Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Иқтисодиёт

Сайёҳлик корхонасининг ўзгача меҳмонхонаси

Бухоро шаҳридаги "Аутентик Тревел" масъулияти чекланган жамияти—сайёҳлик корхонаси фаолияти кенгайди. Унинг уч қаватли "Grand emir residence" меҳмонхонаси ишга тушди.

Объект қурилиши учун ушбу туризм корхонаси томонидан 1 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.

16 хонадан иборат, 36 ўринли хизмат кўрсатиш объекти, айниқса, оилавий мижозлар учун қулай.

Ушбу меҳмонхонанинг мамлакатимиздаги турдош субъектлардан ўзига хос жиҳатлари кўп. Гап шундаки, ундаги хоналар рақамланмаган. Уларнинг ҳар бири мамлакатимизнинг қадимий ва йирик шаҳарлари ҳамда тарихимиз ва маданиятимизда муҳим ўрин тутган шоир ҳамда мутафаккирлар, халқ қаҳрамонлари номи билан аталади. Хонанинг эшиги, унинг ичкари деворлари тегишли шаҳарга хос бўлган миллий ёғоч ва ганч ўймакорлик безаклари, мумтоз асарлар қаҳрамонларининг сиймолари билан нақшланган. Бу ҳол мижозлар, айниқса, хорижлик сайёҳларда халқимизнинг миллий меъморчилик анъаналари ва санъатига катта қизиқиш уйғотади.

Меҳмонхонада кичик анжуманларга мўлжалланган мўъжазгина зал ҳам мавжуд.

Яна бир ўзига хос жиҳат шуки, бинонинг санитар тармоғи хорижда ишлаб чиқарилган энг замонавий экоқурилма билан жиҳозланган. У ювинишда фойдаланилган сувни тозалаб, кимёвий ишлов берган ҳолда техник сув сифатида ишлатиш имконини беради. Шу тариқа оби-ҳаёт сарфи қарийб икки баравар тежалади.

— Шу пайтгача биз туризм оператори сифатида хорижлик сайёҳларни Бухорога таклиф этиш, кутиб олиш, ҳамкор турфирмаларнинг меҳмонхоналарига жойлаштириш, туристик йўналишлар бўйлаб сафарни ўз транспортимизда амалга ошириш билан шуғулланиб келардик,—дейди масъулияти чекланган жамият раҳбари Суҳроб Бобокалонов.—Эндиликда эса мижозларимизга меҳмонхона хизматини ҳам кўрсатяпмиз.

Таъкидлаш жоиз, вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш ҳудудий дастурига мувофиқ, сайёҳлик равнақ топиб, унинг инфратузилмаси мустаҳкамланиб бораётир. 2016 йилда воҳада меҳмонхоналар сони 4 тага кўпайиб, 106 тага етди. Уларнинг аксарияти хусусий корхоналардир. Янгиларини қу¬риш ва фаолият кўрсатаётган учта меҳмонхонани кенгайтириш ҳисобига қарийб 300 та қўшимча ўрин ташкил этилди. Бугунги кунда вилоятдаги қўшма корхона мақомли, хусусий, оилавий ва бошқа мулкчилик шаклидаги меҳмонхоналар кунига 4500 нафардан зиёд кишига хизмат кўрсата олади.

—Мамлакатимиз Президенти томонидан 2016 йил 2 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг туризм-соҳасини янада ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида,— дейди "Ўзбектуризм" миллий компаниясининг Бухоро минтақавий бўлими бошқарувчиси Шерзод Маҳмудов, мазкур соҳа субъектлари учун янада қулай имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Бу эса бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятимизда ҳам туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишга кенг йўл очади. Жорий йилда янги сайёҳлик операторларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг 10 та хусусий меҳмонхона очиш бўйича лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш орқали соҳа индустриясини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 1, 01.01.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.