Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон! Байрамолди йўқламасида: Бухоро тумани

Вилоятимиз аҳли Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллик байрамини муносиб меҳнат армуғонлари билан кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. "Бухоронома" газетаси шу қутлуғ айём муносабати билан вилоятимизнинг ҳар бир шаҳри ва туманига бағишлаб эълон қиладиган махсус саҳифаларида бу ҳудудларда истиқлол шарофати туфайли ҳаётнинг турли жабҳаларида қўлга киритилган ютуқлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга қилган сафаридан сўнг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда юз берган ўзгаришлар, жойларда аниқланган муаммоларнинг қандай ҳал этилаётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Илк саҳифамиз Бухоро тумани аҳли ҳаётига бағишланади.

Бунёдкорлик лойиҳалари.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг воҳамизга ташрифидан сўнг унинг тавсияси асосида қайтадан ¬тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси -Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 15 майдаги қа¬ро¬ри билан тас¬диқланган 2017-2018 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурида ушбу туманни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришнинг янги марралари белгиланди.

Жорий йилда Бухоро туманида саноатни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 52 миллиард 712 миллион сўм бўлган 40 та инвестиция ло¬йиҳаси амалга оширилади. Бу улкан сармоянинг 14 миллиард 667 миллион сўмини лойиҳалар ташаббускорларининг ўз маблағлари, 38 миллиард сўмдан ортиғини тижорат банклари кредитлари ва инвестициялари ташкил этади. 2018 йилда эса шу йўналишда 30 та йирик лойиҳани рўёбга чиқариш учун 76 миллиард 401 миллион сўмлик маблағни сарфлаш кўзда тутилган.

Хизматлар соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш ҳам эътибордан четда қолмайди. Шу мақсад йўлида туманда 2017-2018 йилларда 82 та инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Уларни амалга ошириш учун 23 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланади.

Туман иқтисодиётида аграр соҳа етакчи тармоқ ҳисобланади. 2017-2018 йилларда шу йўналишда 158 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, қишлоқ хўжалигини тараққий эттиришга қарийб 36 миллиард сўмлик инвестиция жалб қилинади. Шу туфайли туманда ғаллачилик, пахтачилик, мева-сабзавотчилик қатори чорвачилик ҳам ривожланади. 2018 йилга бориб, туманда қорамоллар салкам 120 минг бошга етказилади. Шу даврда қўй ва эчкилар бош сони қарийб 150 мингни ташкил этади. Голландиядан харид қилинаётган зотли эчкилардан шифобахш сут соғиб олинади. 100 гектар майдонда ташкил этиладиган сунъий кўл хўжалиги балиқчиликни саноат асосида ривожлантириш имконини беради.

Ирригация-мелиорация тизимлари ишини яхшилаш чора-тадбирлари кўрилади. Шу йил туманда "P-2" канали қурилади, фаолият кўрсатаётган "P-1" канали эса "Навметан" каналига уланади. "Зарманоқ" каналида катта кўламда реконструкция ишлари бажарилади. 2017-2018 йиллар давомида кўплаб янги коллектор-дренаж тармоқлари бунёд этилади, гидротехник иншоотлар реконструкция қилинади. "Параллел" ва "Марказий-Бухоро" коллекторларида таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари олиб борилади. Инвестиция дастури доирасида республика бюджети ва Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағи ҳисобидан амалга ошириладиган бу ишлар туфайли қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги ошиб, фермерлар ва деҳқонларнинг даромадлари янада кўпаяди.

Xалқ қабулхонаси — адолат маскани

"Кўчкўмар" МФЙнинг Работ қишлоғида истиқомат қилувчи Шаҳзод Ашуров бу йил 20 ёшга кираётганига қарамай нотинч оилавий шароит ва эътиборсизлик сабабли ҳозиргача туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга эмас эди. Ўқитувчиларнинг расмиятчиликка берилмагани ва унга кўрсатган меҳрибонликлари туфайли бу ҳужжатни тақдим этмай болалигида мактабда ўқиди. Аммо улғайганида фуқаролик паспорти бўлмагани сабабли коллежда ўқиш ёхуд бирор тайинли корхонада ишлаш унга насиб этмади. Паспорт эгаси бўлиши учун эса аввало туғилганлик ҳақида гувоҳномани олиш керак.

Шаҳзод бу масалани ҳал этиш учун кўпгина давлат идораларига мурожаат этди, бироқ ҳеч қандай натижа чиқмади. Ана шундай сарсон-саргардончиликдан сўнг у республика Президентининг Бухоро туманидаги Халқ қабулхонасига мурожаат этди. Бу нуфузли ташкилот ходимларининг аралашувидан сўнг узоқ йиллик масала ўз ечимини топди. Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг шу йил 5 июндаги ҳал қилув қарорига асосан туман ФҲДЁ бўлими томонидан Шаҳзод Ашуровга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилиб берилди.

—Чиндан ҳам Халқ қабулхонаси юртдошларимиз айтаётганларидек адолат ва нажот маскани экан,—дейди шахсини тасдиқловчи ҳужжатини қўлига олган бу йигит ҳаяжонини яширолмай.—Доимо халқ ташвиши билан яшаб, эл дардига дармон бўлаётган Юртбошимизга минг раҳмат!

Республикамиз Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахс¬ларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонини ўз фаолияти учун асосий дастуриламал деб билган Бухоро тумани Халқ қабулхонаси ходимларининг кундалик ишида аҳолидан тушган аризаларнинг ана шундай муваффақиятли ҳал этилаётгани билан боғлиқ мисоллар оз эмас. Жорий йилнинг биринчи ярми давомида қабулхонага юридик ва жисмоний шахслар томонидан тушган 507 та мурожаатнинг аксарияти ҳудуддаги ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилди, қолган аризалар бўйича фуқароларга тегишли юридик маслаҳатлар берилди.

Ҳафтанинг иш кунлари танаффуссиз фаолият кўрсатаётган ушбу ташкилотда тегишли жадвал асосида туман ҳокими, прокурори ва ички ишлар бўлими бошлиғи, қабулхона раҳбари ва мутахассиси, ҳудуддаги корхона ва ташкилот бошлиқлари томонидан фуқаролар қабул қилиниб, уларнинг ариза ва мурожаатларини қонуний асосда ечиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бундан таш¬қари туман раҳбарлари томонидан жойларда сайёр қабул ташкил этилмоқда. Тумандаги Кунжиқалъа, Қоражери-2 ва бошқа қишлоқларда ҳозиргача 10 дан зиёд ана шундай қабуллар ўтказилди.

—Бизга тушаётган ариза ва мурожаатларнинг ижобий ҳал этилаётгани фуқароларнинг Халқ қабулхонасига бўлган ишончини тобора оширмоқда,—дейди қабулхона мудири Барот Болтаев.—Чунончи, Мучавс қишлоғида яшовчи З.Зокированинг пенсиясини нақд пулда бериш, Галаосиёлик З.Қурбонованинг табиий газдан асоссиз равишда ёзилган қарздорликни бекор қилиш, Шехонча қишлоғида истиқомат қилувчи С.Икромованинг ички хўжалик йўлларини таъмирлаш, Бухоро шаҳрида яшовчи З.Муродова ва Работак қишлоғилик М.Қурбонованинг алимент пулларини ундириб бериш, "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғинидан С.Рашидовнинг пластик карточка билан савдо қилишдаги қонунбузилиш ҳолларига чек қўйиш борасидаги мурожаатлари ва бошқа аризалар қонуний асосда ҳал қилинди. Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати бундан кейин ҳам Халқ қабулхонаси, туман раҳбарлари диққат-эътиборида бўлиши учун зарур чора-тадбирларни кўрамиз.

Факт ва рақамларда — юксалиш шиддати

Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майдаги қарори асосида туман ҳудудида "Bukhara cottоn Textile cluster" замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластери барпо этилди.

* * *

Жорий йилда туманнинг Работак, Шергирон, Шехонча ва Лоша массивларида намунали лойиҳалар асосида 440 та қишлоқ уй-жойлари, шу жумладан 32 та 2 қаватли арзон уйлар фойдаланишга топширилади.

* * *

"Истиқбол" МФЙда яқинда ишга туширилган кўп тармоқли поликлиника аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

* * *

Қунжиқалъа қишлоғида терини қайта ишлаш ва чарм маҳсулотлари тайёрлаш корхонаси ташкил этиляпти.

Мева-сабзавот логистика маркази нима?

Суратда: мева-сабзавот логистика маркази қурилишида қатнашаётган "Арсенал капиталстрой" МЧЖнинг монтажчилари Дилмурод Музаффаров ва Ихтиёр Зокировлар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сураётган "Инсон манфаатлари –ҳамма нарсадан улуғ" тамойили асосида Бухоро тумани пахта майдонларини 4000 гектарга қисқартириб, бу унумдор ерларда интенсив боғлар, узумзорлар, полиззорлар, иссиқхоналар ташкил этиш ва эл дастурхонини сархил мева-сабзавотларга сероб қилиш, ширин-шакар маҳсулотларнинг катта қисмини чет элга экспорт қилиш бўйича улкан режалар белгиланган.

Жорий йилнинг ўзидаёқ 2000 гектар ер тадбиркор боғбонлар ва сабзавоткорлар ихтиёрига берилди. "Бухоронинг олтин мевалари" агрофирмаси, "Гала Ривер" қўшма корхонаси, "Бухоро агрофрут" масъулияти чекланган жамияти, "Ниёзов Ниёз" фермер хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъект¬лари миришкорлари гилос экспорт қилишга мўлжалланган 411 гектарлик интенсив боғни, 100 гектарлик мевазорни, янги узумзорларни барпо этиб, ниҳолларни меҳр билан парвариш қилмоқдалар. Шунингдек, 100га яқин кичик агрофирмалар ва оилавий корхоналар 1-5 гектарлик боғ-роғларни яратдилар. Тумандаги иссиқхоналар сони яқин орада 3 баравар кўпаяди. Чунки кузда экиндан бўшаган яна 2000 гектар ер соҳибкорларга берилади.

—Мўл-кўл мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш, бундай маҳсулотларни, қадоқлаб экспортга тайёрлашдек мураккаб ишларни амалга оширишга -фермерлар ва кичик корхоналарнинг қуввати ҳамда имкониятлари етишмаслигини ҳисобга олиб, йирик агросаноат мажмуи — Бухоро мева-сабзавот логистика марказини ташкил этишга киришдик,—дейди "Проперти индастри" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эргаш Қўшаев биз билан суҳбатда. — Умумий майдони 37,25 гектарни ташкил этувчи бу замонавий корхона саҳни 22 гектарлик иссиқхона, сиғим ҳажми 3000 тонна бўлган музлаткич-омбор, мева-сабзавотларни қуритиш, уларни шок ҳолатида музлатиш камераси, маринад ва тузламалар, жем ҳамда мурабболар тайёрлаш цехлари, қадоқлаш бўлимидан иборат мажмуадир. Лойиҳа қиймати 22 миллион АҚШ долларига тенг бу объектни барпо этиш учун банкдан 10 миллион доллар кредит олдик. Бош пудратчи "Проперти Билдинг" МЧЖ, шунингдек, "Арсенал капиталстрой" ва бошқа бинокорлик ташкилотлари томонидан ҳозирнинг ўзидаёқ асосий қурилиш-монтаж ишларининг 35-40 фоизи уддаланди. 2018 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириладиган мева-сабзавот логистика марказида 250 киши доимий иш билан таъминланади. Ёз ва куз фаслларида 150 киши мавсумий ишга жалб этилади.

Даврга ҳамқадам фермер

Тадбиркор деҳқон ва раҳбар Муҳаммад Аҳмедовни вилоятимизда танимайдиган қишлоқ хўжалик ходими бўлмаса керак. Чунки у 1988-2006 йилларда Бухоро туманидаги "Маданият" ширкат хўжалигига бошчилик қилган кезлари устозлари Шоди Тошев, Икром Ҳамроев, Мардон Шарипов, Тоҳир Элназаров сингари уста пахтакорлар маслаҳатларига амал қилиб, хўжалик миришкор деҳ¬қонлари меҳнатини оқилона ташкил этиб, пахта ҳосилдорлигини 33 центнердан 53 цент¬нерга етказган эди. Белгиланган режаларни ҳар йили, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ортиғи билан уддалагани боис у раҳбарлик қилган хўжаликда вилоят пахта-ғалла йўналишида илғор тажриба мактаби ташкил этилганди.

Муҳаммад Аҳмедов бошчилигида хўжаликда пахта тозалаш ва консерва заводлари, сутни қайта ишлаш корхонаси қурилиб, юздан зиёд киши иш билан таъминланган эди. Бу ерда бунёд этилган спорт мажмуида тарбия-ланган полвонлар кураш, дзюдо бўйича Осиё, Европа ва жаҳон чемпионлари бўлиб етишганларини кўпчилик билади.

Бугунги кунда моҳир ташкилотчи тумандаги энг йирик "Работиқалмоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Муҳаммад Аҳмедов ҳозир ҳаёти ибрат, сўзи ҳикмат оқсоқоллар, йиғиннинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёра Жабборова, милиция участка нозири Сухайл Икромов ва бошқа фаоллар билан биргаликда Деҳожи, Янгиобод, Ёбухона, Тикончи ва Шехон қишлоқларида яшаётган 20619 нафар аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш учун маҳаллани тадбиркорлик марказига айлантириш, ҳудудда тинчлик-хотиржамлик, ҳамжиҳатлик ва оилавий тотувликни таъминлаш, ёшлар тарбияси ташвишлари билан банд.

Аммо она-заминга меҳр билан улғайиб, уни гуллаб-яшнатган инсонни ризқ-рўзи манбаи—ердан ажратиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам қаҳрамонимиз ташкил этган, 200 гектарга яқин майдонга эга "Маданият Муҳаммад Исмат" фермер хўжалигини ҳам бош¬қариб келмоқда. 31 киши меҳнат қилаётган бу хўжалик тракторчилари Ато Азимов, Хуршид Тошев, сувчилар ака-ука Шавкат ва Шариф Элмуродовлар, Ориф Рўзиев, шунингдек, Чарос Нишонова, Феруза Ширинова каби ишчиларнинг куч-ғайрати билан бултур жамоа ҳар гектар ердан 43 центнердан пахта, 71 центнердан дон ҳосилини йиғиштириб олди. Жамоа аъзолари республикамиз мустақиллигининг 26 йиллиги шарафига пахта ҳосилдорлигини 45 центнерга етказиш учун сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар.

Муҳаммад Аҳмедов қишлоқ хўжалик фанлари номзоди. У бугунги кунда вилоятимизнинг кўпгина хўжаликларида экилаётган "Жондор қудрати" пахта нави муаллифларидан бири. Айни чоғда янгиликка интилувчи бу фермер хўжаликда ер ёнғоғини такрорий экин сифатида етиштириш бўйича тажриба ишларини олиб бормоқда.

—Замонавий фермер қандай бўлиши керак?— Муҳаммад Аҳмедов биз билан суҳбат аввалида ана шу саволни ўртага ташлар экан, унга жавобни ҳам ўзи берди.—Энг аввало у хўжалигининг машина-трактор паркини тўкис қилиши керак. Бизда "Магнум-255" ва "Орион" ҳайдов тракторлари, иккита "МТЗ-80" ва битта "ТТЗ-100" чопиқ трактори ҳамда боғ ва томорқаларда ишлатиладиган "ДТ-4" мини трактори бўлгани боис йил давомида барча юмушларни ўз техникамизда бажарамиз. Тракторларимизни бошқа фермерларга ижарага ҳам берамиз.

Далада меҳнат қилаётганларнинг моддий манфаатдорлигини оширмай туриб, юқори унумдорликка эришиб бўлмайди. Ҳар ойда маош олиб турган жамоа аъзоларининг ўртача ойлиги 600.000-700.000 сўмдан, механизаторларники эса 1 миллион сўмдан ортади. Бундан ташқари шартнома бўйича давлатга топширилган доннинг ортган қисми, бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари натура ҳолида уларга мукофот тариқасида берилади.

Бугун фақат пахта ва дон етиштириш билан кифояланган фермер хўжаликларининг келажаги йўқ. Шунинг учун ҳам пахта-ғалла йўналишдаги "Маданият Муҳаммад Исмат"ни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирдик. Чорвачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантиряпмиз. Ўғлим Рашиджон билан биргаликда оҳактош кесиш -корхонасини ташкил этиб, қурилиш ташкилотлари ва уй қураётган фуқаролар буюртмаларини бажараяпмиз. Ҳозир 20 киши ишлаётган бу корхонани кенгайтириб, яна қўшимча равишда 30 та иш ўрни яратиш ниятимиз бор.

Умуман, М.Аҳмедовнинг режалари кўп. Ҳар йили Бухорога кўплаб хорижий сайёҳлар келишади. Суҳбатдошимиз ана шу меҳмонларни ўзбек қишлоғи, деҳқончилиги, турмуши, миллий удум ва анъаналари билан таништириш мақсадида агротуризмни йўлга қўйиш тараддудида. Унинг хўжалигида чет эллик туристларнинг яшаши, дам олиши, овқатланиши учун барча шароитлар муҳайё этилган. Яқинда бу ерга бир гуруҳ франциялик сайёҳлар ташриф буюриб, олам-олам таассуротлар билан қайтдилар.

Фермер хўжалигида яна бир тармоқ борки, у билан Муҳаммад Аҳмедовнинг фақат ўзи шуғулланади. Бу беш гектар полиззорда ташкил этилган қовунчиликдир. Ўн йилдан бери бу полизда жўяк олиш, уруғ қадашдан тортиб, ширин-шарбат ҳосилни териб олишгача бўлган барча юмушларни ўзи бажаради. Чунки Бухоронинг йўқолиб бораётган қадимий қовун нав¬ларини қайта тиклаш ғоят нозик ишдир.

У 21 йилдан буён вилоятда ўтказиб келинаётган қовун сайилларининг фаол иштирокчисидир. Муҳаммад Аҳмедов сўнгги икки йилдан бери ўзи етиштирган "Баргинай" ва "Кўкча" навли қовунлари учун полизчиларнинг кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаб келяпти. Айни кунларда у "Оқ шерози" навини қайта тиклаш, "Кўкча" қовунларини экспорт қилиш устида иш олиб бормоқда. "Бухоро қовунчилиги агротехникаси" китобини нашрга тайёрламоқда.

Шунчалик серқирра ва машаққатли меҳнат қилиш, қишлоқ аҳлига бош бўлиш баробарида турмуш ўртоғи билан тўрт ўғил ва икки қизни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказган 68 ёшли Муҳаммад ака бугунги кунда пенсияга чиқиб, ана шу фарзандлари, 21 нафар невараси, 2 нафар эвараси даврасида дам олиб, кексалик гаштини суриши мумкин. Аммо қалб қўрини, куч-ғайратини юрт тараққиётига бахшида этиш, янгилик яратиш, моҳир фермер ва маҳалла раҳбари сифатида ёшларга ибрат бўлиш, уларга ҳаёт ва иш тажрибасини ўргатиш иштиёқи уни доимо қадр¬дон далаларига, меҳнат қучоғига чорлайди.

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Абдужалил ХАЛИЛОВ томонидан тайёрланди.

:: орқага № 55, 12.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.