Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Тиббиёт

13 ноябрь — Тиббиёт ходимлари куни

13 ноябрь — Тиббиёт ходимлари куни

Мақсадимиз — тиббий хизмат сифатини ошириш

Юртимизда инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисоблангани боис, халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати йил сайин ошиб бормоқда. Ана шундай самарали натижаларни вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Айниқса, мамлакатимизда бирламчи тиббиёт тизимига қаратилган эътибор ва ғамхўрликлар касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш, шунингдек, уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги "Соғ¬лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармонига асосан жойларда қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди ва уларнинг фаолияти тобора такомиллашиб бормоқда. Вилоятимизда бугунги кунда 276 та қишлоқ врачлик пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Воҳамиз аҳолисининг 70,2 фои¬зига ҚВП тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиляпти.

ҚВПларнинг 177 таси ёки 64,1 фоизи янгидан қурилган замонавий биноларда, 99 таси эса мослаштирилган биноларда жойлашган. Бундай даволаш муассасаларининг барчаси электр энергияси ва сув билан таъминланган. 249 та ҚВПда компьютер (интернет), 273 тасида GSM мобиль алоқаси мавжуд. Қувонарлиси, "Саломатлик-2" лойиҳаси асосида вилоятдаги барча ҚВПлар замонавий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Бугунга келиб физиотерапия, лаборатория, ЭКГ, кундузги шифохона, муолажа хонаси, доя, патронаж ҳамшира ва умумий амалиёт шифокорлари учун алоҳида хоналар мавжуд. ҚВПларда фаолият юритаётган умумий амалиёт шифокорларини 17 турдаги ихтисослик бўйича малакасини ошириш ташкил этилди.

Кейинги йиллар давомида 520 нафардан ортиқ умумий амалиёт шифокори ўқитилди, жорий йилда эса 140 нафар врачни ўқитиш жараё¬ни давом эттирилмоқда. 2012-2016 йилларда умумий амалиёт шифокорлари касбий малакаларини ошириш натижасида оналар ва болалар ўлими камайди, аҳолининг умумий касалланиш ва ногиронлик кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайди. Ҳудудларда беморларни стационар (кундузги) даволаш 8 фоизгача камайди. Туғиш ёшидаги аёллар тўғрисидаги маълумотлар онлайн тизимида электрон базага киритилди. Айниқса, юқумли касалликларнинг олди олиниб, бундай хасталикларнинг кўрсаткичлари пасайди. Ҳозирда 136 та ҚВПда дорихона шохобчалари мавжуд, уларнинг 276 тасида фитобарлар фаолияти йўлга қўйилди. 276 та ҚВПга 2 тадан, жами 552 та кундузги даволаниш ўринлари ташкил қилинган бўлиб, уларда 2015 йилдан буён 15671 нафар бемор саломатлиги тикланди.

Инвестиция дастури бўйича кўпгина тиббиёт муассасалари бинолари таъмирланиб, янгича қиёфа касб этган бўлса, айримлари қайтадан реконструкция қилиниб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ушбу дастур бўйича 2015 йилда 32,4 миллиард сўм ва 2016 йилда эса 35,9 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Ҳозир вилоятимиз аҳолисига 4842 нафар шифокор ва 21 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатиб келмоқда. Йил давомида 1,5 миллиондан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. ¬Касаллиги аниқланган 450 минг нафардан ортиқ бемор амбулатор, стационар ва санаторий шароитида ¬соғломлаштирилди. Эътиборли жиҳатлардан яна бири, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Шифокорлар томонидан ҳомиладор аёлларнинг 94,3 фоизи ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасигача рўйхатга олиниб, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоят марказида фаолият юритаётган малакали мутахассислар тизимли равишда қишлоқ врачлик пунктларига бориб, 74,2 мингдан ортиқ аёлни тиббий кўрикдан ўтказдилар ва соғломлаштириш тадбирларини олиб бордилар.

Йил давомида 20 нафардан зиёд мутахассисларимиз хориж мамла¬катларининг нуфузли клиникаларида би¬лим ва малакаларини ошириб қайт¬дилар. Даволаш-профилактика муассасаларига "Саломатлик-3" ло¬йиҳаси асосида 3,5 миллиард сўмлик бюджетдан ташқари, топилган маблағлар ҳисобидан эса 2,1 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар киритилди. Буларнинг натижасида биргина жорий йилда 40 дан зиёд янги техноло¬гия¬ли жарроҳлик амалиётлари даволаш ишларига татбиқ қилинди.

Бунга юрак хасталиги, бош мия ва мураккаб бўғин соҳасидаги жарроҳлик амалиётларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Айниқса, замонавий хирургиядаги эндоскопик операциялар амалиётга кенг жорий этилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва тез тиббий ёрдам тизими шифокорларининг билим ва малакасини ошириш борасида ўзига хос тажриба шаклланди. Республика соғ¬лиқни сақлаш вазири томонидан Бухоро вилоятининг бу борадаги тажрибаси барча ҳудудларда татбиқ қилиниши юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Вилоятда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" ижтимоий акцияси, "Патронаж ойлиги" ва бошқа кўп¬лаб эзгу мақсадларга йўналтирилган тадбирлар халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Пойтахтимизнинг етакчи клиникаларидан жалб этилаётган профессор-олимлар "Маҳорат дарслари"ни олиб бораётганликлари маҳаллий мутахассисларимизнинг билим даражасини ошириш билан бирга, мураккаб операция жараёнларини ҳудудларда бажариш имконини бермоқда. Албатта, самарали фаолиятларимизни изчил давом эттириш мақсадида олдимизда қатор вазифалар турибди. Келгуси йил учун қарийб 40 миллиард сўмлик инвестиция лойи¬ҳалари тайёрланган бўлиб, қолган муассасаларда ҳам қурилиш ва реконструкция ишлари давом эттирилади. Қишлоқ врачлик пунктлари, узоқ ҳудудларда жойлашган тиббиёт масканлари иш сифатини, айниқса, патронаж тизими фаолиятини янада такомиллаштириши ҳамда тиббиёт муассасаларини янги замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, дори-дармон таъминотини яхшилаш каби масалаларга эътибор қаратишимиз зарур. Ўта юқори технологияли амалиётларни вилоятимиз даволаш муассасалари фаолиятига киритишни мақсад қилганмиз.

Хулоса қилиб айтганда, Ватанимиз равнақи ва халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилишни асосий бурчимиз, деб биламиз.

Икром АМОНОВ, вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Бола соғлом туғилса она бахтиёр

—Иккита ширингина қизалоғим бор. Уларни не-не азоблар билан қийналиб, дунёга келтиргандим. Тақдирнинг ҳукми билан учинчи фарзандим ҳам операция йўли билан туғиладиган бўл¬ди,—дейди шофирконлик Назокат Убайдова.—2016 йилнинг 19 сентябрида Бухоро шаҳридаги туғруқ комплексига келтиришди. Тажрибали шифокор Нигора Нажмиддинова очиқ чеҳра билан қарши олди. Текширувлар ва таҳлиллар натижасини ўрганиб, зудлик билан опера¬цияга тайёрлашди. Бир соат давом этган жарроҳлик амалиётидан сўнг кўзим ёриди. Гўдагимнинг тўрт мучасини соғ-саломат кўриб, ишонасизми, қў¬ли енгил шифокорлар хизматидан кўнглим тоғдек кў¬та¬рилиб кетди. Ахир, учинчи марта оғир операция тиғи остида фарзандим дунёга кел¬ди! Туғруқ комплексида яратилган шарт-шароитлар ва қу¬лай¬ликлардан, ¬айниқса, чақалоқларни пар¬вариш қи¬лиш учун барча имкониятлар яратилганидан мамнунмиз.

Дарвоқе, бир йилда 5 минг нафаргача чақалоқлар овози янграйдиган бу муассасада ҳар бир гўдак, ҳар бир она малакали врач назоратида. Қалби пок, ўз касбига сид¬қидилдан ёндашадиган, қўли енгил шифокорларнинг ҳар бир куни жасорат билан йўғрилгани, келажагимиз эгалари—гўдаклар сиҳат-саломатлигини таъминлашдек улуғвор мақсад йўлида меҳнат қилаётгани таҳсинга лойиқ. Ҳали дунё¬га келмасдан турибоқ, она қорнидаги болага ғамхўрлик кўрсатиш,аёлларга ҳар томонлама ёрдам бериш, туғиш жараёнининг асорат ва нуқсонларсиз, енгил ўтишига кўмаклашишдек муҳим вазифани бажараётган туғруқ мажмуасининг фидойи ходимлари кунни тунга улаб, ўз вазифасини астойидил адо этаётир.

Мазкур туғруқ маскани 120 ўринга мўлжалланган бў¬либ, тиббиётнинг энг илғор технологиялари билан жиҳозланган. Ўтган йиллар мобайнида соғ¬лиқни сақлаш тизимини тубдан ис¬лоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида туғруқхона барча талабларга жавоб берадиган даволаш муассасасига айланди.

Тиббиёт масканида ян¬ги туғилган чақалоқларни парваришлаш учун энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий технологиялар хизматидан фойдаланилади,—дейди туғруқ мажмуаси бош врачи Зайнаб Саидова.—Чақалоқларни сунъий нафас олдиришга мўлжалланган мослама сингари кўплаб тиббий асбоб-ускуналар нуқсон билан туғилган гўдакларни соғломлаштиришга қўл келмоқда. Шу кунга қадар бу ерда 4 минг 397 нафар бола дунё¬га келди.Туғруқ жараёнлари ҳеч қандай дори-дармонларсиз табиий йўл билан рацио¬нал йўсинда амалга оширилмоқда. Туғруқхонада ўз касбининг моҳир устаси бўлган ¬Нигора Мақсудова, Раъно Муҳаммедова, Муҳаббат Ходжаева, Аброр Бозоров каби тажрибали шифокорлар, Раъно Сувонова, Нигора ¬Исмоилова, Дилфуза Собирова ¬сингари дояларнинг хизматлари эъти¬рофга лойиқ.

—Бизда фарзанд туғилиши билан илк дақиқаларданоқ она гўдагига кўк¬рак тутади, — дейди акушерлик бўлими мудири Нигора Наж¬миддинова.— Чунки она сути турли микроэлементларга бой ва боланинг ҳаётий фаолияти учун ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган озуқа ҳисобланади. Муассасада иш олиб бора¬ётган "Она¬лар мактаби" фао¬лияти доирасида биринчи фарзандини кутаётган ёш оналарга бу ҳақда тушунтириб, фойдали маслаҳатлар бериб борамиз. Зеро, бу жиҳат болалар соғломлиги йўлида ташланган дастлабки қа¬дам¬дир.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири.

*Нишондорлар

Эл эъзозидаги шифокор

Суратда: Ҳ. Умрзоқова (ўнгда) патронаж ҳамширалар билан вазифалар ҳақида суҳбатлашмоқда.

Олот тумани, Бўрибек Чандир маҳаллалик уста деҳқон, тажрибали пахтакор Худди Умрзоқовнинг хонадонида туғилиб, воя¬га етган Ҳуснора мустақил ҳаёт остонасида шифокор бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганида ота-онасининг дуосини олиб, асло кам бўлмади.

—Майли, ўқи қизим, бизнинг оиламиздан ҳам дўхтир чиқсин. Илоҳим, элнинг хизматини қилиб, обрў-эътибор топ,—дейишганди ўшанда падари бузруквори ва меҳрибон волидаси.

Ўз қатъий нияти йўлида астойдил ҳаракат қилган Ҳуснора 1992 йили Тошкент тиббиёт педиатрия институтини битириб, Олот туман марказий поликлиникасида иш бошлади. Кейин икки йил мобайнида Бухоро шаҳар соғ¬лиқни сақлаш бошқармасида бош педиатр сифатида фаолиятини давом эттирди. Мана 22 йилдан ошибдики, ўзи учун қадрдон қишлоғидаги врачлик пунктида эл соғлиғига ¬посбон. Олти йилдан буён пункт мудираси. Юрт¬дошларимиз саломатлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлари, сидқидил хизматлари эътибордан четда қолмай, республикамиз мус¬тақиллигининг 25 йиллиги арафасида "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. У меҳнатлари шунчалик қадр топганини эшитганида, очиғи, қувончини ичига сиғдира олмади, кўзларига севинч ёшлари инди. Шу ҳаяжонли дамларда беихтиёр раҳматли ота-онаси — Худди бобо ва Дурдигул момоларни, уларнинг қачонлардир қилган дуо¬ларини эслади. Юрагининг туб-тубидан аллақандай илиқ ҳарорат сизиб ўтгандай бўлди... Оила аъзолари, қариндош-уруғлар, ҳамкасблар, қишлоқдошларнинг самимий табриклари унга бир олам севинч бағишлагани рост.

—Эр-хотин иккаламиз ҳам шифокормиз,—дейди оиласи ҳақида сўзларкан қаҳрамонимиз.—Турмуш ўртоғим Ҳайитбой Рўзиев ҳам врач. Шу боис суҳбатимиз кўпинча тиббиёт соҳасидаги илм-фан, амалиёт янгиликлари ҳақида кечади. Сир эмас, мустақиллик йилларида биз, шифокорларга ўқиб-ўрганиш, ишлаш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Бу эътиборни ҳар қадамда кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Масъулиятимиз янада ортгани ҳам бор гап.

Чиндан ҳам мамлакатимизда "Саломатлик" дастурлари доирасида катта ишлар қилинди. Бўрибекда биринчилар қатори барча талабларга жавоб берадиган тиббий пункт биноси қурилиб, юрак, кўз, қулоқ касалликларини текширадиган, қонни таҳлил қиладиган ва бошқа замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланди. Бу эса беморларнинг дардини аниқлаш ва ташхис қўйишда жуда ас¬қотмоқда.

—Энг муҳими, ўтган йилдан бошлаб патронаж хизматига эътибор кучайтирилганлигидир,—дейди суҳбатдошимиз.—Муҳаббат Ҳасанова, Нигора Ҳамроева, Гулширин Жў¬раева каби ходималаримиз доимо хонадонларда бўлиб, аҳоли соғлиги, яшаш шароити, уй-жойларнинг санитария ҳолатини назорат қилиб боришяпти. Сўнгги ўн йилда оналар, кейинги уч йилда болалар ўлими қайд этилмади. Вирусли гепатит ва бошқа юқумли касалликлар кескин камайди.

Икки нафар врач ва тўққиз нафар ҳамширадан иборат жамоа Бўрибекда истиқомат қилаётган 3628 нафар аҳоли соғлиги учун масъул. "Соғлом она ва бола йили" Давлат дас¬тури ижросини таъминлаш учун белгиланган барча тадбирлар муваффақиятли бажарилмоқда. Туғруқ ёшидаги 1067 нафар аёл, 954 нафар бола саломатлиги алоҳида назоратга олинган. Энг муҳими, туғилаётган чақалоқлар, уларнинг оналари соғлом. Бу нафақат келажак авлод баркамоллигидан, балки шифокорлар эришаётган натижалардан ҳам далолат, десак, асло янглишмаймиз.

Эл-юрт олдида, халқ соғлигини муҳофазалаш борасида қилинган самарали хизматлари муносиб баҳоланган тажрибали шифокор ҳақида ҳамкасбларидан ҳам илиқ фикрлар эшитдик.

—Ҳуснора Умрзоқова билимли, тажрибали, ташкилотчи ходималаримиздан бири,—дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ўткир Азимов.—Бўрибек қишлоқ врачлик пунк¬тида барча ишлар тартибли, ҳудудда аҳоли саломатлиги кўнгилдагидек. Шу боис мудирамиз юксак мукофотга сазовор бўлди. Бундан нафақат у, балки бирлашмамиз аҳли ҳам чексиз хурсанд.

Шу ўринда эътиборли бир факт. Сўнгги уч йилда туманда уч нафар врач давлат мукофотлари билан тақдирланди. Юқори Олот ҚВП мудираси Зумрад Бердиева "Эл-юрт ҳурмати", марказий шифохона болалар юқумли касалликлар бўлими реаниматологи Мурод Абдуллаев 2-даражали "Соғлом авлод", "Соғлом она ва бола йили"да эса Ҳуснора Умр¬зоқова "Меҳнат шуҳрати" ор¬дени билан мукофотланди. Дарвоқе, бундан бир неча йил олдин Зумрад Бердиева 2-даражали "Соғлом авлод" ордени, Ҳуснора эса 2012 йилда "Соғ¬лиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини ҳам олган эди. Мана шу муносиб рағбатлар олотлик шифокорлар фаолиятининг нечоғли муваффақиятли эканлигини исботлаб турибди, десак хато бўлмас.

—Камтарона хизматларим шунчалик эътибор топганидан жуда хурсандман. Бу мукофот менинг зиммамга эл саломатлиги йўлида янада ғайрат билан ишлаш масъулиятини юклайди,—дейди тажрибали врач, ташкилотчи раҳбар, уч нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, аҳил, тотув оиланинг бахтиёр бекаси Ҳуснора Умрзоқова.

Бундай эл эъзозидаги шифокорга, унинг ибрат олгулик оиласига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Ботир ЖУМАЕВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 93, 10.11.2016


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.