Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Спорт хабарлари

Ёшлар ўртасида веломарафон

Навқирон авлод вакилларини оммавий спортга янада кенгроқ жалб этиш, шу орқали улар ўртасида ўзаро дўстона муносабатларни, қолаверса, келажагимиз эгалари сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидандир. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан Бухоро шаҳрида ўтказилган "Ёшлар тур" анъанавий веломарафонининг якуний босқичи ҳам айни шу мақсадга хизмат қилди.

Мазкур мусобақада воҳамизнинг турли ҳудудларидан келган 200 нафардан зиёд ўғил-қиз иштирок этди. Ёш велопойгачилар сафида коллеж ва мактаб ўқувчиларини, ўн саккиз ёшдан катта ҳаваскор спортчиларни кўриш мумкин эди. Таъкидлаш лозимки, "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтган ушбу ўзига хос беллашув ҳар сафаргидан ҳам қизғин ва дўстона руҳда кечди. Бу ҳолни мусобақа старт олган "Пахтаой" болалар боғи олдида тўпланган юзлаб ёшларнинг юз-кўзида акс этган хуш кайфиятдан тортиб, веломарафончиларнинг хатти-ҳаракатлари, ғалаба учун астойдил курашишигача бўлган бутун жараённи кузатган киши сезиши қийин эмас. Шу йўсин қатнашчилар Бухоро маданий марказигача белгиланган масофани босиб ўтишди.

Баҳс ғолиблари эса турли ёш тоифалари бўйича аниқланди. Якунда финиш чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтганлардан когонлик Дилшод Хайруллаев ўн саккиз ёшдан катталар орасида тенгсиз деб топилди. Ромитан тумани вакили Нурмурод Ёрқинов 9-14 ёшли велопойгачилар ичида 1-ўринни қўлга киритди. 15-17 ёшли қизлар орасида эса Бухоро шаҳридаги 8-ўрта мактаб ўқувчиси Валерия Ксеповага ҳеч ким бас келолмади.

— Шубҳасиз, велосипед пойгаси спортнинг энг жозибадор, мароқли турларидан бири, — дейди мусобақа иштирокчиси, Бухоро тумани вакили Достон Тўлаев. — У билан мунтазам шуғулланиш орқали кишида қатъият, ирода, чаққонлик каби фазилатлар тобланади. Бугунгидек беллашувлар шу жиҳатдан ҳам эътиборга молик, деб ўйлайман.

Мусобақа сўнгида ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 74, 13.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.