Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон! Байрамолди йўқламасида: Когон тумани

Юксалишлар даври

Мустақиллик юртимизда юксалишлар даврини бошлаб берди. Тарихан жуда қисқа муддатда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини айтиб адоғига, санаб саноғига етиш мушкул. Соҳибқирон бобомиз "Бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлганлар келиб биз қурган иморатларни кўрсин", деб бежиз айтмаган. Юртимизга ташриф буюраётган хорижликлар бу йилларда юз берган ўзгаришларни кўриб ҳайратда қолмоқдалар.

— Биринчи Президентимизнинг "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида туманда намунавий ло¬йиҳалар асосида якка тартибдаги турар жойлар қурилиши жадал бормоқда. Ўтган йили "Беклар" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Шўробод аҳоли пунктида 75 та, Деҳмирзаён янги массивида 70 та, Хўжалар қишлоғида 35 та, Кончилар аҳоли масканида 100 та янги уй-жой барпо этилди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Шоди Туккаев.—Режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун жами 14 -миллиард сўмлик бошлан¬ғич бадал шакллантирилди ва "Қишлоқ қурилиш банк"и Когон туман филиали томонидан 36,4 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Барча қулайликларга эга мазкур уй-жойлар бултур Мустақиллик байрами арафасида эгаларига топширилди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 10-11март кунлари вилоятимизга қилган ташрифидан сўнг республика Вазирлар маҳкамаси томонидан "2017-2018 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ривожлантириш чора тадбирлари дастури тўғрисида"ги 237-сонли қарор қабул қилинди. Ушбу дастур вилоятимиз, жумладан, Когон туманида ҳам мисли кўрилмаган бунёдкорликлар, воҳа аҳлининг манфаатларини янада тўлиқроқ таъминлаш борасидаги улкан ишларга тагзамин бўлди. Дас¬турда белгиланган вазифалардан бири аҳолини арзонлаштирилган намунавий уй-жойлар билан таъминлаш ҳисобланади. Мазкур йўналишда Когон туманида 2017 йилда жами 52 та шундай бино қурилиши режалаштирилган бў¬либ, унинг 20 таси кўп қаватли уй-жойдир. 32 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти барпо этилади. Айни чоғда 20 та кўп қаватли уй-жойлардан 13 тасига туман ҳокими қа¬рори билан ер ажратилган. ¬Бу жойларда қурилиш-монтаж ишлари бош¬ланган. Ишонамизки, туманда изчил равишда олиб борилаётган бу каби бунёдкорликлар халқ манфаатларига хизмат қилади.

Ислоҳотлар самараси

Когон туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган мақсад-вазифалар ўз ифодасини топган йирик лойи-ҳалар амалга оширилмоқда.

Чунончи, Бухоро шаҳридан Когон туманига кириш чегарасида рамзий дарвоза қурилди. Баҳоуддин Нақшбанд МФЙ ҳудудида жойлашган ушбу дарвоза туманга келаётган турист¬лар ва зиёратчиларни муносиб кутиб олиш майдончаси бўлиб ҳисобланади. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2017 йил 1-ярим йиллигида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш, экин майдонлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникациялари тизимини янада ривожлантириш, ижтимоий соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича 31 та лойиҳа режалаштирилган. Бу мақсадлар учун 13 миллиард 760 миллион сўм, жумладан 6 миллиард 820 миллион сўм лойиҳа ташаббускорлари маблағи, 4 миллиард 990 миллион сўм банк кредитлари ва 500 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилиниб, 266 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Амалда эса 64 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, уларнинг қиймати 16 миллиард 73 миллион сўмни ташкил этди. Бу инвестициянинг 8 миллиард 692 миллион сўми тадбиркорларнинг маблағи, 5 миллиард 431 миллион сўми банк кредити ҳисобланади. Шунингдек, 500 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилди. 351 та иш ўрни яратилди. 6 ой ичида саноат йўналишида қиймати 9 миллиард 400 миллион сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилиб, 160 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган эди. Амалда эса 17 та лойиҳа бажарилди, унинг қиймати 11 миллиард 426 миллион сўмни ташкил этди. 202 та иш ўрни яратилди. Қишлоқ хўжалиги йўналишида эса қиймати 1 миллиард 459 миллион сўмлик 15 та лойиҳани рўёбга чиқа¬риш режалаштирилган эди. Амалда эса қиймати 1 миллиард 430 миллион сўм бўлган 21 та лойиҳа бажарилиб, 61 та иш ўрни яратилди.

Инсон манфаатлари ҳам¬ма нарсадан устун. Мазкур олижаноб ғоянинг амалдаги тасдиғи ҳар бир соҳа ривожида ўз аксини топса, туман иқтисодиёти янада ривожланади.

2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Олтин кўприк

Президентимиз томонидан давлат идораларига аҳоли мурожаатлари билан ишлашда мутлақо янги тизимга ўтиш талаби қўйилди. Натижада барча муассаса ва ташкилотларда фуқаролар қабулхонаси жорий этилди. Бу борадаги ишларнинг энг самаралиси Юртбошимизнинг "Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори асосида ўз фаолиятини бошлаган Халқ қабулхоналаридир. Бугунги кунда Халқ қабулхоналари чиндан-да элимиз манфаати йўлида хизмат қилувчи адолат масканига айланаётир. Айни дамда Когон тумани Халқ қабулхонаси ҳам аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиб, фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиб келмоқда.

— Бу ерга аҳоли ёрдам сўраб келади, — дейди биз билан суҳбатда қабулхона мудири Ҳамид Равшанов.— Биз эса ҳар бир асосли мурожаат юзасидан кўмак беришимиз шарт. Мурожаатларнинг аксарияти туман миқёсида ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолардир. Аризаларни ўрганиш жараёнида раҳбар мутасаддиларнинг эътиборсизлиги ва ҳаракатсизлиги оқибатида муаммо ечилмай қолиб кетганлигига гувоҳ бўламиз. Аксарият мурожаатлар ижтимоий аҳамиятга эга. Келинг, яхшиси, ҳал этилган мурожаат эгалари билан телефонда алоқани улаб бераман, уларнинг ўзлари бу ҳақда гапиришсин.

— Мен ишлаб чиқариш фаолиятимни кенгайтириш мақсадида Миллий банкнинг Когон филиалига 108 миллион сўм миқдорида кредит олиш бўйича мурожаат қилган эдим,— дейди телефон гўшагини кўтарган"Махмуд Мақсуд Мега" хусусий корхонаси раҳбари Мансур Авлиёқулов.—Мақсадим, ажратиладиган кредит эвазига корхонага қурилиш материаллари сотиб олиб, ишлаб ¬чиқаришни кенгайтирмоқчи эдим. Бироқ банк томонидан менга ижобий жавоб беришмади. Банкдан натижани кута-кута тоқатим тоқ бўлгач, туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Қабулхона мутасаддиларининг аралашуви билан ойлаб битмаган муаммо 3 кунда ҳал бўлди-қолди. Қабулхонадагилар хизматидан мамнунман.

— "Тунироқ" ҚФЙнинг Тайтал қишлоғида яшовчи фуқаро Тоштемир Маҳмудов жорий йилнинг 6 июнида бизга мурожаат қилди,—дея яна бир ариза билан таништирди қабулхона мудири.—Унда билдирилишича, Тайтал қишлоғи томор¬қа ерларини суғориш учун мўл¬жалланган ариқлар кўмилиб кетган. Бундан фермерлар ҳам, аҳоли ҳам азият чекаётган экан. Ариқ қазиш учун эса техника зарур. Бу ҳақда сув хўжалиги бўлимига бир неча бор мурожаат қилинган. Аммо мурожаатлари эътиборсиз қолиб кетган.

Халқ қабулхонасига келган мазкур ариза "Шохруд дўст¬лик" ирригация бошқармасига ижобий ҳал қилиш учун юборилди. 2017 йилнинг 12 июнь куни бошқарма ходимлари саъй-ҳаракати билан экскаватор ёрдамида 2,3 километрли ариқ қазилиб, қишлоқ аҳолиси сув билан таъминланди. Қишлоқдагиларнинг миннатдорлигини кўрсангиз эди. Фуқароларимиз мамлакатимизда одамларни рози қилиш орқали инсон манфаатларини таъминлашнинг мутлақо янги тизими вужудга ¬келаётганини қалбан ҳис қилишмоқда. Буни бизга қилинаётган мурожаатлардан билса бўлади. Туман Халқ қабулхонасига ҳозирги кунга қадар жисмоний ва юридик шахслардан 640 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 153 таси ёзма, 487 таси оғзаки шакл¬да қабул қилинган. Бу мурожаатлардан 189 таси қаноатлантирилган, 357 та мурожаатга тушунтириш берилган, 7 таси рад этилган, қолган 87 та мурожаат тегишли идоралар томонидан ўрганилмоқда.

Қабулхона иши билан танишарканмиз, фуқаролардан ¬кел¬ган кўплаб миннатдорлик хатларини кўрдик. Халқ қабулхоналари чинданда халқимиз ишончига кириб бораётган идора сифатида халқ ва давлат орасидаги олтин кўприкка айланиб бораётганига амин бўлдик.

Дунё аҳлини чорловчи зиёратгоҳ

Бухорода ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалар кўп. Ислом оламида машҳур буюк авлиёлар, етти пир номини олган тариқат ва тасаввуф оламининг йирик намояндалари мангу қўним топган масканларни зиёрат қилишни кўпчилик орзу қилади. Бухоро заминида вояга етган етти пир мақоми берилган алломалардан Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг муборак қабрлари Когон туманида жойлашган.

Ҳазрат Саййид Амир ¬Кулол асл исмлари Сай¬йид Амир Калон ас-Сухорий бўлиб, Баҳоуддин Нақш¬банднинг устозларидир. Тумандаги Сухор қишлоғида дунёга келганлар. Кулолчилик ҳунарида машҳур бўлганликлари боис Амир Кулол деб аталганлар. Шу ҳунар ортидан ҳалол даромад билан умргузаронлик қилган.

Ҳазратнинг мақбаралари мустақиллик йилларида қайта тикланди.Зиёратгоҳ обод гўшага айланди, янги мақбара қурилди. Ҳар куни бу масканга мамлакатимиз ва хориждан юзлаб зиёратчилар ташриф буюришади. Энг гавжум қадамжолардан яна бири бу — Баҳоуддин Нақшбанд зиё¬ратгоҳидир. Айтишларича, унинг бугунги кўринишга эга бўлиши учун 500 йил керак бўлибди. Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари олдидаги дастлабки бинолар улуғ пир вафот этганларидан сўнг пайдо бўлган. Археологик тадқиқотлар пайтида илк биноларнинг қолдиқлари ва асослари топилган.

Қасри Орифоннинг муборак жой эканлиги ҳисобга олиниб, Бухоронинг ҳукмрон сулола вакиллари дафн қилинадиган "Даҳмаи шоҳон" (шоҳлар хилхонаси) вужудга келган. Аммо шўролар даврига келиб, бу муқаддас маскан хароб бўлиб қолган. ¬Истиқлол берган неъмат туфайлигина улуғ аждодлар қадамжоси обод гўшага айлантирилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан мазкур зиёратгоҳ таъмирланди. Мажмуадаги дахмалар, мақбаралар, масжидлар, айвонлар ва мадрасанинг тарихий қиёфаси тикланди, қа¬димги дарвозалар — Дарвозаи Диловар, Бобус Салом асл ҳолига келтирилди. Зиёратгоҳнинг жанубида улкан гумбазли янги дарвозахона қурилди ва унга "Ислом дарвозаси" деб ном қўйилди. Бу ердаги янги айвонни қўқонлик уста, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдуғани Абдуллаев бошчилигидаги усталар бун¬ёд этишган.

Бугун бу маскан юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар қадами узилмайдиган зиёратгоҳлардан биридир.Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида мазкур ёдгорлик мажмуасини зиёрат қиларкан, бу ерни янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Демак, қадамжо янада обод ва кўркам бўлиб, дунё аҳлини зиёратга чорлайди.

Спортчи қиз Осиёга танилди

Бугун қизларимиз ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол. Айниқса, уларнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳар бир юртдошимиз кўнглига фахр туйғуларини бағишлайди.

Зеро, ҳеч нарса спортчалик Ўзбекистонни дунёга танита олмайди. Когон туманида яшовчи Ферангиз Идрисова ¬Бухоро ирригация ва мелиорация касб-ҳунар коллежида таҳсил олади. Мамлакатимиз спортчилари сафида илдамлик билан юқорига кўтарилиб бораётган Ферангизни когонликлар чемпион қиз сифатида яхши танишади. У ўтган йилги Осиё чемпионатида ёшлар ва катталар ўртасида спортнинг "Комбат Айкидо" тури бўйича нокдаун йўналишида 1-ўринни эгаллади. У ғолиблик пиллапоясига машаққатлар ва меҳнати ортидан чиқди. Мусобақа ва чемпионатларда кучини синаб, муросасиз курашлар муҳитида иродасини чиниқтирди, тажриба тўплади.

—Эришаётган ютуқларим мени янги-янги марралар сари чорлайди,—дейди Ферангиз Идрисова.—Ўзбекистоннинг байроғини баланд кўтариб, маррани янада кенг олишга , шу билан бирга ёшларга кўрсатилаётган юксак эътиборга муносиб бўлишга, она Ватанимиз довруғини дунёга таратишга ваъда бераман.

Ферангизнинг ютуқлари ҳали олдинда. Айни дамда мамлакатимиз шарафи учун курашмоқ залвори ҳамда чемпионлик масъулиятини теран ҳис қилаётган бу спортчимиздан жаҳон ареналарида янада каттароқ натижаларни кутиб қоламиз.

"Ободлик кафтидаги дон"

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши мамлакатимиз иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонлигини юксалтириш ҳамда реал даромадини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Буни туманда етакчи тадбиркорлар сафида фаолият юритаётган "Ободлик кафтидаги дон" оилавий корхонаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Тадбиркор Сайёра Атоева саъй-ҳаракати билан "Истиқбол" МФЙ да ташкил этилган мазкур корхонада аҳолига турли хизматлар кўрсатиляпти, бу ерда 20 турдаги хуштаъм нон ва нон маҳсулотлари тайёрланмоқда. Мазкур корхонада 13 нафар ишчи ишлайди. Уларнинг аксарияти ёшлар — коллеж битирувчиларидир...

— 2013 йилда "Ўзсаноатқурилиш банки"нинг вилоят филиали томонидан ажратилган 250 миллион сўм кредит эвазига энергияни кам сарфлайдиган, иш унуми юқори бўлган янги замонавий технология сотиб олдик,—дейди биз билан суҳбатда Сайёра Атоева.—Унинг воситасида исталган турдаги нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш мумкин. Мазкур технология келтирилгандан сўнг корхонанинг ишлари юришди. Тажрибамиз ошгани сайин мижозлар сони ортиб бормоқда. Қолаверса, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз тури ҳам кўпайди. Оилавий фаровонликка эришишда қўшимча даромад топишнинг афзал жиҳатлари кўп. Ҳалол меҳнат ортидан топилган ризқ хонадонга файз-барака олиб киради. Ота-боболаримиздан қолган шу удумга амал қилиб кам бўлмадим. Нон маҳсулотлари, айниқса, қолипли нонни оби-тобида пишириш катта маҳоратни талаб этади. Озгина эътиборсизлик ҳам маҳсулотнинг сифати ¬бузилишига олиб келади. Мен ишчилардан сифатга эътибор қилишларини астойдил сўрай¬ман. Натижа кўнглимиздагидек. "Нонларингизнинг таъми зўр" дея атайлаб харид учун Бухоро шаҳридан келадиганлар ҳам бор. Шўробод қишлоғи аҳолисига ҳормай-толмай ¬хизмат қилаётган Сайёра Атоева келгусида фаолиятини кенгайтириб, қандолат цехи очиш ниятида.

Оилавий корхона раҳбарининг дилдаги гапларини тинглаб туриб кўнглимиздан бир ўй кечди. Ҳа, Мус¬тақиллик нашидаси нафақат ҳаёт тарзимиз, ҳатто кишиларимизнинг тафаккурида ҳам бурилиш ясади. Замондошларимизнинг ўз мақсади йўлидаги қатъияти буни яққол кўрсатиб турибди.

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Шаҳло БАҚОЕВА томонидан тайёрланди.

:: орқага № 58, 19.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.