Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Оила даврасида

*Тўйлар ҳақида ўйлар

Сепнинг ўзи бахт келтирмайди

Вояга етаётган қизига атаб сеп йиғишни ҳар бир ота-она ўзи учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билади. Қолаверса, бу ота-боболаримиздан қолган эзгу удум. Ҳар ишда ҳам меъёр бўлгани каби сеп йиғишнинг ҳам ўзига яраша ўлчови, тош-тарозиси борки, кейинги пайтларда ана шу мезон ҳаддан ташқари катталашиб кетгандек туюляпти. Яқин танишим қизини чиқарди. "Келин кўрди" маросимига йиғилган хотин-халажлар она томондан ҳадя этилган сарпо-суруқ, зебу зийнат, кўрпа-тўшак, мебелларнинг сон-саноғига етишолмади. Иккита каттакон машинага ортилган зил-замбил юкларни ичкарига ташигунча ёш-ялангларнинг бўлари бўлди. Пойабзал териладиган полкадан тортиб, дазмол, чой ¬қайнатгич, гилам, музлаткич, ¬телевизор, биллур қандил…Хуллас, бир рўзғорга етиб ортадиган барча жиҳозлар жой олганди келин сепидан. "Икки ёшнинг меҳнат қилиб, рўзғор тиклашига ҳожат ҳам қолдирмабсиз", деди пичинг аралаш қуда томон аёлларидан бири. "Ҳа, энди, орзу-ҳавасда, айланай, ким учун яшаяпмиз, шу болаларни деб югуриб юрибмиз-да", деди қизнинг онаси пинагини бузмай.

Орадан бир ой ўтдими, йўқми, ҳалиги танишимни бозорда кўриб қолдим. "Ҳа" десам, "Қизимнинг туғилган кунига совға олишим керак, нима олишни билмай бошим қотди", деди у ҳаяжонини яширолмай. Дарҳақиқат, унга қийинлиги аён. Ҳамма нарсаси бадастир қизига яна нима ҳам олиш мумкин? Сарпо олай деса қизининг шифоньери кийим-кечак кўплигидан ёрилай деб турибди, уй-рўзғор буюмларида заррача камчилик бўлмаса… Нима қилсин она "бечора"? Телевизор сотиладиган дўкон олдидаги бу суҳбатимизни сотувчи йигит эшитиб турган экан, шекилли, гап қистирди:

— Телевизор олинг, хола, зўридан бор…

— Бўлмайди, энг зўридан олиб берганман,—деди аёл.

— Унда бундай қиламиз,—деди йигит ҳам бўш келмай,—"парабалка" олинг, 49 та канални кўрсатадигани чиққан. Келин-куёв маза қилиб томоша қилишади.

Аёл бир пас ўйланиб турдида, таклиф маъқул бўлди шекилли, машинада кутиб ўтирган эри билан маслаҳатлашгани дарвоза томон кетди.

Тўғриси, фарзанди бахти молу давлатда, ҳашаматда деб ўйлайдиган бу аёлга ачиниб кетдим. Афсуски, фақат у эмас, шу тоифадаги аксарият оналар зурриёдларига олтин тахт яратиб бериш учун куйиб-пишишадию, ҳақиқий бахт нелигини англаб етишмайди. Бахт дегани меҳнат қилиш, машаққат чекиш, заҳмат тортиш орқалигина қийинчилик билан қўлга киритилишини ё билишмайди ёки билишни исташмайди.

— Қайнонам хонадонидан чиқиб, алоҳида яшай бошлаганимизда бизга бир чойнак, 2 та коса, 2 та пиёла беришган эди,—дея эслайди пешкўлик Розия биби Раимова.—Уч норасида гўдагимга битта коса, битта пиёлада навбати билан чой ичириб, овқат едирардим. Эрим билан ўз олдимизга рўзғоримизни бут қилишни мақсад қилиб қўйиб, далада тиним билмай меҳнат қилдик. Ойлик маошларимиз эвазига бирин-кетин аввал рўзғор анжомлари, кейинчалик каравот, палос, парда харид қилдик. Меҳнат орқасидан топилгани учунми, ҳар бир буюм биз учун ниҳоятда қадрли, ардоқли саналар, баъзан болалар билиб-билмай пиё-лами, косаними синдириб қў-йишса юрагим чил-чил бўларди.

Ҳа, меҳнат билан топилган ноннинг таъми ширин, мазаси ўзгача бўлади. Онаси берган сепу сарполарга осонгина эга бўлиб, мақсадсиз, ¬интилишсиз яшаётган йигит-қизлар ҳам буюмга шунчалик ичлари куярмикан? Албатта, йўқ! Бели оғримаганнинг нон ейи¬шини кўр, деганларидек, улар бирини икки қилиш эмас, борини еб тугатиш билан овора.

Яхши емай, яхши киймай эзгу ниятлар билан сеп йиққан она ўзи билмаган ҳолда фарзандини танбал, текинхўр қилиб қўйганини анг¬лаб етармикан?

— Яқинда маслаҳат сўраб ёнимга бир йигит келди,—дейди Қоровулбозор туман ФҲДЁ бўлими мудираси Дилдора Зиёдуллаева. — Хафалиги сабабини қуйидагича баён этди: қурилишда ишлайман, уйланганимга уч ой бўлди. Бир куни ишдан ҳориб-чарчаб келиб, диван каравотга ёнбошласам хотиним: "Кир-чир ҳолда каравотга ётманг, менинг ота-онам меҳнати эвазига келганда, қадрини билмайсиз", деб миннат қилди. Индамадим. Қарасам, кун ўтгани сайин уйдаги барча буюмни "меники, сеники" қиляпти. Онаси қилганини нуқул юзимга солгани солган. Охири чидай олмай юзига бир тарсаки солдимда, "Э, боре, ўша онангникига" деб юборганимни билмай қолдим. Шу-шу ҳозир онасиникида, бориб узр сўрашга йигитлик ғурурим йўл қўймаяпти. Ажрашсаммикан?

Кўриниб турибдики, турмуш қурганига ҳеч қанча вақт бўлмай туриб бу ёшлар ўртасида ажралишлар юз бераётганига ота-оналар қилаётган қимматбаҳо сеплар, ҳашамату дабдабалар сабаб бўлмоқда.

Хўш, мана шу иллатнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

— Мен аввало жойлардаги нуроний отахону онахонлар маслаҳатига, ўгитига қулоқ солиш керак, деб ўйлайман,—дейди "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими мутахассиси Аҳад Жумаев.—Маҳалла кайвонилари, қишлоқ оқсоқоллари, имом-хатиблар, "Нуроний" жам¬ғармасининг ¬жойлардаги жамоатчилик марказлари мутасаддилари никоҳ маросимларига бош-қош бўлиб, янги оила қураётган ёшлар ота-оналарининг яқин кўмакчисига айлансалар, ортиқча исрофгарчилик, дабдабабозликларнинг олди олинган бўлур эди. Қолаверса, ёшларимиз ҳам ўз тақдирлари учун ўзлари жон куйдиришлари, катта сарф-харажатларга ҳозирлик кўраётган ота-оналарига "биз ўз рўзғоримизни ўзимиз тиклашга қодирмиз, ундан кўра сизлар санаторий, курортларга бориб соғлигингизни тикланг, даволанинг, не керак бўлса ишлаб-ишлаб ўзимиз топамиз" дейишса, албатта ота-она кўнглидаги айни муддао бўларди.

Хулоса ўрнида улуғ шоиримиз Ғафур Ғуломнинг қуйидаги мисраларини келтириб ўтмоқчиман:

Тақдирин қўл билан

яратар одам,

Ғойибдан келажак

бахт бир афсона.

Саодат инсоннинг

ўз ҳунаридир,

Тақдирнинг қудрати

эмас баҳона.

Зуҳра ҚУРБОНОВА.

:: орқага № 90, 08.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.