Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Ислоҳотлардан мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш

Мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий талаблари ва устувор вазифалари суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришни талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишонч¬ли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Унда қуйидаги учта асосий устувор йўналиш белгилаб берилди: суд ҳокимиятининг чинакам мустаҳкамлигини таъминлаш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш; одил судловга эришиш даражасини ошириш.

Таъкидлаш керак, фармон билан 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ, эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, жазонинг одил ҳамда инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтириляпти.

Яъни, жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бири чиқарилаётганлиги жиноий жазоларни либераллаштиришга, ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор шакл ва услубларини кенг қўллаш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Жиноят ишини кўриш процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш доирасида:

жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга;

қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда.

Бундан ташқари, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилмоқда.

Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши эса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларининг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, шунинг¬дек, суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларини бартараф этиш мақсадида фармонда вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ¬ишларини назорат тартибида қайта кў¬риш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанция¬лари тугатилиб, ўз навбатида тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинмоқда, ортиқча ва бир-бирини такрорловчи инстанцияларнинг бекор қилиниши айнан бир назорат инстанцияси томонидан ишларнинг бир неча бор кўриб чиқилиши олдини олади, суд қарорларининг узил-кесиллигини таъминлайди.

Шу билан бирга, фармонга мувофиқ суд-прокуратура ходимларининг малакасини ошириш ва раҳбар кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, процессуал ҳаракатларни амалга оширишда вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, шунингдек, судланганлик ҳолатини тугатиш ва судланганликни олиб ташлаш муддатлари ҳамда асосларини қайта кўриб чиқиш, ўзбек халқининг эзгулик ва раҳмдиллик каби кўп асрлик анъаналарига мос бўлган ярашув институтини жиноят процессида қўллаш доирасини кенгайтириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим турдаги жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш, жабрланувчининг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлган жиноят таркиблари рўйхатини кенгайтириш белгиланган. Шунингдек, ҳужжатда электрон тартибда суд ва ижро иши юритишнинг замонавий шакл ҳамда усулларини, одил судловга эришишнинг илғор механизмларини жорий этиш ор¬қали одил судлов сифатини таъминлаш каби чора-тадбирларни изчил амалга ошириш белгиланган бўлиб, бу суд фаолиятининг самарадорлигига эришиш, одил судловнинг жамоатчилик учун очиқлиги, шаффофлиги ва эркинлиги принципларини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.

Б. ТОШЕВ, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси. О.ПРИМОВ, Бухоро шаҳар ИИБ тергов бўлими бўлинмаси бошлиғи.

:: орқага № 56, 15.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.