Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Депутат минбари

Миллий бойлигимиз — ўрмонга зиён етказилмасин

Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат гуруҳ томонидан яқинда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан бевосита учрашиш, ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир навбатдаги ўрганишлар Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳаракат депутатлар гуруҳи ўрганиш жараёнида асосий эътиборни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолининг қулай яшаш муҳитига эга бўлишини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш, уларни баҳолаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросига қаратди.

Туманда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий-ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Шу билан бир қаторда мазкур соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ва баъзи камчиликлар ҳам мавжуд.

Маълумки, чўл зонасида жойлашган Бухоро вилояти учун табиий ўрмонлар ўта муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йилдаги "Ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 215-сонли қарорига кўра, Бухоро вилоятининг Қизилқум чўли ҳудудида жойлашган Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги чўл ва чала чўл минтақасидаги ўрмонлар тоифасига киради. Мазкур ўрмонлар асосан қишлоқ хўжалиги ерлари, аҳоли пунктлари ва бош¬қа объектларни ноқулай табиий шароитлар (қум босиши)дан иҳоталаш учун хизмат қилади.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, бугунги кунда Қоракўл давлат ўрмон хўжалигида олиб борилаётган фаолият Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Ўрмон тўғрисида"ги, "Ўсимлик дунёсини ¬муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунлардаги ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, ўрмонни қайта тиклаш, ундан оқилона фойдаланишга алоқадор бўлган нормаларга мутлақо жавоб бермайди.

Биргина мисол, Ўзбекистон Республикасининг "Ўрмон тўғрисида"ги Қонунининг 13-моддаси (Ўрмон қўриқчилиги) ўрмон хўжалиги корхоналарида ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида ўрмон қўриқчилиги тузилиши белгилаб қўйилган. Ўрмон қўриқчилигининг мансабдор шахс¬лари айни бир вақтда давлат ўрмон хўжалиги органларининг инспекторлари бўлиб, улар юридик ва жисмоний шахсларнинг ўрмондан фойдаланишга ҳақли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш, ҳуқуқбузарлик ¬содир этган шахсларни тегишли органларга олиб бориш, қонунга хилоф равишда олинган ўрмон маҳсулотини ҳамда уни қўлга киритиш воситаларини олиб қўйиш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материалларни тегишли органларга юбориш ва бош¬қа қатор ваколатларга эга. Шундай бўлишига қарамасдан, Қоракўл ўрмон хўжалигида саксовул, қандим, юлғун ва бошқа ёқилғибоп ўсимликлар кесиш муддатлари ва усулларига зид равишда талон-торож қилинган ва натижада ўрмон фондига жиддий зиён етказилган.

Туманда ўрмончиликнинг назоратсизлиги оқибатида ўсимликларни йиғишда уларнинг ёши ва вегетация даври ҳисобга олинмайди, қайта тикланишига имконият қолдирилмаган ҳолда ўсимликларни илдизи билан ковлаб олиш орқали ўрмонни пайҳон қилиш одатий ҳолга айланган. Ўсимликлар ортилган транспорт воситаларидаги ўсимликларнинг ҳажмини аниқлаш ва транспорт воситаси эгасига тегишли тартибда юк хати бериш тартиб-тамойиллари амалга оширилмайди.

Вазиятнинг бу даражага етиши соҳа мутасаддиларининг бефарқлиги, ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашуви, аҳолининг газ, кўмир каби ёқилғилар билан етарли даражада таъминланмаганлиги каби ҳолатлар билан изоҳланади. Жумладан, туманнинг "Човли", "Қораун" ва "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида аҳолига сотиладиган суюлтирилган газнинг нархи меъёрий ҳужжатларда белгиланган 9000 сўм ўрнига 11500-15000 сўмгача баҳоланганлиги ҳам аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиши билан бир қаторда юқоридаги муаммоларнинг келиб чиқишига ¬замин яратмоқда. Мазкур муаммони ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида"ги ПФ-5041-сонли Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бош¬қармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ташкил этилиши ҳамда унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларининг белгилаб берилганлиги соҳада туб ислоҳотларни амалга ошириш натижасида юқорида қайд этилган масалаларни ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

Фахриддин ХОЛБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси.

:: орқага № 55, 12.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.