Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Оила даврасида

Ҳар бир оила китобхон бўлсин

Президентимизнинг "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тар¬ғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори халқимиз, айниқса, ёшларни китоб ва китобхонлик борасидаги дунёқарашини янада кенгайтиришга қаратилгандир. Демак, китобга, унинг мутолаасига муносабатни ўзгартириш вақти келди. Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда кўп оилаларда китоб ўқиш учинчи ёки тўртинчи даражага тушган эди. Кўпчилик ота-оналар фарзандларига, яқинларига туғилган кун, байрамларда қимматбаҳо буюмлар совға қилишади. Аммо уларга китоб совға қилиш эса эътибордан четда қолади.

Ёшим 80 га етай деб қолди. Шахсий кутубхонам бор. Китобларимни алоҳида жавонда сақлайман. Уларни педагогика, тарих, сиёсат, бадиий асарлар, ислом дини, мусулмончилик одоби каби бўлимларга ажратганман. Китобларимнинг сони 400дан ортиқ. Улардан фарзандларим, невараларим, эвараларим, уларнинг дўстлари, қўни-қўшни, ўқитувчи-шогирдларим ҳам фойдаланадилар. Шундай кезларда уларнинг қалбига бир қатимчалик бўлса-да зиё нурини бағишлаётганимдан дилим равшан тортади.

Яна доноларда шундай гап бор:

Ахтариб чиқсанг-да бутун дунёни,

Тополмайсан китобдан яхши совғани.

Мен шу сўзларга умр бўйи амал қилиб келмоқдаман. Фарзандларимдан тортиб яқин дўстларимгача туғилган кунлару байрамларда уларнинг ёшига, қизиқишига, касбига мос китоб совға қиламан. Бу анъанани улар ҳам давом эттирмоқдалар. Атоқли адиб Асқад Мухторнинг "Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани" деб айтган сўзларини такрорлашдан чарчамайман. Бу гап замирида олам-олам маъно мужассам. Китоби бўлса-ю, уни шунчаки бир уй жиҳози сифатида жавонларга териб қўйса, бу нодонликдан ҳам ёмон иллат, кибрнинг этагидан тутган билан баробардир. Яқинда телевизордан бир онахоннинг "Қизларимизнинг сепига китобни ҳам қўшайлик" деган даъвати кўпчилик қатори мени ҳам жуда қувонтирди. Зеро, шунда қизларимиз қалби молпарастликдан тозаланиб, илм нури билан зийнатланарди.

Азиз ота-оналар! Ҳурматли газетхонлар! Аввало, ўзингиз китоб ўқинг, уларни фарзандларингизга олиб беринг ва мутолаа маданиятини шакллантиринг. Оилангизда шахсий кутубхона ташкил этинг. "Китоб—офтоб", дейдилар. Офтоб ер юзини чароғон қилганидек, китоб дилингиз ва руҳингизни ёритади. Яхшилик сари етаклайди, ҳаётингизни тўғри йўлга солади.

Шоир айтганидек:

Дунёда энг яхши дўст билсанг, китоб,

Ҳаётинг равшан этар мисли офтоб.

Қайси фазилатин таъриф этай,

Изласанг минг бир саволга бор жавоб.

Ўтмишу келажакнинг кўзгуси — у,

Инсоннинг олижаноб сезгиси — у.

Кимки ундан юз ўгирса, дўстгинам,

Дунё лаззатидан безгиси у.

Марат АХМЕДОВ, Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи. Ғиждувон тумани.

:: орқага № 80, 04.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.