Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Бухоро вилоятида фаолият юритаётган судьяларнинг воҳа аҳлига мурожаати

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан ва уларнинг раҳбарликлари остида, мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг барча жаб¬ҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаёт¬ганлигининг гувоҳи, таъбир жоиз бўлса, иштирокчилари бўлиб турибмиз.

Амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тизимли равишда белгиланган. Ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини ҳам четлаб ўтмаган. Вилоятимизда бу соҳада қатор хато ва камчиликлар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ҳаракатлар стратегияси суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилганлиги бежиз эмас.

Президент фармонларига асосан фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилганлиги, ¬судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тартиби тубдан такомиллаштирилиб, судьялар ҳамжамиятининг ягона органи—Судьялар олий кенгаши таъсис этилганлиги, судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги қайта кўриб чиқилиб, ҳозирги замон талаблари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир туманда маъмурий судлар, шунингдек, хўжалик судлари негизида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилганлиги ва бу билан судьяларнинг хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш имконини берадиган механизм яратилганлиги фикримизнинг далили бўлиб хизмат қилади.

Бу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши суд тизимида фаолият кўрсатаётган барча раҳбар ва масъул ходимлардан хизмат бурчини адолат мезонлари асосида садоқат ва масъулият билан бажаришини талаб этади.

Жорий йилнинг 13 июнь куни давлатимиз раҳбари республиканинг барча судьялари билан ўтказилган учрашувда судлар фаолиятида мавжуд хато ва камчиликларни танқидий таҳлиллар асосида кўрсатиб ўтиб, тизимда мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ҳамда судлар олдига қўйилган вазифаларни самарали бажариш учун ишга бўлган муносабатни тубдан қайта кўриб чиқиш, шахсий масъулиятни кескин ошириш зарурлигини таъкидлаган ҳолда, истиқболдаги долзарб вазифаларимизни белгилаб бердилар.

Билдирилган ҳақли эътирозлардан тўғри хулоса чиқарган, шунингдек, соҳа ривожига танқидий ёндашиб, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган, бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатган ҳолда, амалий ташаббус кўрсатиш йўли билан самарали ҳал қилишимиз, фаолиятимизда қонунларга ва фақат қонунларга асосланган ҳолда адолатли қарорлар қабул қилишимиз ҳамда қабул қилинган қарорлар мазмун-моҳиятини халққа тўғри етказиш орқали фуқароларимизни судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш асосий вазифамиз эканлигини теран англаган ҳолда, Бухоро вилоятининг судьялари қуйидагиларни ўзларининг энг асосий вазифалари деб ҳисоблайдилар:

Биринчидан, фаолиятимизни яна бир бор қайтадан танқидий таҳлил қилиб, одил судловни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф қилишимиз, кундалик фаолиятимизда халқ билан бевосита мулоқот шаклларини кенгайтириш орқали судни том маънодаги "Адолат қўрғони"га айлантиришда бор билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз зарур.

Иккинчидан, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашимиз, улар билан очиқ мулоқот ўрнатган ҳолда муаммоларини ҳал этишда яқиндан ёрдам бериш орқали бузилган ҳуқуқларини тиклашимиз ва пировардида халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мус¬таҳкамлашимиз, судга нажот излаб келган ҳар бир фуқарода айнан судда адолат сўзсиз қарор топишига ҳеч қандай шак-шубҳа ва гумон қолдирмаслигимиз керак.

Учинчидан, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар биримиз онгимизда адолатни, тилимизда ҳақиқатни, дилимизда покликни сақлаган ҳолда, ҳар бир шахс қонун ҳимоясида эканлигига ишонч ҳосил қилиши учун, судларда ишларни қонунийлик, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда, ошкора кўриб чиқишимиз шарт.

Тўртинчидан, суднинг ҳар бир қарори Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилиши биз судьяларга улкан масъулият юклашини ҳис этган, кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш орқали ишларни сайёр суд мажлисларида кўрилиши амалиётидан кенг фойдаланган ва барча масъулият, керак бўлса, жавобгарликни ўз зиммамизга олган ҳолда халқнинг фикрини ўзида ифода этувчи қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилинишига эришишимиз зарур.

Бешинчидан, суд амалиётини умумлаштириш ва доимий таҳлил қилиб бориш орқали тизимли қонун бузилиши ҳолатларини аниқлашимиз ҳамда соҳадаги камчиликларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш йўли билан бартараф этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўришимиз лозим.

Олтинчидан, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масаласи асосий вазифаларимиздан бири экан, бу масалада режали иш ташкил қилишимиз, ҳар бир кўрган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги, шунингдек фуқаролик ҳамда иқтисодий даъволарга оид ишлар бўйича аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига хусусий ажримлар чиқариш орқали муносабат билдириб боришимиз шарт.

Еттинчидан, суднинг қудрати, қабул қилинган қарорларнинг сўзсиз ижроси билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, суд қарорларини ижрога қаратиш билан кифояланиш амалиётига чек қўйиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорлик ўрнатиб, суд қарорлари ижросини қонунда белгиланган муддатларда бажарилишига эришишимиз керак.

Саккизинчидан, суд корпусини одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга қодир, мустаҳкам иродали, ҳалол, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган судьялар билан шакллантириш барчамизнинг бурчимиз бўлганлиги сабабли, судья¬ликка номзодлар захирасини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор беришимиз лозим.

Тўққизинчидан, судьялар касбий тайёргарлигини ошириш, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали иш юритиш тартибини соддалаштириш ва фуқаролар ўртасида оворагарчиликларнинг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришимиз даркор.

Ўнинчидан, мамлакатимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган барча ислоҳотларни амалга оширишга жиддий масъулият ва ташаббускорлик билан ёндашишимиз ва бу масалада "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик" кундалик шиоримиз бўлиб қолиши лозим.

Ўн биринчидан, фаолиятимизга тан¬қидий баҳо бериб, хато ва камчиликларимизни, шунингдек, келгусидаги вазифаларимизни жамоатчилик билан муҳокама қилиш орқали фаолиятимиз очиқлигини таъминлаш ҳамда суд органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан халқимизни хабардор қилиб бориш мақсадида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ахборот бериб боришни йўлга қўйишимиз даркор.

Ўн иккинчидан, судьялик — бу машаққатли, шу билан бирга, шарафли касб ва юксак мақом эканини чуқур анг¬лаган ҳолда, сафларимиз софлигини таъминлаш мақсадида, судьялик шаънига доғ туширадиган ҳар бир ғайриқонуний хатти-ҳаракатга "фавқулодда ҳолат" сифатида қараб, бунга йўл қўйган судья ёки суд аппарати ходимига нисбатан муросасиз бўлишимиз керак.

Шу ўринда, ҳар бир судья судьялик вазифасини бажаришга киришишдан аввал қабул қиладиган қасам¬ёдига яна бир бор тўхталиб, Ватанимиз, халқимиз манфаатларини ўйлаб, зиммамиздаги юксак ва масъулиятли вазифаларни ҳалол, виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчимиз ва виждонимиз буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга ваъда берганлигимизни яна бир бор эслаб, Бухоро вилоятининг барча судьялари номидан қасамёдимизга ҳамиша содиқ қолишга ваъда берамиз!

Бухоро вилояти судьялари Бухоро шаҳри, 2017 йил 1 июль

:: орқага № 55, 12.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.