Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Тиббиёт

Юрак-қон томирларини стентлашучун хорижга чиқишнинг ҳожати йўқ Бу замонавий усул Бухорода ҳам амалга оширилмоқда

Вилоят кўптармоқли тиббиёт бирлашмаси кенг фаолиятли жарроҳлик бўлимида юрак-қон томир касал¬ликларини даволаш ва улар олдини олишнинг замонавий усули жорий этилди.

Суратда: юрак қон-томирларини стентлашни амалга ошириш пайти. Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

Юрак-қон томирларини стентлашучун хорижга чиқишнинг ҳожати йўқ

Бу замонавий усул Бухорода ҳам амалга оширилмоқда

Вилоят кўптармоқли тиббиёт бирлашмаси кенг фаолиятли жарроҳлик бўлимида юрак-қон томир касал¬ликларини даволаш ва улар олдини олишнинг замонавий усули жорий этилди. Бу шифохонада жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган универсал ангиография тизими, яъни тиббиёт аппаратлари мажмуи ўрнатилгани билан боғлиқ.

Организмдаги катта яъни аорта ва ўрта-ю кичик, хуллас, минглаб томирларда қон айланиши билан тирикмиз. Уни таъминлашдек катта вазифа эса муштингиздек келадиган юракнинг зиммасига тушади. У бир дақиқада тахминан 5,5 литргача қонни ҳайдайди. Бу бебаҳо суюқлик айланишининг бузилиши организмга, жумладан мия фаолиятига хавф солади ва юрак ишемик касаллиги, миокард инфарктини келтириб чиқаради.

Бу хасталикларнинг асосий сабаблари нимада?

—Соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик юрак қон-томирлари касаллик¬ларига олиб келувчи ягона омилдир,¬¬—дейди кардиожарроҳ Шермуҳаммад ¬Турсунов.—Камҳаракатлилик, ортиқча семизлик, кашандалик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш буларнинг ҳаммаси юрак фаолиятини аста-секин издан чиқаради. Организм барча аъзоларидаги унга туташ томирларда холестеринларнинг тиқин пайдо қилиши оқибатида юрак, мия, ўпка, буйракка қон яхши етиб бормайди. Албатта, врачлар юрак ишемик касалликларини дори-дармон билан даволаш ёки унинг олдини олишни тавсия этишади. Аммо шифохонадан чиққач, соғлом турмуш тарзига, парҳез меъёрларига риоя қилмаслик оқибатида хас¬талик танангизга янада қаттиқроқ ёпишади. Бунда қон томирлари 50 фоиздан ортиқ даражада торайса, улардаги атеросклероз пилакчалари, боз устига қаттиқ бўлса, дори-дармонлар, муолажалар кутилган самарани бермаслиги аниқ. Охир-оқибат жарроҳлик аралашуви ҳаётни сақлаб қолишнинг ягона йўлига айланади.

Таъкидлаш керак, Президентимиз томонидан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ¬давомли ислоҳотлар, соҳа моддий -техника базасининг мустаҳкамланиб, даволашнинг замонавий усул ва технологиялари жорий этилиши, жумладан, юрак ишемик касалликларини самарали даволашга хизмат қилмоқда. Масалан, пойтахтдаги қатор шифохоналарда ва Урганч ҳамда водийда юрак томирларини стент¬лаш орқали қон айланишини яхшилаш йўлга қўйилди.

Яқинда Бухорода ҳам янги илғор усул амал қила бошлади.

Албатта, касалликни бартараф этишда ташхисни аниқ қўйиш лозим бўлади. Вилоят кўптармоқли тиббиёт марказининг ўтган йил ¬Инвестиция маблағлари ҳисобига қурилган кўпфункцияли жарроҳлик бўлими биносининг ангиография ва рентгенэндоваскуляр жарроҳлиги хизматида ўрнатилган универсал ангиографик аппаратлар бу ишни юқори даражада бажаради. Улар ёрдамида юрак-қон томири тизими ҳолати аниқланиб, баҳоланади. Мазкур ишни операцияларни амалга оширадиган жарроҳларнинг ўзи бажаради. Демакки, шифокорларда тегишли билим ва малака даражаси бор. Масалан, ¬Шермуҳаммад Турсунов Бухоро тиббиёт инс¬титутини тугатгач, А.М.Бакулев номидаги Москва юрак-қон томирлари жарроҳлиги илмий-амалий марказида ординатура ва аспирантурани тугатиб, мазкур муассаса раҳбари академик Лео Бокерия раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ёқлади. Бу ерда ишлаётган Шавкат Ҳамроев, Тоҳир Мусаев, Ғуломжон Холов, Жамшид Назаровлар янги замонавий аппаратларда ишлашни пухта ўзлаштиришган. Улар учун шу ернинг ўзида Тошкентдаги З.Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг бўлим раҳбари М.Зуфаров томонидан жарроҳлик амалиёти бўйича ўтказилган маҳорат сабоқлари ҳам жуда асқотди.

Бухоролик кардиожарроҳлар миокард инфаркти, инсульт, артериал гипертония, юрак тожи яъни коронар томирларнинг торайган ва ёпилиб қолган қисмига махсус симли чўзилувчан каркас ўрнатишни рисоладагидек уддалашяпти.

Янги усулдаги жарроҳлик йўналиши бошланганига бир ойдан ошди. Ўтган қисқа давр¬да бу ерда 50 нафардан зиёд кишида стентлаш амалиёти бажарилди.

—Бундан бир йил илгари инфарктга чалингандим,—дейди шундай беморлардан бири, Бухоро туманида яшовчи 54 ёшли Қурбон Асадов.— Даволандим, аммо аҳволим унчалик дуруст эмасди. Юрагимнинг доим оғриши хавотирга солар эди. Шифокорлар Тошкентда юрак- қон томиримни стентлашни тавсия қилишди. Қарангки, бу иш Бухорода амалга оширилаётгани айни муддао бўлди. Операция яхши ўтди. Баъзилар Ҳиндистонда стентлаш амалиётидан сўнг бемор уч кун ўтмай оёққа туриб кетишини айтишарди. Мен ҳам Бухорода шу муддатда уйимга қайтдим. Катта миқдорда доллар сарфлаб олис юртга боришнинг ҳожати йўқ. Стентлаш учун зарур бўлган маблағни сўмда тўласангиз, бас. Ҳозир соғ-лиғим яхши. Қон айланиши жойида. Тетикман.

Ангиографик тизим аппаратлари кўп функцияли. Бу ерда нафақат юрак, балки мия, ўпка, буйрак ва бошқа аъзолардаги касалликни ҳам ташхислаган ҳолда улар ҳолатини баҳолаш ва зарур бўлганда стентлаш бўйича жарроҳлик аралашувини ўтказиш мумкин. Яқинда ушбу бўлимда мия томиридаги муаммо шу йўл билан бартараф этилди.

Хуллас, замонавий даволаш усулининг самараси катта. У стенокардия хуружи қайталаниши давомийлигини камайтиради.Пировардида томирларида қон айланиши яхши бўлган киши ўзини бардам ҳис этади. Меҳнат қобилияти тикланиб, сизу биз каби тўлақонли ҳаёт кечиради.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 53, 01.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.