жумладан, Туркия, Исроил ва Россия мамлакатларида бўлиб ўтган кўргазмаларда иштирок этдим. Хорижликлар билан савдо-сотиқни йўлга қўйдим. Қадимий миллий тақинчоқлар — зирак, қафабанд (бўйин тумори), зебигардон, пешонабанд каби қўл меҳнати намуналари кўп меҳнатталаб, аммо чинакам санъат намуналари. Бундай тақинчоқлар нафақат юртдошларимиз, балки шаҳримиз меҳмонлари, хорижликларни ҳам ўзига мафтун этади. Айниқса, кейинги йилларда аёлларимиз шунга монанд эскича услубдаги тақинчоқларни ясаб беришни сўрашмоқда. Қадимийлигимиз ўзлигимизга қайтаётганидан хурсанд бўламан. Айни чоғда Америка Қўшма Штатларида бў¬ладиган "Лас-вегас шоп" кўргазмасига тайёргарлик кўраяпман. Ҳунарим мени дунё¬га танитмоқда.

Ёш уста-заргар Толиб Муҳамедов ўтган йили "Юрт келажаги" кўрик танловининг "Тасвирий ва амалий санъат" йўналиши бўйича шаҳар, вилоят босқичларида биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида фаол иштирокчи сифатида сертификат билан тақдирланди. "Ташаббус-2016" кўрик танловининг шаҳар босқичида "Энг яхши ҳунарманд" номинациясида бошқа халқ амалий санъати усталари билан бирга иштирок этиб, ўз маҳоратини оширди.

Дарвоқе, Толиб Муҳамедовдек сулола давомчилари бор экан, ўлмас ва боқий ҳунарларимиз барҳаёт яшайди.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 58, 19.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.