Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Иқтисодиёт

Юрт сизни унутмайди, Ватан ўғлонлари!

2010 йилнинг сентябрида Ватанимиз шарқий сарҳадидаги чегара постларидан бирида рўй берган воқеа кўнгилларни ларзага солди. Хизмат вазифасини ўтаётган уч йигитнинг икки нафари чегара бўйлаб атрофни кузатишга кетишади. Постда эса бухоролик йигит Назиржон Эгамов қолади. Шу пайтда қўшни мамлакат ҳудудидан келаётган юкли уч машина пост олдида тўхтайди. Ҳайдовчилардан бири уларни Ўзбекистон ичкарисига ўтказиб юборишни талаб қилади. Назиржон бўйсунмайди ва ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узади. Шунга қарамай, машиналар чегарани бузиб, йўлда ғов бўлган Назиржонни туртиб, устидан босиб ўтишади. Шу орада ўқ овозини эшитган икки хизматдош ҳам етиб келади ҳамда ортдаги машинанинг баллонини нишонга олишади. Чегарабузарлар қўлга олинади.

Афсуски, 27 ёшли Назиржон шифохонага боришда йўлда ҳаёт билан видолашади. Икки ярим ёшли Гуласал ва уч ойлик Ҳурматилло етим, рафиқаси Нафиса бева қолди. Ота-она ҳам ҳали-ҳамон ўртанади.

Шофирконлик Назиржон Эгамов 2002—2004 йилларда Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисм-ларидан бирида йигитлик бурчини ўтади. Шундан сўнг у шартнома асосида шу ерда хизматни давом эттирди.Орада оила қурди, фарзандли бўлди.

Мард ўғлоннинг ҳалок бўл¬ганига етти йил тўлмоқда. Жудоликнинг азоби оғир. Лекин Яратган эгам бардошини ҳам бераркан.

—Ҳар гал оила аъзолари билан ўғлимнинг қабрига борганда, фарзандим билан диллашиб, "Сендан фахрланаман, Назиржон жигарим", дейман,—қалбидаги андуҳ ва ифтихорни изҳор этади унинг отаси Муродилла ака.—Ундан дўстлари ҳам фахрланади. Кўнглим кемтик. Лекин одамларнинг эътибори таскин беради. Ҳар байрамда маҳаллий ҳокимият ва ҳарбийлар вакиллари, маҳалладагилар йўқлаб туришади. Оиласи давлат эътиборида. Бухоро шаҳрида келиним ва неварамларимга уч хонали уй ажратишди.

Жондор тумани, Қоровул қишлоғилик Эркин Беҳбудов ҳам ҳарбий хизматни чегарада ўтарди. Жасоратли, дадил ва командирларининг топшириқларини бажаришда ўрнак эди. Ҳарбий хизматни ўташ чоғида—2000 йил 18 августида юртимиз ҳудудига суқилиб киришга уринган террорчиларга қарши ўтказилган операцияда снайперчи мерган сифатида ўзини кўрсатди. Ғаламис тўда аъзоларининг бир нечасини йўқ қилди. Афсуски, жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У ўшанда ўн тўққиз ёшга тўлган эди.

Эркин қишлоқдаги 25-мактабда таълим олган. Мазкур масканда жасур ўғлоннинг жанговар ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи бурчак ташкил этилган. Байрам арафасида Ватан фидойиси хотирасига бағишлаб сурати нақшланган мемориал ёдгорлик ҳам ўрнатилди. Бу ёшларни эзгуликка, ватанпарварликка ундайди, албатта.

Жасур аскарнинг отаси Ниёз ака Беҳбудов ва онаси Анора буви кичик ўғли ҳамда неваралари даврасида бахтиёр умргузаронлик қилаётир. Улар қишлоқнинг эътиборли инсонларидан. Яхши яшашяпти. Лекин қишлоқда кимдир нима биландир улар кўнглини олишга интиларкан.

—Баҳорнинг ўрталарида ўғлим таълим олган мактаб ўқувчиларидан бир гуруҳи келиб, ҳовлимиздаги мевали дарахтларни оқлаб кетишди,—дейди Ниёз ака.—Шу дарахтлардан биттасини Эркинжоним ўз қўли билан ўтқазган эди. Дарахтларим кўп, лекин ўғлим экканига меҳримиз бўлакча. У мен ва онаси, яъни Анора холангиз учун ёдгорлик. Шу ўрик данагидан ниҳоллар етиштирганман. Демак, ўғлимнинг боғи ҳаёт.

Эзгулик уруғи қалбни, юртни яшнатади. Хотира ҳам эзгуликдир. 9 май—Хотира ва қадр¬лаш куни арафасида бухоролик фидойи чегарачилар ёдига ҳам ҳурмат бажо келтирилди. Давлат ташкилотлари, жамоатчилик ва Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қў¬шинлари ҳарбий қисми вакиллари Назиржон Эгамов, Эркин Беҳбудов ва Бухоро шаҳрилик, яқинда хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган майор Акбаржон Файзиев хонадонларига ташриф буюриб, улар оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, совғалар топширишди. Мард ўғлонлар руҳи покига Қуръон оятлари тиловат қилиниб, юртимизда барқарор тинчлик ва осойишталик учун, фаровон ҳаётимизга шукроналик тилаклари айтилди.

Ҳа, юртимизда хотира азиз. Демак, юрт мустақил Ватанимиз чегаралари дахлсизлиги йўлида шаҳид бўл¬ган йигитларнинг номини абадул абад унутмайди.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 38, 10.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.