Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Тиббиёт

— юқумли касалликларга қарши курашда бепул эмлаш

Иммунопрофилактика

Ўзбекистон дунёнинг энг инсонпарвар-гуманитар давлатларидан бирига айланганлиги, бугунги кунда мамлакатда ўртача умр ёшининг ошиб бораётганлиги (2016 йил статистикаси бўйича 73,1 ёш), "Бахт индекси" бўйича 170 та давлат орасида 48- ўринга чиқиши, бир қатор касалликлар тарқалишининг (вабо, безгак, қизамиқ, дифтерия ва ҳ.к.) умуман бартараф этилганлиги билан ўз исботини топган. Соғлиқни сақлаш борасида бугунги кунда мамлакат миқёсида олиб борилаётган залворли ишлар орасида иммунопрофилактика тадбирлари ҳам муҳим ўрин тутади. Вилоят давлат санитария эпидемиология назорат маркази бош врачи Баҳодир БАРАКАЕВ билан қилган суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

— Баҳодир Жўраевич, аввало газетхонларимизга иммунопрофилактика тадбирлари ҳақида тушунча берсангиз?

— Иммунопрофилактика тадбирлари, бу юқумли касалликларга қарши курашда профилактик эмлаш демакдир. Бундай тадбирларнинг самарали ўтказилиши натижасида республикада, жумладан вилоятда 1995 йилдан бошлаб, полиомиелит касаллиги, 2002 йилдан дифтерия, чақалоқлар қоқшоли, кейинги 2 йил давомида қизамиқ ва қизилча касалликлари ҳамда вирусли гепатитнинг "В" тури 14 ёшгача бўлган болалар ўртасида қайд этилмади.

Бугунги кунда дифтерия (бўғма), кўк йўтал, қоқшол, қизамиқ, қизилча, полиомиелит, сил, эпидемик паротит (тепки), вирусли гепатит "В", гемофил инфекцияси (ХИВ), ротавирус ва пневмококли инфекцияларга қарши профилактик эмлашлар миллий эмлаш тақвимига киритилган бўлиб, шунга асосан янги туғилган чақалоқлар ва 16 ёшгача бўлган болалар оммавий эмлаш билан қамраб олинади.

Иммунопрофилактиканинг асосий мақсади махсус эмлаш воситалари билан бошқарилувчи ¬инфекцияларнинг йўқотилиши, юқумли касалликлар ва ўлим ҳолатларини камайтиришдир.

— Демак, эмлашлар асосан болалар орасида олиб борилар экан, шундайми? Айтинг-чи, бу эмлашлар мажбурийми? Улардан четда қолиб кетаётган оилалар ҳам борми?

— Албатта, глобал ижтимоий аҳамиятга эга бўлгани учун эмлашлар мажбурийдир. Халқимиз бунинг аҳамиятини тушунгани учун ҳам фарзандларини ихтиёрий равишда эмлашларга олиб келади ёки хонадонларига борган ҳамшираларга болаларини эмлатади. Юқоридаги кўрсатилган касалликларга қарши болалар ва ўсмирларнинг профилактик эмлаш тақвими асосида эмланиши вилоятимизда 99-95 фоизни ташкил этади. Фақат маълум сабабларга кўра мамлакатдан ташқарига вақтинча чиқиб кетган бир қисм аҳоли фарзандлари миллий эмлашдан четда қоляпти, улар ҳам имконият туғилганда, албатта, эмлашга жалб этилади.

Давлатимиз томонидан болалар соғлигини ҳимоя қилишда катта ғамхўрлик кўрсатилмоқда, эътиборлиси шуки, юқумли касалликларга қарши ўтказиладиган профилактик эмлашлар, албатта бепул ва ҳамма болаларга ўтказилади.

— Эмлашларни амалга ошириш механизми қандай ташкил этилган?

— Аввало, чақалоқ туғилгандаёқ туғруқхонада дастлабки эмлаш ўтказилади ва профилактик эмлашларнинг муддати, ўтказилиши тўғрисида "Иммунизация паспорти" ёки 063/х (профилактик эмлаш картаси) берилади. Ушбу ҳужжатда ўтказиладиган эмлашлар муддати қайд этилади ва у оилавий полик¬линикага юборилади.

Вилоятда барча даволаш-профилактика муассасаларида эмланган болаларни қайд этиш мақсадида 063/х ва 112/х, мактабларда эса 026/х тиббий ҳужжатлар тўлиқ юритилади.

Вакцинани сақлаш ва ташиш вақтида "совуқлик занжири"га (температура режимига, яъни +2С дан +8С гача шароитда) сақланишига риоя қилиш — вакцинанинг самарадорлиги ва эмлаш хавфсизлигини кафолатлашда энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Даволаш-профилактика муассасаларнинг барча врач ва ҳамширалари профилактик эмлаш тақвимини, эмлашга бўлган монеликлар, "совуқлик занжири" қоидаларига риоя қилишлари, эмлашдан кейинги асоратлар тўғрисида ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақида билишлари шарт.

— Эмлаш вакциналари барча қамраб олинадиган болалар учун етарлими? Билишимизча, улар чет элдан олиб келинаркан. Тиббиёт ходимлари орасида қинғирлик билан вакциналари пул эвазига ўтказиш ҳолатлари ҳақида эшитдик...

— Таъминот ҳақида гапирадиган бўлсак, айтишим мумкинки, вилоят учун ҳатто керагидан ортиқ миқдорда олиб келинган вакциналар мавжуд. Профилактик эмлаш тақвимига биноан эмлашларда хорижда ишлаб чиқарилган ва рўйхатдан ўтган, Ўзбекистон Республикасида ишлатишга рухсат этилган, сертификациясига эга бўлган вакциналар қўлланади.

Вилоятдаги профилактик эмлаш режасига асосан марказлашган ҳолда барча вакциналар эҳтиёжга асосан тўлиқ таъминланган.

Қинғирликларга келсак, аввало, бу ҳар бир тиббиёт ходимининг виждони ва халқимизнинг тиббий-ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ. Бизда бундай ҳолатлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин кимдир шу ҳақда билса, албатта, тегишли органларга маълум қилиши шарт, деб ҳисоблайман. Давлатимиз бепул эмлашларни таъмин этаётганидан халқимиз тўлиқ хабардор бўлиши керак.

Тўғри, аҳоли учун гепатитнинг айрим турларига қарши ихтиёрий пуллик эмлаш ҳам амалга оширилмоқда. Бу борада англашилмовчилик бўлса, фуқаролар вилоят ДСЭНМ ва унинг ҳудудий бўлимларидан, оилавий поликлиникалардан ёки вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳудудий тиббиёт бирлашмаларининг "Ишонч телефони"дан маълумот олишлари мумкин.

— Бугунги кунда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш миллий тақвим режасига кўра қай даражада амалга оширилмоқда? Эмлашлар самарадорлиги қандай?

— Дифтерия, қоқшол, кўк йўтал, вирусли гепатитнинг "В" турига ва ХИБ инфекцияларига қарши 1 ёшгача бўлган болаларнинг ўртача эмланиши 99,6 фоизни ташкил этади.

Шол касаллигига қарши эмланиш ҳам 99,6 фоизини ташкил этмоқда.

Сил касаллигига қарши эмланиш ўртача 99,8 фоизни, вирусли гепатитнинг "В" турига қарши чақалоқларнинг эмланиши 99,8 фоизни ташкил этади. Вилоятда 2 ёшгача бўлган болаларнинг дифтерия, қоқшол, кўкйўтал, шол касаллигига қарши эмланиши 99,2 фоизни ташкил этади. Қизамиққа қарши 6 ёшгача болаларнинг эмланиши 99,9 фоизни ташкил этади. АДС-М вакцинаси билан 7 ёшли болаларнинг эмланиши 100 фоиз амалга оширилган.

Шуниси қувонарлики, вилоят бўйича эмланган болалар ўртасида эмлашдан кейинги асоратлар кузатилмади.

Суҳбатдош: С. ҚОДИРОВ.

:: орқага № 58, 19.07.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.