Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Инсон ва конун

*Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни

Фирибгар тузоғига илинманг

Ромитан тумани, "Қумработ" маҳалла фуқаролар йиғини, Бойиш қишлоғида яшовчи Руслан Рустамовнинг ҳовлисида 2016 йил 1 октябрь куни 2 бош қорамол пайдо бўлди. Хонадон эгаси бозордан харид қилгандир-да, дерсиз.

Одатда қишлоқда одамлар бир-бирини яхши танийди. Мол олмоқчи ёки сотмоқчи бўлса, бозорга бормай, ҳовлининг ўзида ҳам савдолашиб кетавериши мумкин.

Ромитан туманининг Муғонча қишлоғида яшовчи Шамси Бозоров бузоқли сигирини 3 миллион сўмга баҳолаб, пулини 2 ойда тўлиқ узишни ваъда қилган Руслан Рустамовга бериб юборади. Омади келган Руслан шу куни "Қумработ" маҳалла фуқаролар йиғини, Сарой қишлоғида яшовчи Нусрат Ибодовнинг ҳам уйига боради. Бу ердан ҳам қуруқ қайтмади. Уй эгаси сигирини 1 миллион 900 минг сўмга баҳолади. Харидор пулнинг 1 миллион сўмини бериб, қолган қисмини эртасига келтиришини айтди ва қорамолни етаклаб кетди...

Афсуски, чув тушганлар рўйхати кундан-кун ортиб борди. Қўл билан бериб, оёқда югуриб ҳам пулини ололмаган жабрдийдалар туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Одамларни алдаш, ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг мулкини олиб кетган Руслан Рустамовнинг иши жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг "Қумработ" маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Маҳалла фаоллари, судланувчининг қишлоқдошлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган сайёр суд мажлисида туман прокуратурасининг даъво аризаси, адвокат, судланувчи ва жабрланувчиларнинг фикрлари тингланди.

Судда Руслан Рустамов иши юришмай қолгани сабабли танишидан 2 миллион 700 минг сўм қарз олгани ва бу пулни келишилган муддатда қайтара олмагани, қарзни қайтариш учун шу жиноятга қўл урганини, энди қилган ишидан қаттиқ пушаймон эканини таъкидлаб, кечирим сўради.

Суд судланувчи томонидан фуқароларга етказилган зарарнинг 9 миллион сўми судгача қоплангани, жабрланувчиларнинг унга даъволари йўқлигини инобатга олиб, Руслан Рустамовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 2- қисми "б" банди билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Бундан ташқари, ҳукм¬га кўра жабрланувчилардан бирига етказилган зарарнинг қолган 600 минг сўми ҳам ундан ундирилади. Руслан Рустамов жазони белгиланган жойларда ўтайди.

Суд тугади. Унда кўрилган масала барчамизни ҳушёрликка ундайди. Ҳудудда яшовчи кишининг қандай нафас олиши, хатти-ҳаракатидан маҳалла, унинг фаоллари огоҳ. Демак, жамоатчилик одамлар манфаати, маҳалла шаънига путур етказадиган ножўя ишларга ўз вақтида эътибор қаратиши лозим. Албатта, "Қумработ"да юз берган ҳолат бошқа ҳудудларда ҳам бўлиши мумкин. Улар маҳалла фуқаролар йиғинларида муҳокама этилиши керак.

—Мамлакатимиз ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бормоқда,—дейди жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси У.Бозоров.—Бунда ҳар бир кишининг ўз ҳуқуқ ва бурчини билиши, қонунга итоаткорлиги ҳамда дахлдорлик туйғуси муҳимдир. Шунинг учун фуқароларнинг ҳу¬қуқий билими ва маданиятини ошириш долзарб масала ҳи-собланади. Биз ички ишлар, прокуратура органлари билан ҳамкорликда меҳнат жамоалари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда мазкур йўналишдаги ишлар таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишимиз зарур.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 45, 03.06.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.